топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Меҳнат муносабатларида компенсациялар

Конституция - бахтимиз қомуси
Қонунчилик
Рахимов Мирёқуб
Тошкет давлат юридик университети ўқитувчиси
 
Меҳнат муносабатларида компенсациялар
<strong >                                                                                 
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланган. Ходимлар, иш берувчилар, давлат манфаатларини эътиборга олган ҳолда, меҳнат бозорининг самарали амал қилишини, ҳаққоний ва хавфсиз меҳнат шарт-шароитларини, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва соғлиғи ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилаган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Бугунги кунда бозор муносабатлари шароитида ходим ва иш берувчи ўртасида меҳнат муносабатлари юзасидан бир қатор низолар келиб чиқмоқда. Мазкур меҳнат низолари орасида етказилган зарар учун тўланиши керак бўлган компенсацияларни ундириш тўғрисидаги ишлар ҳам бир қанчани ташкил этмоқда. Меҳнат муносабатларида компенсация тушунчаси кенг қўлланилади. Компенсация (лотинча сompensâtio — қопламоқ, тенглаштирмоқ) қонун ҳужжатларига биноан, меҳнат ва бошқа мажбуриятларини бажариш жараёнида ходимга етказилган зарарни қоплаб бериш учун ажратиладиган пул тўловидир.
Ю.Турсуновнинг фикрича, компенсация тўловлари деганда ходим томонидан корхона манфаатлари йўлида қилинган моддий сарф-харажатлар иш берувчи томонидан қопланиши тушунилади ва бу тўловнинг мақсади ходим ва унинг оила аъзолари моддий манфаатларини ҳимоя қилиш, ишлаб чиқаришда қатнашишлари оқибатида зиён кўришларига йўл қўймасликдан иборат[1].
Ҳуқуқшунос олим И.А.Данилина – Пустошинскаянинг фикрича, компенсация ва меҳнат учун тўланадиган ҳақ бир биридан фарқланади. Меҳнат учун тўланадиган ҳақнинг пировард натижаси меҳнат жараёни ва иш натижалари асосида белгиланcа, компенсация эса ходимга меҳнат мажбуриятларини бажариш жараёнида ўз ҳисобидан қилган мулкий ва номулкий характердаги харажатларни қоплаш учун тўланадиган тўловлардир[2].
В.С. Короткованинг фикрича, компенсация тўловлари ходим томонидан қилинадиган ҳақиқий моддий харажатлар ва сарфланиши лозим бўлган харажатлар эҳтимолини камайтириш мақсадида тўланадиган компенсациялар каби турларга бўлинади[3].
Хусусан, компенсациянинг ҳуқуқий тушунчасидан меҳнат ҳуқуқининг бошқа иш вақти, дам олиш вақти, иш ҳақи, меҳнат муҳофазаси каби институтларидек кенг фойдаланилмайди. Бу факт компенсацияни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини ифодалайди[4].
Судларда меҳнат низоларини кўриб чиқишда ходимларнинг моддий зарар учун компенсация тўлаш тўғрисидаги талаблари кенг қулоч ёймоқда. Шу боис, ушбу тушунча ҳуқуқий нуқтаи назардан нимадан иборатлигини билиш меҳнат шартномасининг иккала тарафи учун ҳам муҳим ҳисобланади[5].
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида компенсация тушунчаси қўлланилиб, унинг турлари кўрсатиб ўтилган бўлсада, компенсацияга юридик таъриф берилмаган. Компенсация атамаси юридик категория сифатида Россия Федерацияси Меҳнат кодексининг 164-моддаси, Беларусь Республикаси Меҳнат кодексининг 90-моддасида, Туркманистон Республикаси Меҳнат кодексининг 144-моддаларида ўзининг аксини топган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 58-моддасига биноан, давлат фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини амалга ошириш кафолати сифатида ходим бошқа жойдаги ишга қабул қилинганда моддий харажатлар учун қонун ҳужжатларига мувофиқ компенсация тўлаш имкониятини кафолатлайди. Ўзбекистон Респубдикасининг Меҳнат кодекси, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 2 апрелдаги 154-сонли қарори билан тасдиқланган «Ходимларнинг шахсий автомобилларидан хизмат мақсадлари учун (хизмат сафарларидан ташқари) фойдаланганлик учун компенсация тўлаш» тартиби, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 апрелдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган “Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқароларга бериладиган ҳақ-ҳуқуқлар, пул компенсациялари ва имтиёзлар рўйхати”, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2010 йил 5 февралдаги 10-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа, фуқароларнинг айрим тоифаларига уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ойлик компенсация пул тўловлари ҳамда бола туғилганида бериладиган бир йўла нафақани тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш тартиби тўғрисида”ги низомларда ходимга тўланадиган компенсациялар ва уларни тўлаш тартиби белгилаб қўйилган.
Шу ўринда амалиёт материалларига эътибор қаратадиган бўлсак, 2012 йил август ойининг 6 куни фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туманлараро судининг очиқ суд мажлисида меҳнат низолари юзасидан фуқаролик иши кўриб чиқилиб қуйидагилар аниқланган. Судга З. Каландарова жавобгар Тошкент темир йўл муҳандислари институтига (кейинги ўринларда — ТошТЙМИ) нисбатан суд қарорига кўра ундирилиши лозим бўлган маблағни тўлашга мажбурлаш, иш ҳақини, мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш, маънавий зарар учун компенсацияни ундириш, меҳнат дафтарчасини ўзгартиришлар киритиш ёки унинг дубликатини бериш, шунингдек, пенсияни қайта ҳисоблаш учун иш ҳақи тўғрисида маълумотнома бериш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилган. Ўз талабларида 1976 йилнинг августидан буён ТошТЙМИ “Олий математика” кафедрасининг ассистенти бўлиб ишлагани, 1992 йил 6 февралдаги 44-сон буйруқ билан 1991 йил 1 сентябрдан ишдан бўшатилганлигини, Тошкент шаҳар судлов ҳайъатининг 1993 йил 13 июлдаги ҳал қилув қарори билан ишга тикланиб, жавобгардан унинг фойдасига мажбурий прогул учун 342.900 сўм миқдорда ўртача иш ҳақи ундирилганлигини, мазкур ҳал қилув қарорига асосан у 1993 йил 14 июлдаги буйруқ билан аввалги лавозимига ишга тикланганлигини лекин буйруқда мажбурий прогул учун тегишли суммани тўлаш ҳақида ҳеч нарса кўрсатилмаганлигини, шу билан бирга меҳнат дафтарчасида ишдан бўшаш ҳақидаги 10-сон ёзувдан кейин 1993 йил 17 августдаги 11-сон ёзувида “Пенсияга кетиш муносабати билан берган аризасига мувофиқ ишдан бўшатилди” деган ёзув қайд қилинган бўлсада, 1993 йил 14 июлдаги буйруқ асосида ишга тиклаш тўғрисида ёзув меҳнат дафтарчасида мавжуд эмаслигини, кейинчалик Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 1993 йил 25 августдаги ажрими билан 1992 йил 6 февралдан меҳнат муносабатларини бекор қилиш ва 1991 йил сентябрдан 1992 йил 6 февралгача бўлган даврдаги мажбурий прогул учун 148.590 сўм ундириш ҳақида қарор қабул қилинган бўлсада, бу сумма ҳам институт томонидан тўланмаганлигини баён қилиб, жавобгарни тегишли тартибда Олий Суд судлов ҳайъатининг мажбурий прогул учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги ажримини ижро этишга мажбурлаш ва ушбу суммани индексацияни ҳисобга олиб ундиришни, шунингдек, жавобгардан 1991 йилдан 1993 йилгача ишлаган вақт учун иш ҳақини ундириш индексацияни ҳисобга олиб, меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермаганлик оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш ва пенсияни қайта ҳисоблаш учун иш ҳақи тўғрисида маълумотнома беришни юклашни сўраган. Суд жараёнида З. Каландарова ўз талабларига қўшимча қилиб жавобгардан 10.000.000 сўм миқдорда маънавий зарар учун компенсация, меҳнат дафтарчасига ўзгартириш киритиш ёки унинг дубликатини беришни сўраган. Судда З. Қаландарова даъво талабларини қувватлаб, уларни тўлиқ қаноатлантиришни сўраган.
Суд томонидан Каландарова Зина Рустамовнанинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилган. Тошкент темир йўл муҳандислари институтидан Каландарова Зина Рустамовнанинг фойдасига Ўзбекистон Республикаси Олий Суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 1993 йил 25 августдаги ажрими билан ундирилган сумма ҳисобидан 409.576,55 сум, шу билан бир қаторда маънавий зарар компенсацияси учун 250.000 сўм ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилган[6].
Амалдаги меҳнат қонунчилиги нормалари таҳлил қилган ҳолда уларнинг мазмунидан келиб чиқиб компенсацияларни икки гуруҳга ажратиб ўтишимиз мумкин.
Биринчи гуруҳ меҳнат шартномаси амалда бўлган ёки бекор қилинаётган даврда тўланадиган компенсациялар:
– тугатилаётган корхоналарнинг маблағи бўлмаган тақдирда, ходимларга иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланадиган компенсациялар
– меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантиришнинг муддати алмаштирилганда тўланадиган компенсациялар, шу билан бир қаторда тиббий хулосага кўра мазкур ишни бажариш ходимнинг соғлиғига тўғри келмаслиги, меҳнат шартномаси ходимнинг соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши муносабати билан бекор қилинганда, огоҳлантиришларсиз ходимга икки ҳафталик иш ҳақи миқдорида тўланадиган компенсациялар
– меҳнат шартномаси ходим айбли хатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилинган ҳолларда, иш берувчи томонидан меҳнатга оид муносабатларнинг бекор қилиниши тўғрисида хабардор қилиш муддатига (камида уч кун олдин) мутаносиб тарзда тўланадиган компенсациялар
иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун, дам олиш, байрам (ишланмайдиган) кунлари бажарилган ишлар ҳамда фойдаланилмаган таътиллар учун тўланадиган компенсациялар
ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ қўшимча харажатлар — хизмат сафари, кўчиб юриш, бошқа жойдаги ишга кўчиб бориш харажатлари ҳамда ходимга тегишли мол-мулкдан фойдаланилганда қилинадиган харажатлар учун тўланадиган компенсациялар.
Иккинчи гуруҳ меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейинги даврда тўланадиган компенсациялар:
–ходим билан ғайриқонуний тартибда меҳнат шартномаси бекор қилинганда ёки ходим бошқа ишга ўтказилганда судга шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (мутахассислардан маслаҳат олиш, иш юритиш учун кетган харажатлар ва бошқалар) учун тўланадиган компенсациялар
–ходим билан ғайриқонуний тартибда меҳнат шартномаси бекор қилинганда ёки ходим бошқа ишга ўтказилганда маънавий зарар учун тўланадиган компенсациялар.
ходимнинг касб касалликлари ва бошқа касалликларга чалиниш эҳтимоли билан боғлиқ ҳолда ходимга бериладиган компенсациялар
– ходимнинг соғлиғига шикаст етиши билан боғлиқ қўшимча харажатларнинг компенсация
Шу ўринда қайд этиш керакки, компенсация миқдори меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа шартномаси, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув ёки ходим билан тузилган меҳнат шартномасидан келиб чиқиб белгиланади. Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексининг
102-моддасига биноан, меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинаётганда ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан ушбу модда биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларида назарда тутилган огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин. Агар тиббий хулосага кўра мазкур ишни бажариш ходимнинг соғлиғига тўғри келмаса, меҳнат шартномаси ходимнинг соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши муносабати билан бекор қилинганда, ушбу модда биринчи қисмининг 2-бандида назарда тутилган огоҳлантириш талаб қилинмайди. Бундай ҳолда ходимга икки ҳафталик иш ҳақи миқдорида компенсация тўланади. Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси корхона мулкдори алмашиши сабабли бекор қилинганда янги мулкдор уни меҳнатга оид муносабатларнинг келгусида бекор қилиниши тўғрисида камида икки ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши ёки унга шунга мутаносиб компенсация тўлаши шарт.
Меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилганда ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказганда суд иш берувчи зиммасига Меҳнат кодексининг 102-моддасига биноан, етказилган маънавий зарар учун ходимга компенсация тўлаш мажбуриятини юклайди. Суд томонидан белгиланаётган компенсация миқдори ходимнинг ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас. Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 151-моддасида фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация тўлаш тартиби белгилаб қўйилган. Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади. Ходимларга иш даврида, уларнинг хоҳишига кўра, йиллик таътилнинг Меҳнат Кодекснинг 134-моддасида белгиланган энг оз муддатидан (ўн беш иш кунидан) ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланиши мумкин. Ижтимоий таътилларнинг барча турларидан, шунингдек Кодекснинг 137-моддасида белгиланган меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишлар учун бериладиган йиллик қўшимча таътиллар ва 138-моддасиданазарда тутилган оғир ва ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун йиллик қўшимча таътиллардан асли ҳолида фойдаланилади ва уларни пуллик компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси
151-моддасига биноан йиллик таътиллар даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш кафолатланади.да
Юқоридагилардан келиб чиқиб амалдаги Меҳнат кодексида компенсация тушунчасини аниқ кўрсатиб ўтиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Шу туфайли компенсация атамасига қуйидагича таъриф берамиз. Компенсация меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига биноан, меҳнат ва бошқа мажбуриятларини бажариш жараёнида ходимга етказилган зарарни иш берувчи томонидан қоплаб бериш учун ажратиладиган пул тўловидир. Мазкур тушунчанинг Меҳнат кодексида ўз аксини топиши компенсациянинг меҳнат муносабатларидаги пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар, кафолатли тўловлар каби тўлов шаклларидан фарқли томонларини кўрсатиб туради.
 



[1]Турсунов Ю. “Меҳнат ҳуқуқи”. Дарслик. –Т.: ТДЮИ 2011 й. 229-бет

[2]Данилина – Пустошинская И.А. Особенности регулирования труда лиц, занятых на сезонных работах. Автореферат дис…канд. юрид. наук. М., 2010. С. 21 — 22.

[3]Зайцева Л.В. Трудовые гарантии и компенсации: проблемы единообразия толкования // Международные юридические чтения. Материалы научно-практической конференции. Омск, 2006, Ч. 5. С. 24.

[4]Домрачева О. Проблемы классификации компенсаций за вредные и опасные условия труда //Кадровик. Трудовое право для кадровика. 2011. № 7. С.11.

[5]Меҳнат ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган низолар: Амалий қўлланма // Практическое пособие по спорам вытекающим из трудовых правоотношений: практическое пособие / Х. Ёдгоров, Г. Зиганшина, Ш. Ахатова.— Тошкент: Baktria press, 2016.102-бет

[6]Меҳнат ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган низолар: Амалий қўлланма // Практическое пособие по спорам вытекающим из трудовых правоотношений: практическое пособие / Х. Ёдгоров, Г. Зиганшина, Ш. Ахатова.— Тошкент: Baktria press, 2016.143-146-бетлар

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.