топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Конституция ва ҳуқуқий маданият

Конституция - бахтимиз қомуси
Қонунчилик


Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ кучли  демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш масаласи Президентимиз Ислом Каримов томонидан асосий вазифа этиб белгилаб берилди. Ўтган йигирма йилдан зиёд вақт давомида юртимизда ҳуқуқий давлат қуриш йўлида муайян натижаларга эришилганини эътироф этган ҳолда, бу борада ҳали олдимизда жуда кўп ишлар турганини ҳам қайд этиш жоиз.

Давлатимиз раҳбари бу йўлда қўйилган дастлабки қадамларга тўхталар экан, “Биз, энг аввало, ҳуқуқий асосни тайёрладик. Жамиятимизнинг асосий ақидалари, унинг сиёсий, иқтисодий ва маънавий йўналишлари белгилаб берилган Конституциямиз ҳам ана шу асосга қурилган. Биз қонунчилик базасини барпо этиб, бутун давлат тузилмасини ўзгартирдик”[1], деб қайд этади. 
Биз қачонки “демократик давлат” деган иборани айтадиган бўлсак, албатта, “ҳуқуқий” деган сўзни ҳам қўшиб ишлатамиз. Бугунги кунда халқимизнинг сиёсий онги ошиши билан “ҳуқуқ” деган сўз ва унга боғлиқ бўлган “ҳуқуқий давлат”, “ҳуқуқий онг”, “ҳуқуқий маданият”, “инсон ҳуқуқлари маданияти” каби истиқлол даври учун янгилик бўлган муҳим тушунчалар ўзида ифода қиладиган мақсадни теран англаш, бу тушунчаларнинг моҳиятига янада чуқур етиб бориш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маълумки, ҳуқуқ  – давлат иродасини ифодалайдиган ва уни куч билан ҳимоя қиладиган умумий мажбурий нормалар мажмуи (тизими). Ҳуқуқ аввало феъл-атвор нормалари ёки қоидалари мажмуаси, аниқроқ қилиб айтганда тузилмасидир. Шу маънода, ҳуқуқ эркинлик меъёрини белгилаб ёки чегаралаб, мажбурият юклаб ва аниқлаб, кишилар фаолиятини ижобий йўналтириш учун уларнинг феъл-атворига фаол таъсир кўрсатади.
Ҳуқуқий давлат– жамиятнинг иродасини ифода этувчи ва уни акс эттирувчи, қонуннинг устуворлигига асосланган умумий ташкилотдир. Ҳуқуқий давлат – ҳуқуқнинг ҳукмронлиги ва устуворлиги, ҳокимият ваколатларининг бўлиниши, суднинг мустақиллиги таъминланадиган, ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлари иши самарали бўлган, ҳақиқий халқ ҳокимияти, юқори даражадаги сиёсий-ҳуқуқий маданиятга эришган демократик давлат.
Ҳуқуқий давлат давлатнинг ривожланганлик даражасини белгилаб беради ва унинг қуйидаги белгилари мавжуд:
биринчиси,фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳуқуқий ва ҳар томонлама кафолатланиши;
иккинчиси,ҳуқуқ ва қонуннинг устуворлиги;
учинчиси,қонунларнинг тўғри амал қилиши;
тўртинчиси,фуқароларнинг давлат олдидаги масъулияти ва аксинча, давлатнинг фуқаролар олдидаги масъулияти; ҳокимиятларнинг тақсимланиш принципининг амалиётга татбиқ қилиниши;
бешинчиси,жамият томонидан қўллаб-қувватланадиган, демократия, қонунийлик ва конституциявийлик режимларининг мавжудлиги.
Президентимиз қайд этганидек,“Ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, Конституция ва қонунларнинг устунлиги таъминланишидир. Конституция ва қонунларнинг устунлиги принципи шуни англатадики, бунда барча жорий қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция асосида ва унга мувофиқ бўлиши талаб этилади. Улуғ бобокалонимиз Амир Темур айтганларидай: “Қаерда қонун ҳукмронлик қилса, шу ерда эркинлик бўлади”[2].
Ҳуқуқий маданиятдеганда, жамиятнинг қонунчилик даражаси, мавжуд қонунлардан аҳолининг хабардорлик даражаси, халқнинг ҳуқуқ нормаларига риоя қилиши ва уларни бажармаган шахсларга нисбатан муросасиз бўлиши тушунилади.
Ҳуқуқий маданият – бу ҳуқуқий саводхонликдир. Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиси ҳисобланади. Бошқача айтганда, ҳуқуқий  маданиятсиз ҳуқуқий давлат бўлмайди. Давлатимиз раҳбари ўзининг “Биздан озод ва обод Ватан қолсин” китобида: “Ҳуқуқий маданиятнинг юқори даражада бўлиши ҳуқуқий давлатнинг ўзига хос хусусиятидир. Бозор иқтисодиётини шакллантириш шароитида ҳуқуқий маданиятни ошириш муҳим иш ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳуқуқий маданият савияси қабул қилинган қонунлар сони билан эмас, балки ушбу қонунларнинг барча даражаларда ижро этилиши билан белгиланади. Ушбу муҳим ишда одамларда қонунларга ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан чуқур ҳурмат ҳиссини тарбиялаш алоҳида аҳамиятга эгадир. Зеро, ҳуқуқий нормалар одамлар онгига сингган ва улар орқали амал қилган тақдирдагина яшайди ва рўёбга чиқади”[3], деб таъкидлайди.
Юқоридаги таърифлардан яққол кўриниб турибдики, ҳуқуқий давлат ва ҳуқуқий маданият – ўзаро узвий боғлиқ. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини йилдан-йилга ошириб бориш ҳуқуқий давлат қуришнинг энг муҳим омилидир.
Маълумки, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази каби миллий тузилмалар ишлаб турибди. Шунингдек, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлигида инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича махсус бўлинмалар тузилган ва бугунги кунда фаол ишламоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011йил 23 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидагиқарори билан мамлакатимизда Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш ташкил этилди.
Бугунги кунда Идоралараро кенгаш ўз фаолиятини изчил олиб бормоқда. Жумладан, 2013 йилнинг бошида амиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ишларини янада такомиллаштириш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий билимлар тарғиботини кучайтириш мақсадида Идоралараро кенгаш томонидан “Давлат органлари ва жамоат бирлашмалари томонидан конференция, семинар, давра суҳбатларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича Услубий қўлланма” ишлаб чиқилди.
Мазкур Услубий қўлланманинг тасдиқланиши ва ижрога йўналтирилиши муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан ташкил этилган Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгашнинг жорий фаолиятида жиддий аҳамият касб этади.
Умуман олганда, бу ҳужжат мамлакатимиздаги барча давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришни янада такомиллаштириш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий билимлар тарғиботини кучайтириш борасидаги ишларини янада жадал, кенг миқёсда ва тартибли ташкил этишлари учун асос бўлади.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Идоралараро кенгашнинг зиммасига юклатилган вазифалар “Обод турмуш йили”да амалга ошириладиган ишлар билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Нега деганда, агарки инсоннинг ҳуқуқий маданияти, онги, савияси юқори бўлса, бу соҳадаги ўзгаришлардан хабардор бўлса, демак, юрт обод бўлади.
Юрт ободлиги аввало кўнгилдан бошланади.Чунки ҳаётни, турмушни обод қилиш учун аввало инсон кўнгли обод бўлиши даркор. Обод юртда яшаш ҳам инсоннинг ҳуқуқий маданиятини оширишга хизмат қилади. Инсоннинг ҳуқуқий маданиятини ошириш эса юрт ободлигининг асосий шартидир.  Обод юртда яшаш ҳам инсон ҳуқуқига киради.
Шу ўриндабевосита ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган миллий меъёрий-ҳуқуқий асосга тўхталадиган бўлсак, қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин:
1.          Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси;
2.          Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 25 июнда қабул қилинган “Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишиниш яхшилаш ҳақида”ги фармони;
3.          Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001йил 4 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши;
4.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1997 йил 29 августдаги қарори билан тасдиқланган “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури”;
5.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил    29 майда қабул қилинган “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори.
6.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 10 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида фуқароларнинг қонунчиликнинг бузилиши юзасидан шикоят ва аризаларни кўриб чиқиш бошқармасини тузиш тўғрисида”ги қарори.
Шундай қилиб, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини кўтариш ва ҳуқуқий тарбиясини яхшилаш бўйича давлат сиёсатини самарали амалга ошириш учун мустақилликнинг дастлабки давриданоқ мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилди. Кейинги вақтда бу борада амалда бўлган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш борасида муайян ишлар олиб борилаётганини ҳам айтиб ўтиш лозим.
Жумладан, 2012 йилда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда жаҳон парламентаризмида ноёб воқелик бўлган “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури”нинг янги таҳрирдаги лойиҳаси тайёрланди.Бу ҳужжатнинг қабул қилиниши мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларни янги, янада юқори босқичларга кўтаришга хизмат қилади.
Бу ишлар кўп жиҳатдан янгича ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни шакллантириш билан боғлиқ экани сир эмас. Зеро, ҳуқуқий нормалар одамлар онгига сингган ва улар орқали амал қилган тақдирдагина яшайди ва рўёбга чиқади. Шунинг учун одамларда Конституцияга, қонунларга ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан чуқур ҳурмат ҳиссини тарбиялашкатта аҳамиятга эга. 
Энг муҳими, ҳаётимизнинг, жамиятимизнинг асосий принципларини ва давлатимизнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий тузилишини, умуминсоний қадриятларга асосланган, эркин демократик келажагимизни аниқ белгилаб берган Конституциямиз ҳуқуқий давлат пойдеворини қуриб берди.
Айни вақтда ҳуқуқий маданият савияси қабул қилинган қонунлар сони билан эмас, балки уларнинг барча даражаларда ижро этилиши билан белгиланишини назарда тутиб, қонунларимизни муваффақият билан ҳаётга татбиқ этишга, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бажарилишининг мониторингини кучайтиришга устувор аҳамият берилмоқда.
Албатта, фуқароларимизнинг маънавиятини, ҳуқуқий онги ва маданиятини миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар асосида ўстириш борасидаги фаолиятимизда Президентимизнинг 2001 йил 4 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойишини бажариш бўйича амалий тажриба ўз самараларини бермоқда.
Ушбу муҳим ҳужжат, авваламбор, бизга олдимизда турган буюк мақсадларимизга босқичма-босқич эришиш, бу йўлда дуч келадиган барча ғов ва тўсиқларни енгиш жараёнида ҳар бир ўзбекистонлик учун энг таъсирчан қуролга айланадиган куч – бу халқимизнинг ҳуқуқий онгини, тафаккурини тарбиялаш, ҳуқуқий маданиятини ошириш, қалбида эркинлик ва масъулият туйғуларини қарор топтиришдир, деган, барчамизга бирдек дахлдор бўлган муҳим ҳақиқатни теран англатди.
Эътиборли жиҳати шундаки, мамлакатимиз раҳбари фақат Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини мустаҳкамлаб, Конституциянинг қабул қилиниши вазифасини ҳал қилибгина қолмай, балки Асосий Қонуннинг кафили сифатида майдонга чиқар экан, Конституция нормалари ва қоидаларини тўла ҳаётга татбиқ қилишни ҳам амалга оширди.
Конституция ҳар бир инсон, фуқаронинг ҳуқуқий хулқ-атворини белгилаб беради. Уни билмай туриб, ҳуқуқий маданиятга эришиб бўлмайди. Шу маънода, Ислом Каримовнинг  Конституция ҳуқуқий маданият асоси, миллий қонунчилик негизи эканини, Конституцияга садоқат Ватанга ва ўз халқига садоқатни келтириб чиқаришини инобатга олиб, Асосий Қонунни ўрганиш масаласига алоҳида эътибор қаратгани айниқса диққатга сазовор. Чунки, аслида ҳам, Конституцияҳуқуқий билимлар биносининг пойдеворидир.
Мазкур Фармойиш ижросининг самараси ўлароқ, бугунги кунда мамлакатимизда мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари, олий ўқув юртларидан тортиб маҳаллаларгача қамраб олган узлуксиз конституциявий-ҳуқуқий таълим тизими яратилди. Бош Қомусимизнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ўрганишга бағишланган шарҳлар ва 50 дан зиёд дарслик ва ўқув қўлланмалари нашр этилди. Мактаблар, лицей ва коллежлар, олий ўқув юртларининг бакалаврлик ва магистрлик босқичлари учун алоҳида-алоҳида дарсликлар чиқарилди.
Айни чоғда, мамлакатимизда нафақат Конституцияни ўрганиш, балки, умуман, ҳуқуқий билимлар сари сафарбарлик, яъни фуқароларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қайтишнинг бош ташаббускори Президентимиз Ислом Каримов эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Конституция кунига бағишланган маросимлардаги нутқларида Йўлбошчимиз томонидан ҳар гал янгидан-янги ғоялар ва фикрларнинг илгари сурилиши яхши анъанага айланди.
Шу тахлит Ўзбекистонда маънавий-маърифий ва ҳуқуқий тарбиянинг узлуксиз тизими яратилди.
Ҳозирги кунда энг долзарб муаммолардан бири – аҳоли ҳуқуқий онги ўсиши динамикасини мониторинг қилишни таъминлашдир. Ҳуқуқий онг эса ҳуқуқий маданиятга асосланади. Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият тушунчалари, юқорида таъкидлаганимиздек, ўзаро узвий боғлиқ тушунчалардир.
Ҳуқуқий онгдеганда, кишиларнинг ҳуқуқ ҳақида тушунча ва билимларга эга бўлиши, шунингдек, ҳуқуқ борасидаги тасаввурларнинг инсон онгида акс этиши тушунилади. Ҳуқуқий мафкура – ҳар хил ҳуқуқий ҳодисалар ҳақидаги нуқтаи назар, тушунча, ғоя ва қарашларнинг илмий умумлаштирилган тизимидан иборат.
Ҳуқуқий маданият бўлмаса, ҳуқуқий онг ҳам бўлмайди. Ҳуқуқий  онг дегани бу – қонунларни фақат билишгина эмас, балки уларни изчил ижро этиш ҳамдир. Президентимиз уқтирганидек, “Қонунлар сўзсиз бажарилгандагина биз ҳуқуқий давлат қуришимиз мумкин”.
Шу маънода, “ҳуқуқий онг” тушунчаси “ҳуқуқий саводхонлик” тушунчасидан кенгроқдир. Ҳуқуқий онг қонунларнинг ижросини ҳам ўз ичига олади. Демократик жамиятда қонунларнинг ижро этилиши билан бирга, қонунларга ҳурмат кўрсатилишини ҳам таъминлаш тақозо этилади.
Мамлакатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “олдимизда турган барча ғов ва тўсиқларни енгиш жараёнида ҳаммамиз учун энг таъсирчан қуролга айланадиган куч – бу халқимизнинг ҳуқуқий онгини, тафаккурини тарбиялаш, ҳуқуқий маданиятини ошириш, қалбида эркинлик ва масъулият туйғуларини қарор топтиришдир.
Биз қонун устуворлигига эришгандагина ўзимиз учун мақсад қилиб қўйган адолатли, эркин жамият, фаровон ҳаёт барпо этишимиз мумкин. Жамият ҳаётининг мезони бўлган Конституцияни чуқур ва ҳар томонлама ўрганишимиз, унинг маъносига етиб бориб, амалий ҳаётимизнинг доимий қўлланмасига айлантиришимиз даркор”[4].
Ҳақиқатан ҳам, истиқлол йилларида биз шахс ва оиланинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини ошириш вазифасини ўзимиз учун мақсад қилиб қўйиш билан бирга, бу масалани том маънодаги демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуришнинг муҳим шарти сифатида белгилаб олдик.
Ҳуқуқий онг бўлмаса, демократия бўлмайди. Ҳуқуқий онгнинг ўсиши – бу ҳуқуқий маданиятнинг ўсиши, қонунларни ижро этиш ва ҳурмат қилиш даражасининг ошиши, демакдир. Ҳуқуқий онг қонунларни нафақат билишни, балки қонун талабларига итоат этишни ҳам англатади. Албатта, инсон ҳамма қонунларни билиши мумкин эмас, аммо у энг муҳим қонунларни билишга мажбур. Бу конституциявий мажбуриятдир.
Президентимиз куйиниб гапирганларидек:“Одамларимизда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги жамиятда адолат мезонларининг бузилишига олиб келмоқда. Очиғини айтганда, ҳар биримиз ҳам Конституция ва қонунларимиз берган ҳақ-ҳуқуқларимизни яхши билмаймиз ва уни ҳимоя қила олмаймиз… Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз биз учун назарий-ҳуқуқий ҳужжат – бурч ва мажбуриятларимиз мажмуасигина эмас. Балки у ҳаётимизни фаровон этиш, уни чинакам қонуний асосда қайта қуриш, ўз ҳақ-ҳуқуқимизни таъминлаш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини ўрнатишнинг ҳаётбахш манбаидир. Бу олижаноб мақсадларга эришиш учун барчамиз, аввало, Конституциямиз ва қонунларимизнинг туб моҳиятини англаб етишимиз ва уларни ҳаётга татбиқ этиш йўлида биргаликда қатъият билан курашмоғимиз лозим”[5].
Бу ҳақда гап борар экан, ҳеч шубҳасиз, аҳолини ҳуқуқий ахборотлар билан таъминлаш, бунда оммавий ахборот воситаларининг ролини янада ошириш ғоят долзарб вазифа эканини, яънифуқароларнинг ахборот олиш борасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, ўз навбатида, юртдошларимизнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳам хизмат қилишини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Чунки, ҳаётда ҳар бир инсон ўзининг инсонлигини ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятларини билганда, англаб етгандагина тўла ҳис этади. Акс ҳолда, ўзининг ва ўзгалар ҳуқуқини таниб олмаган инсон жамиятнинг жонсиз бир “мурвати” бўлиб қолаверади. Шу маънода, комил инсонни тарбиялашнинг энг зарур шартларидан бири ҳам аслида инсоннинг ҳуқуқни, қонунларни чуқур билишига алоҳида аҳамият қаратишдан иборатдир.
Мамлакатимиз миллий қонунчилиги мунтазам такомиллашиб, қонунчилик соҳаси ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгариш ва янгиланишлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Мустақиллик йилларида мамлакатимиз аҳолисини юридик ахборот, ҳуқуқий адабиётлар, ҳуқуқий-маърифий оммабоп асарлар билан доимий таъминлаш йўлида салмоқли ишлар қилинди.
Ўзбекистонда бугунги кунда ўнлаб ҳуқуқшуносликка ихтисослашган газета ва журналлар чоп этилаётгани, “Адолат” нашриёти томонидан кўплаб ҳуқуқий адабиётлар, дарсликлар, Конституцияни ўрганиш бўйича юридик рисолалар изчил нашр этилаётганини ижобий ҳол сифатида баҳолаш керак.
Мустақиллик шарофати билан Ўзбекистон суверен субъект сифатида жаҳон ҳамжамияти билан мустақил халқаро муносабатлар ўрнатиш ҳуқуқидан кенг фойдаланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиз кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйди, қанчадан-қанча халқаро ҳужжатларни ратификация қилди. Биргина инсон ҳуқуқлари соҳасига тааллуқли 70 дан ортиқ халқаро шартномага қўшилдик.
Эслатиш жоизки, миллий қонунларимиз билан халқаро шартномалар ўртасида номувофиқликка дуч келинганда, қоида бўйича ана шу халқаро шартномалар устун ҳисобланади ва тегишли тартибда уларнинг қоидалари қўлланилади. Бу эса ҳар биримиздан нафақат Конституциямиз ва миллий қонунларимизни, балки мамлакатимиз қўшилган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳам пухта ўрганишимизни тақозо этади.
Халқаро-ҳуқуқий саводхонликни оширишда, шунингдек, халқаро шартномаларнинг ва имкон борича хорижий давлатлар Конституциялари матнларини ўзбек тилида чоп этиш ҳам катта аҳамиятга эга. Бу борада ҳам биринчи қадамлар қўйилди. Халқаро гуманитар ҳуқуққа оид 1949 йилги Женева конвенциялари тўплами, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг инсонийлик мезонларига оид ҳужжатлари тўплами, БМТнинг инсон ҳуқуқларига оид универсал шартномалари тўплами, хорижий мамлакатлар Конституцияларининг саккиз жилди чоп этилди.
Конституциямиз мазмун-моҳиятини ўрганиш, унинг аҳамиятини кенг тарғиб этиш ва умуман, конституциявий-ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда, шубҳасизки, оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин эгаллайди. Шу боис оммавий ахборот воситаларида мазкур масала бўйича доимий рукнлар туркуми, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар ташкил этиш алоҳида аҳамиятга молик.
Бу жабҳадаги ишлар таҳлилига таяниб шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда фуқароларимиз онги ва шуурида конституциявий-ҳуқуқий маданиятни шакллантиришга қаратилган мавзудаги чиқишлар фақатгина Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Миллий ахборот агентлиги ёки ҳукуматга қарашли бир неча йирик газеталар кўлами билан чекланиб қолмаётир. Аксинча, айни мавзу партиялар нашрлари, турли тармоқлар газеталари ва умуман мамлакатимизнинг барча оммавий ахборот воситалари учун ҳам муҳим аҳамият касб этаётгани кишини қувонтиради.
Шу билан бирга, бугунги глобаллашув замонида жаҳон жамоатчилигини,халқимизни ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган янгилик ва ўзгаришлардан ўз вақтида хабардор қилиш, айниқса, фуқароларнингҳуқуқий ахборотлар олишини кенг таъминлаш, шу йўл биландавлатважамиятга бўлган ўзаро муносабатларини холис ва ҳаққоний акс эттириш, қолаверса, жамоатчилик фикрини шакллантиришдек муҳим ва масъулиятли ишларни амалга оширишдаоммавий ахборот воситаларинингфаолиятини янада кучайтириш катта аҳамиятга эгадир.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятини демократлаштириш ва эркинлаштириш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнидаги фаолиштирокини таъминлаш, даврий матбуот, телевидение, радио фаолиятини янада либераллаштириш, интернет-журналистикани шакллантириш, уларнинг том маънодаги мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш бўйича салмоқли натижаларга эришилди.
Эндиликда оммавий ахборот воситалари тобора хилма-хил фикр ва қарашлар минбарига айланиб бормоқда. Мустақил, хусусий босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоғида миллий домен провайдерларива миллий веб-сайтларнинг изчил кўпайиб бораётгани шундан далолатдир.Бу имконият ва салоҳиятдан ҳуқуқий ахборот тарқатиш, шу йўл билан фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш йўлида янада кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Ўзбекистон Республикасининг нафақат давлат телерадиоканалларида, балки ҳудудий нодавлат телерадиоканаллари ҳамда севиб ўқиладиган газета ва журналларда ҳам ҳуқуқий ахборотларнинг мунтазам ва замонавий шаклларда бериб борилиши лозим. Шунингдек, мавжуд миллий сайтларда юридик маълумотларни фуқаролар бемалол фойдалана оладиган тарзда жойлаштириш зарур.
Аҳолининг иш фаолияти давлат ва нодавлат ташкилотлари билан бевосита боғлиқ бўлмаган ҳамда таълим билан қамраб олинмаган қисмининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришда замонавий ахборот воситалари, жумладан, интернет ва уяли алоқа тизимлари имкониятидан кенг фойдаланиш зарурлигини инобатга олган ҳолда, ҳуқуқий йўналишдаги сайтлар сони ва сифатини ошириш, уларнинг фойдаланиш учун қулайлиги масалалари муҳим аҳамиятга эга.   
Бу борадаги яна бир ғоят муҳим жиҳат – жамоатчиликка давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари фаолияти ҳақида маълумот бериш, давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорлардан, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, фуқароларнинг қонуний манфаатларига доир қарорлардан аҳолини кенг хабардор қилиб бориш механизмларини янада такомиллаштириш билан боғлиқ.
Аҳолининг ижтимоий, сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият бошқарувида фуқароларнинг амалий иштирокини кенгайтириш мамлакатимизда босқичма-босқич ва изчил амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг ғоят муҳим шартидир. Бунинг учун фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, сиёсий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқий ахборотлардан кенгроқ фойдаланишга қаратилган зарур имкониятлар яратиш, шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиши лозим бўлган ҳуқуқий даврий нашрлар ролини янада кучайтиришга жиддий эътибор қаратиш лозим.
Бугунги кунда Ўзбекистон Парламенти томонидан ҳаётнинг барча соҳаларига доир миллий қонунчилик базаси мунтазам такомиллаштириб борилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг самарали фаолияти туфайли турли соҳалар бўйича янги қонунлар қабул қилинмоқда, амалдаги қонунларга муҳим қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, мавжуд ҳуқуқий негиз халқаро андозалар ва давр талаби асосида изчил мустаҳкамланаяпти. Оммавий ахборот воситаларида ана шу қонун ижодкорлиги жараёнларини, бу қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ва бераётган натижаларини, мавжуд муаммо ва камчиликларни ҳам атрофлича таҳлил этиб, кўрсатиб бериш мақсадида  журналистиканинг  замонавий усул ва воситаларидан самарали фойдаланиш даркор.
Қонунлар ижроси устидан Парламент назорати, шунингдек, жамоатчилик назорати жараёнлари ва натижалари ҳақида фуқароларни холис, муҳим ва қизиқарли услубда тайёрланган журналистик материаллар орқали мунтазам таништириб бориш мақсадга мувофиқдир. Бу жараёнлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Парламент олдидаги йиллик ҳисоботидан бошлаб, ижро ҳокимиятининг барча даражалардаги мансабдор шахслари, етакчи давлат ва нодавлат ташкилотларнинг миллий қонунчиликда белгилаб қўйилган ҳисобдорлигигача кенг қамраб олиши лозим. 
Жойларда суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижалари ва  эришилаётган ютуқларни аҳолининг барча қатламлари ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда таҳририятларда давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказиш, бу тадбирларнинг ОАВда кенг ёритилишига эришиш керак.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари,  қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган ҳамда аҳолини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари қарорларидан хабардор қилиш мақсадида қарорлар, маънавий-маърифий, ахлоқий-ҳуқуқий тадбирлар, илмий-амалий конференциялар, давра суҳбатларидан чиқарилган хулосаларни кенг оммага ҳавола этиш мақсадида илмий-оммабоп, услубий қўлланмалар ҳамда рисолаларни нашр қилиб тарқатишга эътиборни кучайтириш лозим.
Фуқароларнинг ҳуқуқий ахборот олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш борасида хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва амалда қўллаш мақсадга мувофиқдир. Бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда интернет-журналистиканинг жадал ривожланиш тенденциясидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда нашр этиладиган ҳуқуқий газета ва журналлар, шунингдек, ҳуқуқий ахборот тарқатадиган телеканаллар ва радиодастурларнинг Интернетда ўз веб-сайтига эга бўлишини тўла таъминлаш, мавжуд веб-сайтлар орасида эса он-лайн тизимида, яъни ахборотлар мунтазам янгилаб туриладиган интернет-нашрлар сонини кўпайтириш зарур.
Фуқароларимизнинг ҳуқуқий ахборот олишга доир ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш учун ахборот соҳасида рақамли технология ва Интернет каналлари изчил ривожланаётган, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларни виртуал тармоқ орқали узатиш амалиётига эътибор тобора ортиб бораётган ҳозирги даврда илғор ахборот техникаси ва технологияларини жадал ўзлаштириш, бу борада ҳам тараққий этган дунё билан баравар ривожланиш – давр талабидир.
Аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлашда хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва ҳаётга татбиқ этиш фуқароларимизнинг ҳуқуқий маданияти тобора юксалиши йўлида янада қулай имкониятлар яратади. Бу борада фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган ва ҳар бир фуқарода қонунга нисбатан ҳурмат туйғусини кучайтирадиган маънавий-маърифий, илмий-оммабоп адабиётларни нашр қилиш кўламини янада кенгайтириш алоҳида аҳамият касб этади.
 Оммавий ахборот воситаларининг нафақат аҳолини ҳуқуқий ахборотлар билан таъминлашда тутган ролини, балки фуқароларимизнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини  юксалтириш борасидаги ўрни ва аҳамиятини янада кучайтириш лозим, деб ўйлаймиз.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарварлик сиёсатининг таркибий қисми инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш билан узвий боғлиқдир. Миллий тараққиётнинг “ўзбек модели” замиридаги асл моҳият ҳам ҳар томонлама инсон ҳуқуқлари устувор жамият ва давлат барпо этишдан иборат. Мустақиллик йилларида инсонга берилган кенг ҳуқуқ ва эркинликлар уни ташаббускорликка, тадбиркорликка, бунёдкорликка, ўзи ва оила аъзолари, маҳалла-кўй ва эл-юрт учун муносиб ҳаёт даражасини таъминлашга илҳомлантирмоқда.
Конституциявий-ҳуқуқий маданиятни шакллантириш инсон ҳуқуқларидан ажралмасдир.Шунинг учун Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлар, эркинликлар ва мажбуриятларни тушунтириш ва тушуниб олишга бундан кейин ҳам жуда катта эътибор бериш лозим.Бинобарин, ҳар қандай қонун аввало уни билиш ва ҳурмат қилиш, унга сўзсиз риоя этиш орқали том маънода қонунийликкасб этади.Конституциянинг нормаларини ҳам айнан ана шу итоаткорликҳаракатга келтиради.
Буавваламбор, мансабдор шахсларнинг ҳам, фуқароларнинг ҳам Конституцияни билишларини қатъий талаб этади.Шу боис  телевидение ва радио, газета-журналлар, интернет сайтлари ёрдамида Конституция тарғиботининг энг таъсирчан ва энг самарадор усулларини амалда қўллаш бугунги ахборот асрининг, мураккаб глобаллашув замонининг муҳим талабларидандир.
Зотан, Конституцияга риоя этиш Конституцияга садоқатни, Асосий Қонунга садоқат, ўз навбатида, Ватанга ва халққа садоқатни келтириб чиқаради. Бу эса жамият ҳаётининг мезони бўлган Конституцияни чуқур ва ҳар томонлама ўрганишни, унинг маъносига етиб бориб, кундалик ҳаётимизнинг доимий қўлланмасига айлантиришни тақозо этади.
Шу маънода, оммавий ахборот воситаларининг инсон ҳуқуқлари маданиятини ривожлантириш, аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий онгини янада юксалтиришга қаратилган фаолиятини янада кучайтириш муҳим аҳамият касб этади. Чунки инсон ҳуқуқлари маданияти ижтимоий-иқтисодий, ғоявий, маънавий-маърифий, ҳуқуқий қадриятлар билан чамбарчас боғлиқдир. Шу боис ҳар бир фуқаро ушбу соҳалардаги ҳуқуқий кафолатлар моҳиятини яхши билиши ва бу ҳақда амалий кўникмаларга эга бўлиши лозим.
Оммавий ахборот воситаларида “Ҳуқуқий маданият нима?” “Сиз ҳуқуқни биласизми? каби йўналишларда ёшларни ўзига жалб қила оладиган мавзуларда туркум мақолаларни бериб бориш, ҳуқуқий билимдон ёшларнинг ўзлари телекўрсатув ва радиоэшиттиришларда фаол иштирок этишини таъминлаш, уларни мунтазам рағбатлантириб бориш керак.
Аҳолининг ҳуқуқий билимлари ва ҳуқуқий маданиятини шакллантиришга бағишланган учрашувлар, ўтказилган тадбирлар, чиқарилган қарорлар юзасидан ҳар хил роликлар тайёрлаш ва уларни CD  ва DVD-дискларга жойлаштирган ҳолда телевидение ва радио эшиттиришлар орқали ёритиб боришга эришиш лозим. Матбаачилик талаблари асосида ҳуқуқий нашрлар фаолиятини, ОАВ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириб, аҳолига ахборот тарқатишнинг ҳамда ОАВдан фойдаланишнинг янги механизмларини яратиш зарур.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва унга шарҳлар, кодекслар, қонунлар, турли соҳалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тезкор ва сифатли нашр эттириб, ташкилот ва корхоналарга, таълим муассасалари ва маҳаллаларга бепул ёки энг имтиёзли нархларда доимий равишда тарқатиш бу борада катта амалий аҳамият касб этади.
Қонун ҳужжатларини расмий манбаларга асосланган ҳолда, аҳолига содда ва тушунарли усулларда етказиш, уларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида ҳуқуқшунос олимлар билан таҳририятлар ва нашриётларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини йўлга қўйиб, амалдаги барча қонун ҳужжатларига шарҳлар яратиш ва чоп эттириб бориш зарур. Бундан ташқари, солиқ, божхона, банк, молия, ОАВ, меҳнат, ижтимоий таъминот соҳаларига доир савол-жавобларни ўз ичига олган “Аҳоли учун юридик маълумотнома” рукнида нашр этиладиган тўпламларни кўпайтириш даркор.
Ёшларни ҳуқуқий меросимиз хазинасидаги асарлар билан таништириш, ҳеч шубҳасиз, ёш авлодни ўзлигини танишига, Ватанга муҳаббат, катталарга ҳурмат-эътибор руҳида камол топишига хизмат қилади. Шу боис буюк алломаларимизнинг “Ҳидоя”, “Сунани Термизий”, “Сиёсатнома”, “Усулул фиқҳ” каби ҳуқуқий асарларини нашр этиш, уларнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситаларида мунтазам тарғиб этиш долзарб вазифалардандир.  
Қисқа айтганда, оммавий ахборот воситалари аҳолининг айрим ҳолларда ҳали ҳам сақланиб келаётган эскича психологиясини  тамомила ўзгартириб, одамларда янги ҳуқуқий онгни шакллантиришга хизмат қилиши зарур. Токи ҳар бир юртдошимиз инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари айни вақтнинг ўзида бурч, мажбурият ва масъулият эканини чуқур ҳис этадиган бўлсин.
Албатта, ҳуқуқий онг ҳуқуқий билимларсиз шаклланмайди ва ривожланмайди. Ҳар бир кишига шуни тушунтириш лозимки, демократия сари йўл – бу фақат қонунларнинг сони билан эмас, балки уларнинг киши онгига нечоғлик сингиши билан белгиланади.
Ҳуқуқий онг уч мезонда ётади, булар – шахс, жамият, давлат.Ҳар қандай жамиятнинг белгилари жамият ва давлат, шахс ва жамият ўртасидаги ўзаро муносабатлар билан аниқланиши лозим. Давлат доирасида қонунларни бажариш шарт, жамиятда эса ахлоқий, маънавий қадриятларга амал қилиш лозим. Инсон жамиятнинг аъзоси сифатида маънавий-ахлоқий қадриятларни ҳисобга олиши шарт. Шахснинг жамиятдаги ўрни унинг маънавий қадриятларга, ахлоқий нормаларга ҳурмати билан ўлчанади.
Ҳуқуқий маданият ва маънавий қадриятлар, ахлоқ-одоб ҳақида гап борганда, авваламбор, кўҳна заминимиз одамлари кўнглида устувор бўлган адолат, ҳақиқат, иймон, олижаноблик, бағрикенглик, мардлик, тантилик каби улуғ хислатлар Конституциямиздан муносиб ўрин олганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Зотан, Асосий Қонунимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини ўзида яққол акс эттиради.
Не-не буюк мутафаккир аждодларимиз яшаб ўтган шонли тарихимизнинг қайси даврини олмайлик, юртимизда илму маърифат ва маънавиятга, юксак ҳуқуқий онг ва маданиятга интилиш ҳеч қачон тўхтамаганини, бу буюк инсоний сифатлар халқимиз даҳосининг ўлмас тимсоли сифатида энг оғир ва мураккаб даврларда ҳам яққол намоён бўлиб келганини кўришимиз мумкин.
Айнан шунинг учун ҳам истиқлол шарофати билан қабул қилинган Конституциямиз ўзининг ижобий жиҳатлари, янги томонлари, таъбир жоиз бўлса, инсоний қиёфаси билан ажралиб туради. Асосий Қонунимизда, Президентимиз таъкидлаганларидек, дунёвий неъматлар орасида энг улуғи – инсон деган фикрни илгари сурдик ва шу асосда “фуқаро-жамият-давлат” ўртасидаги ўзаро муносабатнинг оқилона ҳуқуқий ечимини топишга интилдик.
Янва бир муҳим жиҳат шунаки, Конституциямиз – тарихда синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган ҳужжатдир. Чунки у Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг барча асосий ғоя ва қоидаларини ўзига сингдирган.Шу боис Асосий Қонунимиз умуминсоний ғоялар – тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби энг улуғ ғояларга хизмат қилади.
Бинобарин, инсон ўз ҳуқуқини англаб етар экан, унда ҳуқуқ билан бирга, бурч ва масъулият борлигини ҳам унутмаслиги лозим. Агарки жамиятда ҳаммамиз фақат ҳуқуқимизни талаб қиладиган бўлсак, Ватан ҳимояси, юрт тинчлиги, тинчлик-осойишталикни таъминлаш, меҳнатга муносабат, атрофдаги воқеаларга дахлдорлик, виждон амри деган тушунчаларнинг амалий ифодаси қандай бўлади, деган мантиқий савол туғилиши табиий.
Юқоридаги фикр-мулоҳазаларни умумлаштириб айтганда, ҳуқуқий маданият – бу қонунчилик берган имкониятлардан, Конституцияда муҳрланган ва қонунларимизда ўз ифодасини топган, биз деярли ҳар куни такрорлаб гапирадиган масала, яъни, бизга берилган шунча ҳуқуқлардан имкон қадар кўп фойдаланиш даражаси деганидир.
Ҳаётнинг ўзи, тараққиёт қонуниятлари, эришилган марралар,  истиқболдаги мақсад ва  вазифалар  ҳуқуқий демократик ислоҳотларни қатъият билан давом эттиришни тақозо этмоқда. Ўзбекистон Президентининг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да белгилаб берилган улуғвор ва мураккаб вазифаларни ҳал этиш, аввало, таълим-тарбия, маънавий-маърифий ва ҳуқуқий тарғибот масалаларига боғлиқ экани зиммамизга катта масъулият юклайди.
Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек:“халқимиз ҳуқуқий маданиятини юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиши лозим… зеро, мустақиллик сўзининг замирида ҳам катта, улуғ ҳуқуққа эга бўлиш деган тушунча ётади. Яъни, мустақиллик нафақат ўзини эркин сезиш, ўз ҳаётини қуриш, балки ўз ҳаёт-мамотини ҳал этишда катта ҳуқуққа эгалик ҳам демакдир”.


0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.