топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Конституция ва маънавият

Конституция - бахтимиз қомуси
Қонунчилик


Мустақиллик йилларида юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, халқаро майдонда ўзимизга муносиб ўрин эгаллашда Асосий Қонунимиз мустаҳкам замин бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг эркинлик сари узоқ йўлдаги изланишлари натижасидир. Авваламбор, конституциявий бинони қуришда уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасига таянилганини қайд этиш ўринлидир.
Асосий Қонунимиз қадимги Хоразм ва Сўғдиёна, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Амир Темур ва Темурийлар, ўзбек хонликлари, халқимизнинг тарихий анъаналари ва унинг мустақил давлат ҳақидаги кўп асрли орзусини ўзида мужассам этган.
Кўҳна заминимиз одамлари кўнглида устувор бўлган адолат, ҳақиқат, иймон, олижаноблик, бағрикенглик, мардлик, тантилик каби улуғ хислатлар Конституциямиздан муносиб ўрин олган.
Асосий Қонунимиз умуминсоний ғоялар – тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби энг улуғ ғояларга хизмат қилади.
Ўзбекистон Конституциясининг ғоя ва нормаларида халқимизнинг кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий мероси акс эттирилгани унинг ҳаётийлигининг кафолатидир.
Шу билан бирга, Асосий Қонунимиз кўплаб демократик давлатларда конституциявий қурилиш соҳасидаги илғор тажрибанинг энг яхши жиҳатларини, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг умумэътироф этилган нормалари ҳамда мазкур соҳадаги бошқа халқаро ҳужжатларга асосланган инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмини ўзида мужассам этган.
Шу маънода, Президентимиз таъкидлаганидек, “Конституциямизнинг ўз миллий анъаналаримизга, миллий табиатимизга ва бугунги жаҳон эришган ютуқларга, андозаларга муносиблиги билан ҳар қанча фахрлансак арзийди”[1].
Асосий Қонунимизнинг энг муҳим хусусиятларидан бири шуки, Конституциямиз асосини давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган ривожланишнинг машҳур беш тамойилини ўз ичига олган “ўзбек модели” ташкил этади.
Бу тамойиллар – иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, давлатнинг бош ислоҳотчи вазифасини ўз зиммасига олиши, қонун устуворлигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат олиб бориш ва ислоҳотларни босқичма-босқич, тадрижий амалга оширишдан иборат. Конституция халқимизга ларзаларсиз бир ижтимоий-сиёсий тизимдан бошқа тизимга ўтишга ёрдам берди.
Бир сўз билан айтганда, Конституция – барча иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ислоҳотларнинг ҳам, маънавий ислоҳотларнинг ҳам тамал тоши бўлиб хизмат қилади.
Халқимиз маънавият ва маданият, таълим ва тарбия соҳаларида бой меросга эга бўлиб, ёш авлодини ҳамиша ватанпарварлик ва инсонпарварлик, дўстлик ва меҳнатсеварлик, меҳр-оқибат ва биродарлик, бағрикенглик ва камтарлик каби умуминсоний фазилатлар руҳида тарбиялаб келган.
Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидлаганидек,“Маънавият – инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир”[2].
Маънавият – аждодларни авлодларга, ўтмишни бугунга, бугунни эса келажакка боғловчи кўприк вазифасини бажаради. У ота-боболаримиз тўплаган жамики яхши фазилатлар ва хислатлар, қадриятлар ва анъаналарнинг мажмуи, қолаверса, аждодларимиз тўплаган тарихий-ижтимоий тажриба ва барча қарашларни ўзида мужассам этади.
Тарихимизнинг бойлиги ва буюклиги, аввало, халқимизнинг юксак  маънавияти ва маърифати билан боғлиқдир. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк аждодларимиз инсоният тараққиётига, хусусан, илм-фан, маънавият ва маърифатнинг юксалишига улкан ҳисса қўшганлар.
Доно халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган ибратли сўзлар бежиз айтилмаган. Яъни, ҳар бир шахснинг ўсиб камол топишида у яшаган оила муҳити, устозлари ва мавжуд ижтимоий шароитлар муҳим ўрин тутади.
Афсуски, эски тузум замонида таълим-тарбия, маърифат ва маданиятга иккинчи даражали соҳалар деб қаралди. “Маънавият” сўзининг ўзи тилимизда истеъмолдан чиқариб юборилдики, бу тушунча замиридаги қадриятларимизнинг ўша даврдаги аҳволи ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Шу боисдан, Истиқлол арафасида маънавият соҳасига беқиёс эътибор қаратилиб, Президентимиз саъй-ҳаракатлари билан тилимизда, демакки, онгу тафаккуримиз – дунёқарашимизда маънавий бойликлар, маънавий тарбия, халқ маънавий бойлиги, халқ маънавияти, маънавий бурч каби тушунчалар янгидан шаклланди.
Президентимиз томонидан 2006 йил 25 августда қабул қилинган “Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарор бу борадаги ташкилий ва амалий ишларни, ғоявий-услубий ёндашувларни такомиллаштиришда  улкан аҳамиятга эга бўлди.
Ушбу қарорнинг самараси биринчи навбатда шунда намоён бўлдики, жойларда Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш, халқимиз, айниқса, ёш авлод қалби ва онгига она юртга муҳаббат, истиқлолга  садоқат туйғуларини чуқур сингдиришга қаратилган маънавият ва маърифат ишларига эътибор янада кучайди. Бу борадаги фаолият янгича руҳ, маъно-мазмун  билан бойиди.
Мустақиллик йилларида юртимизда Республика Маънавият тарғибот маркази, вилоятларда унинг минтақавий-ҳудудий бўлимлари, шунингдек, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, махсус тарғиботчилар гуруҳлари ташкил этилди. Барча вилоятларда ҳокимларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчилари фаолияти йўлга қўйилди.
Шуни таъкидлаш керакки, истиқлол йилларида амалга оширилаётган маънавий тарғибот фаолияти ўзининг мазмун-моҳият ва аҳамияти жиҳатидан эски даврдаги “пропаганда-агитация ишлари”дан ер билан осмонча фарқ қилади. Конституциямизнинг 12-моддасида: “Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас”[3], деб белгилаб қўйилганини эслаш мақсадга мувофиқдир.
Мақсадимиз оддий ва ҳаётий  – одамларимиз қалби ва онгида юқорида зикр этилган инсоний туйғулар қарор топиши, жамиятимизда олижаноб фазилатлар устувор бўлишига эришишдир.
Асосий Қонунимизнинг 4-моддасида: “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”[4],деб мустаҳкамлаб қўйилган.
Бу ҳақда сўз борганда, Президентимизнинг ташаббуси ва тарихий жасорати билан 1989 йилдаёқ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани, 1990-1991 йилларда қабул қилинган қатор ҳужжатларга мувофиқ юртимизда “Наврўз” байрами қайта тиклангани, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари катта байрам ҳамда дам олиш кунлари деб эълон қилингани – бу каби муҳим тарихий қарорлар халқимизнинг асрий орзу ва армонлари рўёбга чиқиши, миллий қадриятларимиз тикланиши йўлида илк йирик қадамлар бўлганини алоҳида таъкидлаш даркор.
Ўзбекистонда  кўп сонли миллат ва элат вакилларининг биргаликда, ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб умр кечириши натижасида уларнинг ҳар бири маънавий ва маданий жиҳатдан бойиб, ўзаро муносабатлар таъсирида кўп миллатли халқимизнинг турмуш тарзи янада юксалмоқда.
Бошқача айтганда, миллатлараро тотувлик ғояси жамиятимизда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг маънавий асосига айланмоқда.
Бу ғоя – ҳар бир миллат вакилининг истеъдоди ва салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш учун шароит яратиб, уни Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги каби эзгу мақсадлар сари сафарбар этмоқда.
Бугунги кунда юртимизда маънавий-маърифий муҳитни янада яхшилаш, минг йиллар мобайнида сайқалланиб келаётган ибратли анъана ва қадриятларни тарғиб этиш борасида кўплаб тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, жойларда қизиқарли кўрик-танловлар, кўргазмалар, учрашув, мулоқот ва давра суҳбатлари уюштирилмоқда, илмий рисолалар чоп этилмоқда, оммавий ахборот воситаларида ранг-баранг материаллар эълон қилинмоқда.
Конституциямиз ўзининг ижобий жиҳатлари, янги томонлари, таъбир жоиз бўлса, инсоний қиёфаси билан ажралиб туради. Асосий Қонунимизда, Президентимиз таъкидлаганидек, дунёвий неъматлар орасида энг улуғи – инсон деган фикрни илгари сурдик.
Президентимиз таъбири билан айтганда, “ўз истиқлол ва тараққиёт йўлимиз – бу гул билан қопланган йўл эмас, бу тоталитаризм меросидан халос бўлиш ва покланиш, мафкуравийлик иллати етказган зиён-заҳматларни бартараф этишнинг қийин, узоқ давом этадиган йўлидир. Бу – жаҳон цивилизациясига қўшилиш, чинакам сиёсий-иқтисодий истиқлолга эришиш йўлидир”[5].
Ислоҳот – аввало одамлар онгидаги ўзгаришдир. Дунёда энг қийин иш инсонни тарбиялаш, унинг онгу тафаккурини шакллантириш, деган гап бор. Истиқлол ва Конституция шарофати билан жамиятимиздаги маданий-маънавий иқлим тубдан ўзгарди.
Миллатимиз, халқимиз ўзлигини англамоқда. Фуқароларимизда миллий ғурур, орият, шаън, қадр-қиммат, номус туйғулари кучаймоқда, ҳаётга янгича муносабат тобора мустаҳкам қарор топмоқда. Ватангамеҳр, мулкка эгалик ҳисси ошмоқда.
Мустақиллик йилларида одамларимизнинг дунёқараши тубдан ўзгарди, бугунги замондошларимиз ўтган асрнинг 90-йилларидаги одамлар эмас. Юртдошларимизнинг маънавий дунёси, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти юксалиб, ижтимоий фаоллиги ўсиб, дахлдорлик туйғуси кундан-кун кучайиб бормоқда.
Бинобарин, юксак маънавият, юксак ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият эгаси бўлган шахсни ҳеч ким енга олмайди, бундай юксак сифат даражалари қарор топган давлат ва жамият эса ҳаргиз таназзулга юз тутмайди.
Конституция ва ҳуқуқий маданият, маънавият ва миллий қадриятлар ҳақида гап борганда, кўҳна заминимиз одамлари кўнглида устувор бўлган адолат, ҳақиқат, иймон, олижаноблик, бағрикенглик, мардлик, тантилик каби улуғ хислатлар Конституциямиздан муносиб ўрин олганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Зотан, Асосий Қонунимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини ўзида яққол акс эттиради.
“Шу азиз Ватан – барчамизники”, “Ўзбекистон – ягона уйимиз”. Президентимиз Ислом Каримов томонидан айтилган бу ҳикматли даъватларнинг маъно-моҳияти бугун халқимизнинг, миллатидан қатъи назар, шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳаётидан мустаҳкам ўрин эгаллади, том маънода қалб амрига айланди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2012 йил – Мустаҳкам оила йили, деб эълон қилингани ана шу эзгу мақсаднинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Зеро, тобора глобаллашиб ва мураккаблашиб бораётган бугунги даврда ҳаётнинг ўзи бизга турли миллат, эътиқод ва дин вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ҳукм сурган шароитдагина умумий хонадонимиз бўлган Ватанимиз ва жамиятимиз, ҳар биримизнинг оила-рўзғоримиз, фарзандларимиз келажагини таъминлашга эришиш мумкинлигини кўрсатиб турибди.
Неча минг йиллик тарихимиз шундан гувоҳлик берадики, олижаноблик ва инсонпарварлик, миллатлараро тотувликка интилиш халқимизнинг энг юксак фазилатларидандир. Истиқлол бизга ана шу эзгу анъаналарни изчил давом эттириш ва авлоддан авлодга янада мукаммал бўлиб ўтишини таъминлаш имконини берди.
Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, “Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир”[6].
Ўз навбатида, Конституция – биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки ғурур-ифтихор, керак бўлса, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, тили, динидан қатъи назар, барча инсонлар учун мустаҳкам бир ҳимоя.
Юртимизда мустабид тузум замонидагидан жиддий фарқ қилароқ, хотин-қизларнинг тенглиги, эркинлигини қоғозда, қуруқ сўзда – ҳавойи мафкурада эмас, том маънода амалий ҳаётимизда рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, аёлларни иззат-икром қилиш, улуғлаш, ардоқлаш, оғирини енгил қилиш ота-боболаримиздан қолган муқаддас удумимиздир.
Муҳими шундаки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларимиз, шу жумладан, хотин-қизлар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари мустаҳкамланган.
Шунинг ўзи ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларга мос ҳолда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг оила, жамият ва давлат қурилишига оид вазифаларни ҳал этишдаги ўрни ва нуфузини тамомила янги босқичга кўтариш борасида босқичма-босқич ислоҳотлар ўз самараларини бераётганини кўрсатиб турибди.
Энг муҳими, мамлакатимиз раҳбари томонидан истиқлол йилларига “Инсон манфаатлари”, “Оила”, “Аёллар”, “Соғлом авлод”, “Она ва бола”, “Меҳр ва мурувват”, “Мустаҳкам оила”каби турли номлар берилиши ва шунга мувофиқ тарзда бир-бирини мантиқий давом эттирадиган махсус дастурларнинг ҳаётга кенг жорий қилиниши ибратли анъанага айланди.
Агар аҳолимизнинг қарийб 52 фоизини хотин-қизлар ташкил этишини ҳисобга олсак, юқоридаги дастурлар ижросидан меҳру муҳаббат, ва нафосат тимсоли – оналаримиз, опа-сингилларимиз, гўзал ва оқила қизларимизга етаётган манфаатлар кўлами нечоғли кенг экани янада ойдинлашади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддасида: “Ҳарбир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, деган қоида мустаҳкамлаб қўйилган.
Биз ҳақиқатан ҳам ўз фарзандларимиз ва набираларимиз билан фахрланишни истасак – улар замонавий билим ва тажрибага эга, иймонли-эътиқодли бўлишларига, Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирган буюк аждодларимизнинг ишларини давом эттиришларигамуваффақ бўлишимиз, бунинг учун эса албатта нуридийдаларимизнинг ҳар томонлама соғлом камол топишларини таъминлашимиз лозим.
Юртдошларимизнинг умри истиқлол йилларида 6-8 ёшга узайди. Шу биргина мисолнинг ўзи ҳам мамлакатимиз танлаган соғлиқни сақлаш миллий модели қанчалик тўғри ва самарадор эканини тасдиқлаб турибди.
Конституциямизнинг 42-моддасида: “Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади”,деган қоида мустаҳкамлаб қўйилган.
Мамлакатимиз олий ўқув юртларида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашув жараёни изчил ривожланаётгани мисолида ҳам ана шу конституциявий қоиданинг ҳаётимизга нечоғлик чуқур татбиқ этилаётганини кўриш, кузатиш кишига мароқ бағишлайди.
Маърифат – маънавиятга олиб келадиган йўл.Иқтисодий ислоҳотларни ҳал этиш, ҳеч шубҳасиз, ғоят муҳим масала. Халқфаровонлигига ҳам албатта эришамиз.
Аммо маънавий ислоҳотлар, қуллик ва мутелик исканжасидан озод бўлиш, қадни баланд тутиш, ота-боболаримизнинг удумларини тиклаб, уларга муносиб ворис бўлиш, ҳар томонлама комил инсонни тарбиялаш – бу дунёда бундан ортиқроқва бундан шарафлироқвазифа йўқ.
Шунинг учун ҳам Президентимиз ана шу омилларнинг барчасини назарда тутиб, Ўзбекистонда таълим тизимини ҳар томонлама ривожлантириш борасида янги ташаббус ва ғояларни мунтазам илгари суриб келмоқда.
Бу ташаббуслар амалда ўз тасдиғини топиб, юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини таъмин этаётгани баробарида, жаҳон ҳамжамияти эътирофига ҳам сазовор бўлаётир.
Бутунжаҳон банки маълумотига кўра, мамлакатимиз аҳолисининг саводхонлик даражаси 99,34 фоизга етган.Ўйлаймизки, бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан эканини изоҳлаб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак.
Ҳа, бугунги кунда фақат юксак билимли, замонавий, мустақил фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган ва амалий касб-ҳунарларга эга бўлган ёшларгина мамлакатнинг буюк келажагини таъминлаши мумкин.
Президентимиз таъбири билан айтганда, “Биз яшаётган XXI аср – интеллектуал бойлик ҳукмронлик қиладиган аср. Кимки бу ҳақиқатни ўз вақтида англаб олмаса, интеллектуал билим, интеллектуал бойликка интилиш ҳар қайси миллат ва халқ учун кундалик ҳаёт мазмунига айланмаса – бундай давлат жаҳон тараққиёти йўлидан четда қолиб кетиши муқаррар”.
Интеллектуал салоҳиятнинг юксак даражада ривожланиши халқнинг миллий маънавияти юксалишида ҳам улкан омилга айланади. Яна бир муҳим томони – у миллий манфаатларни ҳимоя қилишда қудратли қурол вазифасини бажаради.
Қолаверса, интеллектуал жиҳатдан ривожланган мамлакатда демократик қадриятлар барқарор ривожланади. Чунки интеллектуал бойлик фақат билим, ақлу тафаккур, илм-фан салоҳияти билан чекланмай, юксак маънавиятни ҳам ўз ичига олади.
Бу ўринда, авваламбор, Франциянинг нуфузли “Insead” халқаро бизнес мактаби ва Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан тайёрланиб, 2012 йил 3 июль куни эълон қилинган “2012 йилдаги инновацияларнинг глобал индекси” номли таҳлилий маърузага таянган ҳолда жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари тарқатган бир хушхабарга тўхталиш жоиз.
Яъни, таълим соҳасидаги инновациялар кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон дунёда иккинчи ўринни эгаллади, дейилади мазкур хабарда.
Бу каби юксак эътирофлар кейинги даврда тобора кенгайиб, энг муҳими, аниқ илмий-амалий тадқиқотлар, халқаро таҳлилий ҳужжатлар, нуфузли расмий анжуманларнинг якуний резолюцияларида ўз аксини топаётгани диққатга моликдир.
Жумладан, 2012 йил февраль ойида пойтахтимизда бўлиб ўтган “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш – мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзусидаги халқаро конференциянинг иштирокчилари томонидан қабул қилинган якуний ҳужжатда Ўзбекистонда таълим соҳасида шаклланган самарали модель юксак баҳоланиб, бу борада тўпланган тажрибаларни бошқа мамлакатлар учун намуна сифатида тавсия этиш лозим, деган хулосага келинди.
Тошкент давлат техника университетида амалга оширилаётган “Янги авлод олимлари” лойиҳасини, таъбир жоиз бўлса, илмий салоҳиятга эга замонавий техник кадрларни мақсадли тайёрлашнинг ўзига хос намунавий тизими сифатида кўрсатиш мумкин.
Бу лойиҳага ҳозирда 260 дан зиёд ёш тадқиқотчи жалб этилган бўлиб, улар томонидан мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришга хизмат қилувчи истиқболли илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Бундай ибратли ташаббуслар бошқа олий ўқув юртларида ҳам турли йўналишлар бўйича фаоллик билан амалда татбиқ этилаётгани қувонарлидир.
Президентимизнинг 2012 йил 24 июлда қабул қилинган “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ўз вақтида қабул қилинган, соҳадаги демократик янгиланишларни мантиқий давом эттиришга қаратилган дастуриламал ҳужжат бўлди.
Биз ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз, кам эмасмиз, кам бўлмаймиз ҳам!Ёшлар, қайси соҳада бўлмасин, замонавий билимларни эгаллашга, илм чўққиларини забт этишга, энг илғор техника ва технологияларни жиловлашга бел боғлар экан, аввало, ана шу даъватга таяниб иш кўриши айни муддаодир. Биз шавкатли аждодларимизга муносиб бўлмоғимиз зарур.
“Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг барча йўналишлари қаторида маънавият соҳасига оид вазифалар ҳам аниқ белгилаб берилган.
Чунки Концепцияда зикр этилган  улуғвор ва мураккаб вазифаларни ҳал этиш, аввало, таълим-тарбия, маънавият-маърифат, тарғибот-ташвиқот масалаларига бориб тақалади.
Концепция, ўз моҳиятига кўра, давлат ва жамият ривожининг принципиал жиҳатдан янги босқичида мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича бошланган кенг кўламли ишларни янада изчил давом эттириш дастуридир.
Президентимиз таъкидлаганидек: “Маънавият ҳақида ҳар қанча даъватлар, муҳим назарий фикрлар билдирилмасин, агар уларни жамият онгига сингдириш учун доимий иш олиб бормасак, бу борадаги фаолиятимизни ҳар томонлама пухта ўйланган тизимли равишда ташкил этмасак, табиийки, биз кўзланган мақсадга эришолмаймиз, яъни, инсон қалбига йўл тополмаймиз”[11].
Ўзбекистон халқининг миллий тараққиёт йўлидаги бош ғояси – озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш экан, бу ғоя халқимизнинг азалий эзгу интилишлари, бунёдкорлик фаолиятининг маъно-мазмунини белгилайди, ҳар бир инсон учун муқаддас бўлган юксак қадриятларни ўзида мужассам этади.
Албатта, биргина китоб доирасида истиқлолимизнинг ортда қолган қисқа, айни чоғда шонли тарихи давомида юртимизда амалга оширилган маънавий ислоҳотларнинг бутун қамровини кўрсатиш, маънавий соҳадаги ўзгаришлар самараларининг мустақил тараққиётимизда тутган ўрни ва аҳамиятини, қолаверса, истиқболдаги вазифаларимизнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ очиб бериш осон иш эмас.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.