топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Конституция ва халқаро ҳаёт

Конституция - бахтимиз қомуси
Қонунчилик


Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати ва халқаро фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормалари ва принципларига, «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонунга, «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Қонунга, «Мудофаа тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Ҳарбий доктринасига, бошқа қонунларга, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг принциплари ва мақсадларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ратификация қилинган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва битимларидан келиб чиқадиган мажбуриятларга асосланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси муқаддимасининг 5 бандига мувофиқ “Ўзбекистон халқи: халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олади”.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 17-моддасига биноан: “Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади.
Республика давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин”.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий нормаларга асосланиб ички ишларга аралашиш, мустақилликни ва суверенитетни камситиш ҳамда давлатлараро муносабатларни мафкуралаштиришнинг ҳар қандай эҳтимолини истисно этувчи тенг ҳуқуқли ва ўзаро фойдали муносабатларни барча давлатлар билан йўлга қўяди.
 Президентимиз мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида бугунги ўта нотинч, таҳликали бир шароитда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини яна бир бор маълум қилди. Биз барча муаммоларни, қарама-қаршиликларни фақатгина сиёсий йўл, тинч воситалар орқали ҳал этиш тарафдоримиз.
Бизга тинчлик ва омонлик керак. Ўзбекистон бу эзгу ниятга изчил амал қилиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини қўлга киритиши биланоқ дунёдаги барча мамлакатлар билан ўзаро икки ҳамда кўп томонлама муносабатларини белгилашда биринчи навбатда тинчликпарварлик тамойилига амал қиладиган ички ва ташқи сиёсат юритишини жаҳонга маълум қилган эди. Чунки тинчлик, хотиржамлик ҳукм сурган мамлакатдагина фаровон ва ободлик учун интилиш, эзгу режаларни амалга ошириш иштиёқи ҳамда имкониятлари юзага келади. Хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, турли таҳдид ҳамда хавф-хатарларга қарши кураш масаласи долзарб аҳамият касб этаётган бугунги кунда ушбу ҳаётий ҳақиқатнинг қадр-қиммати янада юксак ва теран мазмунга эга. Истиқлол йилларида мамлакатимиз ташқи сиёсатининг асосий йўналиши ҳам ана шу устувор вазифалар ижросига оғишмай амал қилиб келинаётгани билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганидек, «… Биз дастлабки кунларданоқ мустақил равишда ташқи сиёсат юрита бошладик. Тинчлик ва ҳамжиҳатлик принципларини олға сурдик. Ўзбекистон иқтисодий ва маънавий салоҳиятли буюк давлат эканини англатиб турдик ва бу ҳақиқатни амалда намоён эта бошладик».
Дарҳақиқат, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён шу вақтгача тадрижий равишда амалга ошириб келаётган ташқи сиёсати бу шунчалик кузатувчи мақомидаги сиёсат эмас, балки халқаро муносабатлар тизимининг тенг ҳуқуқли, фаол аъзоси сифатидаги аниқ мақсадларни кўзлаган тинчликпарвар сиёсат эканлигини ҳар бир ташланаётган жиддий қадамлар мисолида кўришимиз мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдонда олиб бораётган ташқи сиёсатини, унинг мамлакатимизнинг миллий манфаатларига жавоб берадиган стратегик устувор йўналишларини янада такомиллаштириш бугунги кунда энг долзарб масалалардан бири бўлиши табиийдир. Шу боис 2012 йил сентябрь ойида «Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унда Ўзбекистон Республикасининг турли ҳарбий сиёсий блокларга кирмаслиги, ўзининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича қатъий позицияга эга бўлиши ҳамда ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари жойлаштирилишига йўл қўймаслиги, очиқ, изчил ва фаол ташқи сиёсат олиб бориши каби тинчликпарварлик тамойилларига йўғрилган эзгу-мақсадлар мужассамдир. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, қон-қонимизга сингиб кетган бизга тинчлик ва омонлик керак, тамойилини амалга ошириш барчамиз учун долзарб вазифадир. Шубҳасиз, тинчлик дипломатиясини тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлаш халқлар ҳамда давлатлар ўртасидаги дўст­лик, юксалиш ва тараққиёт омилидир.
Ўзбекистоннинг 23йиллик мустақил тараққиёти даврида ҳар томонлама пухта ўйланган ҳамда миллий манфаатларга асосланган, дунёда кенг эътироф этилган ва жаҳон ҳамжамиятида мамлакатнинг обрў-эътиборини мустаҳкамлаган ташқи сиёсий йўли шаклланди. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ўтган йигирма уч йил давомида эришилган амалий тажрибага таяниб, фаол, дадил ва мутаносиб ташқи сиёсий йўлни амалга ошириш талаб этилаётган ХХI асрнинг тинимсиз ўзгариб бораётган халқаро сиёсий вазиятини ҳисобга олган ҳолда қурилмоқда.
Ўзбекистон ташқи сиёсат ҳамда дипломатик муносабатларни амалга ошириши учун қулай имкониятларга эга. Бу биринчидан, мамлакатимизнинг қулай географик жойлашуви, иккинчидан, мамлакат ҳудудининг минерал ва фойдали қазилмаларга бойлиги, учинчидан, давлат миқёсида иқтисодий-ижтимоий сиёсатни амалга ошириш учун имконият берадиган барқарорлик, байналмилаллик принципларининг пойдевор аҳамияти мужассамлигидандир.
Ташқи сиёсатимизнинг ҳуқуқий мезонлари Конституциямизда ва “Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг асосий принциплари тўғрисида”ги Қонунда белгилаб қўйилган.
Мамлакатимиз ташқи сиёсати ва дипломатиясининг мақсади Fapб ва Шарқ ўртасидаги ўзига хос кўприк вазифасини ўташни таъминлаб беришдир.
Тарихга назар ташласак, айнан шу омилнинг Марказий Осиёдаги давлатлараро муносабатларда мунтазам мавжуд бўлганлигини кузатиш мумкин. Бундан ташқари, давлатлараро муносабатларда Буюк Ипак йўли йўналишини ривожлантириш ҳам муҳим саналади.
Жаҳон амалиётидан маълумки, мустақил тараққиёт йўлига кирган мамлакатлар ҳеч қачон ўз қобиғига ўралиб ривожланмаган. Аксинча, жаҳон ҳамжамиятига қўшилиш орқали ўз тақдирини белгилаган. Ҳозирги даврда, айниқса, интеграция жараёнлари ва фан-техника тараққиёти кучайган бир вақтда давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигисиз фаолият юритишлари мумкин эмас. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон мустақил давлат мақомига эга бўлиши биланоқ жаҳон ҳамжамиятига қўшилиш йўлини тутди.
Ҳозирги замон халқаро алоқаларининг умумий жиҳати шундан иборатки, кейинги ўн йилларда дунёнинг турли минтақаларида вужудга келаётган ва давлатлар­аро муносабатларнинг турли соҳаларини қамраб олган интеграцион жараёнлар тез ривожланиб бормоқда. Бундай жараёнлар тараққиётида давлатларни ўзида бирлаштирадиган халқаро ташкилотлар роли каттадир. Президентимиз айтганларидек, «Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларнинг турли субъектлари билан алоқалари қанчалик чуқур ва кенг бўлса, улар билан муносабатларда ноаниқликлар, ётсирашлар, муаммолар ва ҳал қилинмаган масалалар, кутилмаган воқеа-ҳодисалар шунчалик кам бўлади. Худди шу нарса хавфсизликка солаётган таҳдидларни бартараф этиш ва барқарор ривожланишни таъминлашнинг зарур шартидир».
Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий ва устувор йўналишларидан бири Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкилотига аъзо бўлган мамлакатлар билан турли хил сиёсий ва иқтисодий муносабатларни ривожлантиришдир. МДҲ миқёсида кўпгина конвенциялар, декларациялар, келишувлар ва бошқа норматив актлар қабул қилинганки, бу ташкилотга аъзо мамлакатларнинг бирлиги, ўзаро ёрдам принципларига таяниши, манфаатли ҳамкорлик, ўзаро ишонч ришталарини ҳуқуқий таъминлашга имкон бермоқда. Аммо, ташкилотнинг ривожланиши бир маромда кечаётгани йўқ. Ташкилотга аъзо айрим мамлакатларнинг турли иқтисодий вазиятга эга эканлиги, иқтисодий ислоҳотлар турли даражада амалга оширилаётгани бунга сабабдир. Ҳозирда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ҳамда дипломатиясида устувор мақсад ягона манфаатлар муштараклиги, иқтисодий ва сиёсий алоқаларнинг ўзаро манфаатли тарзда амалга оширилишига қаратилаётганидир. Ушбу алоқалар биринчи навбатда, хал­қаро ҳуқуқ ва унинг нормаларига таяниб иш кўрилаётганида намоён бўлмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё давлатлари билан алоқалар ҳам Ўзбекистон ташқи сиёсатида муҳим аҳамият касб этади. Бу давлатларни тарихий илдизлар, анъаналар, муштарак мақсадлар бирлаштириб турган бўлса, ҳозирда уларни сиёсий, савдо, маданий, техник ҳамда дипломатик соҳада ўзаро манфаатли алоқаларни чуқурлаштириш ва интеграциявий муносабатларни ривожлантириш янада жипслашишга ундамоқда.
Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчи геостратегик ўринни эгаллаб, қўшни давлатлар учун ўзига хос йўлчи юлдуз вазифасини ўтамоқда. Бундан ташқари, республикамиз иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан мазкур минтақадаги энг ривожланган давлат ҳисобланиб, катта маданий, илмий ва маънавий салоҳиятга эгадир. Юқоридаги омиллардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Марказий Осиёда жойлашган давлатлар ўртасида боғловчи бўғинга айланмоқда. Ўзбекистон ва бошқа давлатларнинг ташқи сиёсати ва дипломатияси ҳуқуқий асосларида ўзаро ҳамкорлик, ички ишларга аралашмаслик ва шунга ўхшаш халқаро принциплар мустаҳкамлаб қўйилган.
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан турли хил, хусусан, дипломатик алоқалари мустаҳкамлаб борилиши стратегик аҳамиятга эга масаладир. Бу вазифаларни қуйидаги омиллар белгилаб бермоқда: биринчидан, Марказий Осиёда жойлашган мамлакатлар халқлари бир-бирини тилмочларсиз тушуниши; иккинчидан, ҳозирги миллий давлатчиликнинг ўзига хос ривожланишида бирдамликка чақирувчи имкониятларнинг мавжудлиги; учинчидан, тарихий, ҳуқуқий, диний ва аҳлоқий қадриятларнинг муштараклиги; тўртинчидан, ўлкада азалдан хурфикрлилик, озодлик ва эркинлик принципларининг устувор аҳамиятга эга бўлганлигидир.
Маълумки, XXI аср бошига келиб, Осиё минтақасида ўзига хос вазият вужудга келди. Марказий Осиёнинг бу минтақада катта мавқега эга эканлигини ҳисобга олиб, бу ҳудудда содир бўлаётган жараёнларни четлаб ўтишнинг иложи йўқлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бу ҳудудда алоқаларни ривожлантиришни белгилаб берадиган зарур омиллардан бири Марказий Осиё минтақасининг геостратегик ва иқтисодий жиҳатдан ҳамда табиий захиралар нуқтаи назаридан халқаро муносабатларда етакчи ўринларга чиқаётганлиги масаласидир. Бундан ташқари, бу омилнинг асосли эканлигини катта иқтисодий ва илмий-техникавий салоҳият ҳам белгилаб бермоқда.
Ўзбекистон дипломатик фаолиятининг асосини халқаро шартномалар ташкил этар экан, биз икки томонлама ва кўптомонлама шартномаларни назарда тутамиз. Бу мамлакатимиз ташқи сиёсатининг самарали амалга оширилишига ёрдам беради. Ҳозирда дунё мамлакатлари сиёсий дипломатияга қараганда иқтисодий дипломатияга катта эътибор бериши лозимлигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Чунки, мамлакатлар ўзаро сиёсий ва иқтисодий алоқаларга киришиб турадилар, бу цивилизациявий муносабатларни доимо амалга оширилилишидан далолатдир.
Ўзбекистон Республикаси дипломатияси олдида турган муҳим вазифалардан бири Марказий Осиё мамлакатларининг халқаро гуманитар ва халқаро хавфсизлик масалаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлигини таъминлаб беришдир. Бунинг учун биринчи навбатда, хал­қаро ҳуқуқ нормаларининг миллий қонунчиликка имплементацияси ҳамда минтақада жойлашган мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаб бериш зарур.
Қисқаси, Ўзбекистон минтақавий даражадаги илмий, маданий, ҳарбий, сиёсий, ахборот алмашиш, экологик, гуманитар, меҳнат муносабатлари соҳасидаги алоқаларни жонлантириб, ўзининг геостратегик мақсадларини Марказий Осиё мамлакатлари миллий манфаатлари билан ҳамоҳангликда олиб бормоқда. Бу мамлакатимизнинг миллий манфаатларига мосдир.
Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясиЎзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида ишлаб чиқилган ва парламентга Давлат раҳбари томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган.
Ҳужжатда ҳозирги халқаро муносабатлар тизимидаги ўзгаришларга Ўзбекистон Республикасининг манфаатлари нуқтаи назаридан баҳо берилган. Унда давлат ташқи сиёсатининг асосий мақсади, принциплари, вазифалари, шунингдек устувор йўналишлари белгилаб берилган. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолиятини шакллантириш жараёнлари ва уни амалга ошириш механизмлари очиб берилган.
Дунёда ва минтақамизда юзага келган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек халқаро ва минтақавий тараққиётнинг долзарб масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикасининг принципиал нуқтаи назарига мувофиқ Концепцияда қуйидаги асосий қоидалар баён этилган:
Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатларига, фаровонлиги ва хавфсизлигига, мамлакатни модернизация қилишнинг устувор йўналишларига, амалдаги миллий қонунчилик ҳамда қабул қилинган халқаро мажбуриятларга амал қилган ҳолда иттифоқлар тузиш, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириш, шунингдек улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади;
Ўзбекистон тинчликсевар сиёсат юритади ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди, ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади;
Ўзбекистон Республикаси қўшни давлатлардаги қуролли зиддиятларга ва танг вазиятларга тортилишининг олдини олиш юзасидан сиёсий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни кўради, шунингдек ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди.
Конституцияга, «Мудофаа тўғрисида»ги Қонунга ва Ҳарбий доктринага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фақат давлат суверенитети ва мамлакат ҳудудининг яхлитлигини ҳимоя қилиш, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини асраш мақсадидагина тузилади ҳамда хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмайди.
Концепцияда Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик, суверенитетни, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, чегараларнинг дахлсизлиги ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, мунозарали масалаларни тинч йўл билан ҳал этиш, шунингдек куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик каби устувор принципларига содиқ бўлиб қолишига алоҳида ўрин берилган.
Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши Марказий Осиё минтақаси бўлиб, мамлакатнинг ҳаётий муҳим манфаатлари бу минтақа билан чамбарчас боғлиқлигини таъкидладилар. Ўзбекистон ўзининг яқин қўшнилари билан муносабатларда доимо очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат юритиш тарафдори бўлиб қолади, минтақадаги барча долзарб сиёсий, иқтисодий ва экологик муаммолар ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, амалий мулоқот ва халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал этилишини ёқлайди. Концепцияда Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиё муаммолари ташқи кучлар аралашувисиз, минтақадаги давлатларнинг ўзи томонидан ечилиши кераклиги тўғрисидаги нуқтаи назари аниқ баён этиб берилган.
Концепцияда назарда тутилганидек, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришишга кўмаклашишдан иборатдир. Ҳужжатда Ўзбекистон ўзининг Афғонистонда узоқ муддатли барқарорлик ва тинчлик сақланишининг қатъий тарафдори эканлигини ҳамда тарихий тажрибани ҳисобга олиб, бу мамлакатга нисбатан анъанавий тарзда яхши қўшничилик ва дўстона сиёсат юритаётганлиги таъкидланади. Ўзбекистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик принципларига риоя этилиши тарафдори ва у билан ўз муносабатларини икки томонлама асосда, ҳар иккала мамлакатнинг миллий манфаатлари ва халқаро ҳуқуқнинг умум қабул қилинган нормаларини ҳисобга олиб, Афғонистон халқи танлайдиган йўлни ҳурмат қилган ҳолда йўлга қўяди.
Концепцияда трансчегаравий сув ҳавзалари ресурсларидан фойдаланиш масалаларида Марказий Осиё мамлакатларининг ягона нуқтаи назари йўқлиги туфайли ушбу сув ҳавзаларидан фойдаланишнинг ҳал этилмаган ҳаётий муҳим муаммоларига ҳамда айрим давлатлар сувдан биргаликда фойдаланиш соҳасидаги давлатлараро муносабатларни тартибга солувчи халқаро ҳуқуқ нормаларини инкор этаётганлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Концепциясида таъкидланганидек, Ўзбекистон минтақадаги барча экологик муаммолар ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, амалий мулоқот ва халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал этилишини ёқлайди.
Албатта, Ўзбекистон ҳукумати томонидан тинчликпарвар ички ва ташқи сиёсатнинг тарғиб этилишида қатор тарихий, ғоявий-маънавий асослар мавжуд. Бугун меҳнаткаш, бағрикенг ўзбек халқи, кўп миллатли Ўзбекистон узоқ ўтмиш силсиласида эришган маънавий қадриятлари негизида фуқаролик жамиятини барпо этишида осойишталикнинг аҳамияти беқиёс. Чунки, барқарор тараққиётнинг узлуксиз таъминланиши учун, халқаро саҳнада тинчликни қўллаб-қувватлаш долзарб масала ҳисобланади.
Машҳур Америка олими Самуэль Ҳантингтон ўзининг асарларида янги даврда «маданиятлар тўқнашуви»ни башорат қилган бўлса, биз буни «маданиятлар учрашуви» деб баҳолаб, инсониятнинг эндиги тарихий босқичи ўзаро ҳамжиҳатлик ва осойишталикда яшаши учун катта бир имконият даври бўлади, деган фикрни илгари сурмоқчимиз. Бинобарин, бозор иқтисодиёти асосидаги дунёвий жамиятга интилиш, бу — дунёнинг кўпчилик мамлакатлари танлаган магистрал йўл бўлиб, мазкур оқим қайсидир маънода давлатлар ўртасида истаймизми-йўқми ўзаро компромисс (келишув) муҳитини яратиш заруратини ифодалайди.
Зеро, ХХ асрнинг сўнгги чораги ва ҳатто ҳозиргача давом этиб келаётган дунёнинг айрим нуқталарида, жумладан, бизга яқин Афғонистонда юзага келган беқарор вазият жаҳон ҳамжамиятидан бу масалаларга ўта жиддий ва ҳушёрлик билан эътибор қаратишни, уларнинг ечимини топишда оқилона йўл тутишни тақозо этади. Жаҳон харитасида пайдо бўлган янги мустақил давлат — Ўзбекистон ва унинг Президенти бу борада қатор таклифлар билан чиқди. Марказий Осиёнинг «ядро қуролидан холи ҳудуд»га айлантирилиши, Афғонис­тон бўйича Тошкент музокаралари, минтақанинг келгусидаги хавфсизлик архитектурасининг мустаҳкамланишида Ўзбекистон ташаббуслари муҳим амалий аҳамиятга эга бўлди. Хусусан, афғон муаммосини фақат ҳарбий йўл билан ечиб бўлмаслиги ва бу можарони сиёсий воситалар билан ҳал этиш учун аввалдан фаолият юритиб келаётган мулоқот гуруҳини «6+3» гуруҳига айлантириш борасидаги давлатимиз раҳбарининг НАТО ташкилотининг 2008 йилда Бухарестдаги саммитида билдирган таклифи сиёсий доираларда қизғин муҳокама қилиниб, қўллаб-қувватланди. Янги форматдаги ушбу гуруҳга Афғонистон билан қўшни бўлган олтита давлат, АҚШ ва Россия ҳамда НАТО ташкилотининг вакиллари кириши кўзда тутилган бўлиб, уларнинг асосий вазифаси афғон муаммосини сиёсий, яъни дипломатик воситалар билан ҳал этиш йўлларини излаб топишга қаратилди. Бу узоқ йиллардан буён беқарорлик ўчоғи бўлиб келаётган минтақада тинчлик ва осо­йишталикни ўрнатишда муҳим омил бўлиши шубҳасиз. АҚШнинг Жон Хопкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раҳбари, профессор Фредерик Старрнинг таъкидлашича, Президент Ислом Каримов Афғонистондаги вазиятни «ўта оғир ва нозик» дея, аниқ ҳамда равшан таҳлил этди. Бугунги кунда афғон муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмаслигини реал фикрлай оладиган ҳар бир инсон тушуниб етмаслиги мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Қонунга ва давлатимизнинг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, шунингдек Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига асосланади ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормалари ва принципларига, шу жумладан БМТ Уставига, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига, Халқаро ҳуқуқ принциплари тўғрисидаги декларацияга ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгашининг Хельсинки якунловчи актига мос келади.
Республикамизнинг ташқи сиёсати қуйидаги принципларга таянади:
— миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ўзаро ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш;
— халқаро майдонда ўзаро тенглик, хавфсизлик ва ҳамкорлик, инсон манфаатларининг устунлиги принципларини таъминлаш;
— мамлакат ташқи сиёсати ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва бошқаларнинг ички ишларига аралашмаслик принципларига асосланиши;
— ташқи сиёсатимиз очиқлик ва мафкуравий тазйиқлардан холилиги;
— жаҳон андазаларига мос келадиган ҳуқуқий тизимга эгалиги;
— халқаро ташкилотлар билан ўзаро алоқаларни чуқурлаштириш тарафдори эканлиги.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.