топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Эртак айтишни ўрганинг

Блог им. allauyi
Ҳаммамиз болалигимиздан турли-туман эртаклар тинглаб катта бўлганмиз. Баъзиларимиз балоғат ёшига етганда ҳам эртак китоблар ўқиш, фильм-эртаклар, мультфильмлар кўриш иштиёқини сақлаб қолганмиз. Бу – эртакларнинг сеҳрли олами ғоят мафтункор эканидан, албатта.

Эртак – ҳикоя тарзидаги халқ оғзаки ижоди асари бўлиб, энг қадимий, оммавий ва кенг тарқалган жанр. Юртимизнинг турли ҳудудларида эртак халқ орасида матал, ушук, варсақи, чўпчак, ўтирик, тутал каби номлар билан ҳам аталади.
Эртаклар турмушдаги бирор қизиқ воқени ёки хаёлий ва ҳаётий уйдирма асосига қурилган ибратли ғоя асосида ажойибу ғаройиб тарзда, жозибали, ихчам ва мукаммал ҳолда акс эттириши билан кишида завқ уйғотади.

Ўзбек халқ эртакларини шартли равишда ҳайвонлар ҳақидаги эртаклар, сеҳрли эртаклар, ҳаётий-маиший эртаклар сифатида фарқлаш мумкин. «Бўри билан тулки», «Ҳийлагар бедана», «Чивинбой» каби эртакларнинг бош қаҳрамонлари ҳайвонлар, қушлар, ҳашаротлардир. «Ялмоғиз», «Семурғ», «Зумрад ва Қиммат» эртаклари сирли ва сеҳрли воқеалар асосига қурилган. «Уч оға-ини ботирлар», «Маликаи Ҳуснобод», «Аёз» каби эртакларда баркамол шахсларнинг ибратли ҳаёти ва саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилинади. Шоир ва ёзувчилар ҳам ўз халқининг энг чиройли, таъсирчан эртаклари асосида адабий эртаклар, достонлар, қисса ва хаёлий ҳикоялар яратадилар. Эртаклар асосида бадиий ва мультипликацион фильмлар олинади, саҳна асарлари қўйилади.

«Эртаклар – яхшиликка етаклар», дейди халқимиз. Оилада ота-оналар томонидан фарзандларга ҳаёт ҳақида билим бериш, ўгит-насиҳат қилиш, нутқ ўстириш, меҳру эътиборини амалда ифодалаш учун эртаклар айтилади. Бола улғая борган сари эртакларнинг ҳажми кенгайиб, мазмуни ва мундарижси мураккаблашиб боради. Эртаклар таъсирида фарзандларда ҳаётга муҳаббат, оилага, ота-онага меҳр, дўсту ёрга садоқат, келажакка умид, яхшилик ва адолат тантанасига ишонч ҳислари камолга етади.

Ота-онаси, буви ва боболаридан, донишманд кексалардан эшитган, китобларидан ўқиган эртакларини эслаб қолиб, уларни қизиқарли ва таъсирчан қилиб ҳикоя қилиб берадиган одамни эртакчи дейиш мумкин.

Эртакчилар ҳар бир эртакни тингловчининг диаққтини тортиб, уни маҳлиё қиладиган ҳолда тақдим этиш учун махсус кириш, бошлама ва тугалламадан фойдаланадилар. Кириш қисм эртакчи маҳоратини намойиш қилади, бошлама ва тугаллама эса эртакнинг яхлитлигини таъминлаш билан бирга унга сирлилик ва анъанавийлик бахш этади.

Эртакчи: «Эртагимнинг эри бор, етти қават ери бор, етти қават ерида думи калта бўри бор.», «Бор экан-да, йўқ экан, оч экан-да тўқ экан. Қарға қақимчи экан, чумчуқ чақимчи экан. Ғоз карнайчи экан, ўрдак сурнайчи экан. Тошбақа торозигар экан, қурбақа ундан бир танга қарздор экан. Узоқ ўтган замонларда бир подшо бўлган экан...». Тугалланмада эса кўпинча: «Шундай қилиб, ҳаммалари мурод-мақсадларига етишибди» дейилади.

Дунё болалари ака-ука Гриммлар, Ганс Хрестиан Андрсен, Шарль Пьеро каби эртакчи ёзувчиларнинг эртакларини эшитиб катта бўлишган. Ҳозирги ёшларимиз орасида ҳам «Этик кийган мушук», «Қор қроличаси», «Қизил қалпоқча» эртагини эшитмаган ёки ўқимаганларини топиш қийин.

Андрсен Олео Лукое исмли эртакчи болалар ётоғига кириб, уларга ухлагунларигача ажойиб ва ғаройиб эртаклар айтиб бериши ҳақида ҳикоя қилганда, ҳамма болалар ўзларининг ана шундай эртакчилари бўлишини орзу қилган бўлсалар керак. Болаларнинг ана шу каби орзулари ушалиши учун ота-оналар ранг-баранг қизиқарли ва ибратли эртакларни билишлари керак бўлади. Уларни таъсирчан қилиб айтиб ёки ўқиб бера олишлар керак. Фарзанди учун энг мақбул, севимли эртакчи бўлиш жуда фахрлидир.

1 изоҳ

avatar
Мен хам углимга эртак айтиб беришни ёктираман. Эртак оркали болажонлар уз дунёкарашини оширадилар деб уйлайман
Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.