топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Сарбаланд самарқанд таронаси (2-қисм)

Navoiy davlat konchilik instituti
Илм-фан
Жаннат дарвозаси, Ер юзи кўрки,
Қон-қариндош янглиғ миллатлар юрти,
Мовий гумбазлари  бобомнинг бўрки,
Боболардан мерос қолган Самарқанд,
Ер юзига довруғ солган   Самарқанд.

Албатта, Самарқанднинг улуғвор тарихини намоён этувчи  ўзига  хос кўзгуларидан бири  -  унинг бетакрор меъморий  ёдгорликларидир. Бу  ёдгорликлар Самарқанд нафақат  Ўрта  Осиёда, балки  дунё  миқёсида  шаҳарсозлик  илк бор  шаклланган  масканлардандир. Бу эса Самарқанднинг садоқатли фарзанди И.Каримовнинг шаҳарнинг  тарихий улуғворлигига  муносиб замонавий  қиёфасини яратишга бўлган  улкан бунёдкорлик  ишларида яна ҳам яққол намоён бўлди.  Шунинг учун  мустақилликнинг илк йиллариданЎзбекистон истиқболига мўлжалланган  дастур асосида иш олиб борилиб, Самарқандда  қурилиш-ободонлаштириш ишлари, улуғ аждодларимиз номи билан боғлиқ  масканларни обод қилиш, тарихий-меъморий обидаларни  тиклаш-таъмирлаш,  янги боғ ва хиёбонлар ташкил этиш, шаҳарнинг транспорт  коммуникация  тизимини янгилаш  борасида  мисли кўрилмаган ишлар  амалга оширилди.

Суви Хизр  сувидир Обираҳматнинг,
 Эли жаннат эли Боғи давлатнинг,
Себи Самарқанднингшарбатин айтинг
 Ул боис қизлари  шакарханд дерлар,
 Самари қанд  дерлар, Самарқанд дерлар.

     Самарқанд ўрта асрларда ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва савдо-сотиқда йирик марказлардан бири бўлган. Биринчи  Президентимизнинг ташаббуси, ғоя ва лойиҳалари  асосида Самарқандда  бошланган ишлар бугун изчил давом эттирилмоқда.

Иккита қутбида икки пайғамбар,
Ўртада етмиш минг авлиё ётар,
Ҳу десанг, ҳу-ҳулаб етти пир этар
Муқаддас руҳларга макон Самарқанд,                               
Ватан вужуд бўлса, иймон Самарқанд.

Регистон, Шердор, сўнгра Мирзо  Улуғбек мадрасаси. Зеро, Регистон  мўйсафид Самарқанднинг  инсон кафти  чизиқлари мисоли турли  томонларга  таралган  кўча-гузарларнигина  эмас, балки кўҳна ва бой маданий  тарихимиз йўлларини ҳам  бирлаштирадиган  муаззам сирли обидадир.

Назари тушмиш ул Соҳибқироннинг,
Гавҳари саналар буюк Туроннинг,
Улуғбек тарҳини  чизган  осмоннинг –
Ердаги машъали бўлган Самарқанд,
Навоси нашъали бўлган Самарқанд.

           Ҳазрат султон  Соҳибқирон  табақаси,  унинг тартиби, аҳволи ва  хислатлари ҳақидаги маълумотлар бизга тарихдан маълум. Самарқанд шаҳри ва унинг олим, шоир, фозил кишилари  тўғрисида алоҳида меҳр ва завқ-шавқ  билан фикр юритмоғимиз лозимдир. Самарқанд маҳалла ва кўчалари, темурийлар  давридан  қолган  буюк  меъморий  обида  -  Гўри Амир  мақбараси,  унга  туташ бошқа  меъморий ёдгорликлар,  Улуғбек мадрасаси ва расадхонаси, ички-ташқи қалъа, машҳур боғлар  ҳақида гап кетганда киши ўзини худди ўша  замонларга бориб қолгандек ҳис этади.Азалдан одамлар Самарқандни бир бор кўришни, унинг заминида мангу ором топган азиз-авлиёлар, буюк инсонлар хоки пойини зиёрат қилишни орзу қилишган. Буни ўзлари учун шараф деб билишган. Бугун Самарқанд ана шундай истак, қутлуғ ниятдаги инсонлар билан  ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Чунки, Ўзбекистон Республикасининг  Биринчи Президенти Ислом Каримов  буюк давлат арбоби, улуғ сиёсатчи  ва комил инсон сифатида  халқимиз орасида, бутун дунёда алоҳида ҳурмат  қозонди, Юртбошимизнинг  мангу қўним топган маскани эса ўша она заминимиз  Самарқанд ҳисобланади. Юртимиз шаҳар ва қишлоқларидан келаётган минглаб ватандошларимиз, хорижий мамлакатлардан келаётган меҳмонлар Самарқандни, унинг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилиб, ўз ҳурмат ва эҳтиромларини изҳор этмоқда.

          Асрлар қаъридан келаётган кўҳна ва навқирон Самарқанд ҳали  кўплаб шоирларга илҳом манбаи  бўлиши шубҳасиз.

Тупроғин тутиё қилсин басирким,
Файзи етиб ётар олти асрким,
Хўжаи Аҳрорни билмас ахир ким?
Пойида подшолар фидо Самарқанд,
Руҳий дунёлардан нидо Самарқанд.

Нигора Юлдашева

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.