топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Бадиий асар тилини ўрганиш

Блог им. shoxsanam-jspi

Бугун таълим жараёнида ижобий ўзгаришларни юзага чиқариш учун давлат ҳам, жамият ҳам тўла сафарбар қилинган. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек:” Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Мен бу масалани алоҳида таъкидлаб айтаётганим бежиз эмас. Она тили – бу миллатнинг руҳидир. Ўз тилини йўқотган ҳар қандай миллат ўзлигидан жудо бўлиши муқаррар”.



Ушбу жараёнларда ўқувчиларимиз китобга, бадиий адабиётга ошнолиги уларнинг эзгу фазилат эгалари бўлишида, она тилига, миллат руҳига эътиқодларнинг шаклланишларида алоҳида ўрин тутади. Бугун тил ва адабиёт таълимининг самарадорлигини ошириш ҳақида соҳа мутахассислари ҳам, уларнинг ёнида турган педагог ва психологлар ҳам бош қотиришмоқда, янги-янги усул ва йўлларни топишга астойдил харакат қилишмоқда. Айниқса, она тили таълими жараёнига янги педагогик технологияларни тобора кенгроқ татбиқ этиш устида жиддий изланишлар олиб борилмоқда. Буларнинг барчаси  бизга пировард натижада том маънодаги баркамол шахсни тарбиялаш имконини бериши лозим, зеро, “Бизга битирувчилар эмас, мактаб таълими ва тарбиясини кўрган шахслар керак”. Ўқувчиларга хилма-хил ўқув топшириқларини бажариш асносида бадиий асар тилини ўргатиш, ва тегишли тил сатҳларини ўрганиш жараёнида тавсия этилган бадиий матнлар таҳлилидан унумли фойдаланиш мумкин.


 


Бадиий матнда сўзнинг шунчаки иштирок этмаслигини англаб етиш – бадиий асар тили таҳлилидаги энг муҳим нуқталардан биридир. Сўзнинг фақат қотиб қолган бир маънодагина иштирок этиши ҳақидаги тасаввурлар ўқувчининг бадиий асар тили ҳақидаги тасаввурларининг энг паст даражаси ҳақидаги кўрсаткич бўла олади. Ваҳоланки, сўзнинг бадиий матндаги маъно товланишларини идрок этиш, аниқроғи идрок эта олиш даражасига кўтарилиш бу тасаввурларнинг юқори даражасини англатади.


 


Бу ўринда сўз маъноларининг ўсиб, ўзгариб бориши билан бир қаторда уларнинг ўқувчи онги ва шуурида ҳам акс этишини назарда тутамиз.


 


Мана шу ҳолатни очиқ кўриш, кузатиш мумкинми?


 


Бунинг учун бадиий асар таркибидаги сўз қўлланишидаги меъёр ва унинг бузилишларини ўрганамиз. Одатда, меъёр ҳар доим кўникилган ҳолат-лар билан боғлиқ. Бу сўзнинг қўлланишида ҳам, сўз таркибидаги товушлар тизимида ҳам, гапнинг қурилишида ҳам кўзга ташланиб туради. Кўпинча, мана шу одатийликнинг ўзи эстетик самара бера олади. Бироқ, одатийлик, анъанавийликни бузиш ҳисобига ҳам эстетик самара ҳосил қилиниши ёки кучайтирилиши мумкин. Биз фикримизни Абдулла Қаҳҳорнинг «Бемор» ҳикояси, Шароф Бошбековнинг «Темир хотин» трагикомедияси ҳамда фольклордаги «Алпомиш» достони мисолида исботлашга ҳаракат қиламиз.


 


 «Бемор»да Сотволдининг жажжигина қизалоғи иштирок этади. Унинг жажжилиги шу даражадаки, ҳатто тили ҳам тўла чиқиб улгурмаган. У айрим товушларни тўла ва тўғри талаффуз қила олмайди. «Р» товуши шулар жумласидан. Асарни ўқиб бўлгандан кейин юзага келадиган бадиий самара, эстетик таъсир, бир жиҳатдан, мана шу ҳолат билан ҳам алоқадор.


 


 Энди «Алпомиш»га ўтайлик. Достондаги энг таъсирли нуқталардан бири лапар айтиш саҳнасидир. «Бу сўзларни «Қултой» билан Бодом бикач айтиб турди. Иккови бир-бири билан жуда ҳазилкаш эди. Ул Бодом ёзган мунинг Алпомиш эканини билгани йўқ. Қадимги ҳазиллашиб юрган ўзим-нинг Қултойим, деб кўнглига келган йўқ. «Қултой» жасадли бўлиб бу ҳам ўзини билдирган йўқ. Шуйтиб икковининг ўлан айтишмоқчин бўлиб, Бодом бикач: — Қайиганда кўйган боламнинг тўйининг ўланини ўзим бошлайин, — деб ўлан бошлаб турган ери:


Бодом бикач:


 


Қўй ёйилайкан дейдинг дабонинда, ёй-ёй,


Дон қолмайди оқ буғдой сомонинда, ёй-ёй.


Айтқанғинанг келсин-да, Қултой қайним, ёй-ёй,


Ўлан айтқин Ултонбек замонинда, ёй-ёй».


Бу ерда ҳам бадиий-эстетик таъсирнинг бир жиҳати «р» товушининг талаффузи билан боғлиқ. Бироқ уни талаффуз қила олмайдиган персонаж – бола эмас, балки мутлақо катта ёшдаги киши – Бодом бикачдир.


 


Мисолларнинг хилма-хиллиги учун яна бир бошқа асарга, бошқа жанр-даги бадиият намунасига мурожаат қиламиз. Мактабда «Темир хотин» драмаси 8-синфда ўрганилади. Драмадаги ноодатий сўз қўлланишларидан бири киши эътиборини ўзига тортади. Бу Қўчқор ака нутқидаги ўзига хосликлар билан алоқадор:


 


«О л и м ж о н. (Ҳовлини кўздан кечириб) Хафа бўлманг-у, Қўчқор ака, лекин кеннойимга ҳам қийин-да, аҳволини қаранг, ҳалиям ўчоқ, ҳалиям тезак ёқилади. Прогресс йўқ.


 


 Қ ў ч қ о р. Нима-гресс?...»


«О л и м ж о н. …Ташқи кўриниши одамдан фарқ қилмайди. Кўради, эшитади, гапиради! Ҳатти-ҳаракати, имо-ишоралари, гап-сўзи одамга максимум даражада яқинлаштирилган.


 


 Қ ў ч қ о р. Нима-симум?


 


О л и м ж о н. Максимум. Масалан, бошқарув блокига юмор ҳисси билан боғлиқ микросхема ўрнатилса…..


 


 Қ ў ч қ о р. Нима-схема?»


 


М.Йўлдошев кўрсатганидай, «насрда унлиларни чўзиш, ундошларни қаватлаш, сўзларни нотўғри талаффуз қилиш, товуш орттириш ёки товуш тушириш каби фонетик усуллар ёрдамида экспрессивлик таъминланади»


 


 Биз бу ердаги ўзига хосликни, яъни эстетик қўзғовчи вазифасида кела-ётган унсурни бошқа тиллардан ўзлашган сўзлар воситасида кузатишимиз мумкин бўлади. Албатта, уларнинг барчаси бир хилда самарали бўлган дейиш қийин. Хусусан, асарда дастлабки тарзда кўринган мана шу усул билан унинг кейинги қўлланишлари орасида фарқ очиқ кўзга ташланади.


 


 Яна бир нарса муҳимки, унинг қўлланиш даражаси кўпайган сари, назаримизда, шу усул туфайли туғиладиган бадиий самара пасайиб боради.


 


 Ниҳоят, бадиий асар тили таҳлилида адибларнинг яшаган, шунингдек, бадиий асарнинг яратилган даври алоҳида эътиборда тутилиши керак. Битта сўзнинг ким томонидан қўлланилиши, қайси асарда қўлланилиши тамомила бефарқ эмас. Абдулла Орипов «Сўз ўйин айлай десам ўзгача имло бу кун», деб ёзади. Демак, муайян тарихий даврлар орасидаги тафовутлар ҳам сўз қўллашда («сўз ўйин айлашда») ўз таъсири ва ҳукмини ўтказиб туради.


 


  Худди мана шу илмий-бадиий ҳақиқат бошқачароқ тарзда яна бир йирик адибимиз Э.Воҳидов томонидан жуда гўзал ва таъсирчан тарзда ифодалаб берилган.


 


«Ким қўйибдир севгини қадди букилган чол учун»


 


 Ваҳоланки, классик адабиётимизда қаднинг дол бўлиши ошиқ садоқати-нинг, унинг ўз ёрига нисбатан қатъияти ва вафосининг ташқи белгиларидан бири сифатида келади. Буларнинг барчаси бадиий асар тилини таҳлил қи-лишда тарихийлик тамойилига тўла риоя этилиши шартлигини кўрсатиб туради.


 Бадиий асар тилини таҳлил қилганда бир мантиқий зиддият юзага қалқиб чиққандай бўлади. Дастлаб, бадиий асарнинг алоҳида қисмлари, ало-ҳида сўзлар, гаплар, алоҳида абзацлар, бобларни, алоҳида банд ва мисралар-ни ажратиб олишимизга тўғри келади. Бу бадиий матнни кичик-кичик қисм-ларга бўлиб, парчалаб ташлашни англатмайди, балки мана шу алоҳида, кичик парчаларнинг яхлитлигидан бадиий асарнинг том моҳияти юзага келишини билдиради, холос. Биз бу ерда алоҳида қисмларнинг бир-бири билан ички, мустаҳкам алоқаларини кўрамиз.


 


 Бу аслида фалсафадаги бутун ва қисм, алоҳидалик ва умумийлик қонуниятларининг бадиий асар таҳлилидаги ўзига хос кўринишларидан биридир.


 


Ўқувчиларнинг адабий дидини, сўзга бўлган сезгирлиги ва хиссиётларини тарбиялаш, сўз маъноларидаги нозик қирраларни  тўла илғаш даражасига кўтарилишлари учун матн устидаги ишларга мунтазамлик ва барқарорлик тўсини беришга, бу ишларнинг мавзулар ҳамда синфлар, академик лицейлардаги босқичлар кесимидаги мувофиқлаштирилишига эришиш керак бўлади.


 


Бадиий асар тилини таҳлил қилишда фақат дарс машғулотларидаги чора-тадбирлар билан кифояланмасдан, унинг синфдан ва мактабдан ташқари ташкил этиладиган тадбирлар билан алоқадорликда олиб  борилиши ҳам кутилган самарадорликнинг ортишига ижобий таъсир кўрсатадиган омиллардан эканлиги ўқитувчи – мураббийларнинг диққат марказида бўлиши зарур.


 


Адабиётлар рўйхати:


 


1.И.А.Каримов. Миллий истиклол мафкураси-халқ эътиқоди ва буюк келажакка ишончдир.<<FIDOKOR>> газетаси муҳбири саволларига жавоблар.- Тошкент: Ўзбекистон, 2000, 23-бет.


 


2. Алпомиш. Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси / Тузувчи ва нашрга тайёрловчи Т.Мирзаев. — Т.: Фан, 1999 йил 405-бет.


 


3. Kattabеkov A., Yo'ldoshеv Q., Boltaboеv H. Adabiyot. 8-sinf uchun darslik. – T.: O'qituvchi, 2001. 336, 338 — bet.


 


4. Йўлдошев М. Бадиий матн ва унинг лингвопоэтик таҳлили асослари. – Т.: Фан, 2007 йил 41-бет.


 


Қ.М.Ядгаров,


п.ф.н. (ЖДПИ),  


Дилдора Нарзуллаева,


 талаба (ЖДПИ)

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.