топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ёшлар маънавиятининг шаклланишида тилнинг аҳамияти

Блог им. shoxsanam-jspi

Кишилар ўртасида, жамиятда ўзаро фикр алмашишнинг, миллатни миллат қилиб шакллантирувчи асосий белгилардан бири тилдир. Чунки кишининг қайси миллатга мансублигини белгиловчи асосий омил унинг тили ҳисобланади. Шундай экан, маълум миллатга мансуб барча кишилар миллий маънавиятимизнинг ташувчилари ва яратувчиларидир. Шу сабабли ҳам доно халқимиз “Тилга эътибор – элга эътибор”, деб бежиз айтишмаган. Чунки инсоннинг маънавий юксаклиги, энг аввало, унинг тилдан яъни инсонлар билан бўлган муносабатида билинади. Маданиятли ва маънавиятли киши одамлар билан  муомалада ҳар бир сўзга  эътибор қаратиб, ўйлаб гапиради. Ҳар  бир жумлада маълум мантиқ мужассамлашган бўлади. Халқимизда буни “баъмани киши” деган  ибора билан айтадилар. Аксинча, палапартиш, тўғри келган гапни ўринсиз ҳолда ишлатувчи кишилар эса на ўзини, на ўзгани, на элни ҳурмат қилувчилардир. Халқимизда улар “гапида тузи йўқ” деган ибора билан аталади. Демак, бундай кишиларда маънавият ҳам ҳаминқадар шаклланган бўлади. Чунки инсоннинг ички дунёси, маънавий дунёқараши бутун борлиғи унинг тили, нутқи орқали рўёбга чиқади. Шу сабабли ҳам халқимиз “Бировнинг кишилигини билмоқчи бўлсанг, уни даврага солиб кўр” деб, бежиз айтмаган. Чунки ҳар бир шахс ўз нутқи орқали ўзининг  портретини, характерини, хуллас, қандай шахс эканлигини ўзи чизиб беради.



“Ёмон гап ҳам, яхши гап ҳам бир оғиздан чиқади” деган нақл бор. Маънавий камолотга эришган шахс маълум воқеалар ҳақида кишилар билан мулоқотда бўлар экан нутқ эстетикасига риоя қилади. Мулоқот жараёнида суҳбатдошнинг нафсониятига тегадиган ёки уни ранжитиб қўйиш мумкин бўлган жумлалардан фойдаланилмайди. Агар лозим бўлса айрим воқеаларни баён қилишда суҳбатдошни ранжитмайдиган йўллардан фойдаланади. Халқимизда шундай нақл бор “Тўғри тил  тошни ёради, эгри тил бошни”. Инсон ўз миллатига мансуб кишилар доирасида ўрганган, шу миллатга мансуб бўлган тил маълумки, тил ижтимоий ҳодисадир. Шундай экан, тил жамият билан бирга тараққий этади. Миллат қанчалик маданий ва маънавий жиҳатдан камол топса, тил ҳам сайқал топиб боради.


 


Ҳар бир миллатнинг менталитети, яъни шу миллат ва халққа хос бўлган тафаккур тарзи бевосита тилда акс этиши табиий ҳолдир. Чунки бир миллат ўз тили орқали ўз ҳаёт тарзини ифодалайди, миллий маданиятини ва маънавиятини акс эттиради. Чунки ҳар бир миллат маълум ҳудудда, маълум бир шароитларда яшар экан атрофдаги борлиқ воқеалар, турмуш тарзи ва у билан боғлиқ ҳодисалар унинг тафаккурида намоён бўлади ва нутқи орқали рўёбга чиқади. Масалан, ўзбек халқи қадимдан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланиб келганлиги сабабли шу соҳаларга боғлиқ сўз, ибора, хикматли сўзлар ҳам жуда кўплаб ишлатилади. “Яхши гап жон озиғи, ёмон гап бош қозиғи”, “Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр”, “Палаги тоза”, “Тарвузи қўлтиғидан тушмоқ”, “Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи” ва ҳоказолар. Ушбу ибора ва мақолларнинг ҳар бирида олам олам мазмун мужассамлашган. Масалан, шулардан биттаси, яъни “Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи” мақолини олиб кўрсак, унда от ҳақида мажозий маънода гап бораётган бўлсада, аслида инсон руҳиятига қаратилгандир. Яъни унда маънавий дунёқараши юксак даражада ривожланган шахслар сизнинг бир оғиз гапингиз билан мақсадингизни англаш мумкинлигини, аксинча, маъавий савияси тор кишиларга минг марта гапириб ҳам ўз мақсадингизни, ниятингизни уқтира олмаслигингиз акс этмоқда.


 


Президентимиз таъкидлаганидек, “Она тилимиздаги меҳр-оқибат, меҳр-муҳаббат, меҳр-шавқат, қадр-қиммат” деган, бир-бирини чуқур маъно-мазмун билан бойитадиган ва тўлдирадиган ибораларни олайлик. Қанчалик ғалати туюлмасин, бу ибораларни бошқа тилларга айнан таржима қилишнинг ўзи мушкул бир муаммо.


 


Шуни айтиш лозимки, бу тушунчалар кимдир шунчаки ўйлаб топган ширин калом, қулоққа хуш ёқадиган сўзлар эмас. Бундай тушунчалар асрлар мобайнида эл-юртимизнинг дунёқараши, маънавий ҳаётнинг негизи сифатида вужудга келган, онгу шууримиздан чуқур жой олган буюк қадриятларнинг амалий  ифодасидир. Тил ўзининг кўп шевалиги билан ҳам бошқа тиллардан ҳам ажралб туради. Масалан: қарлуқ, чигил, уйғур, ўғуз уруғлари, қанғли, уруғ ва қабилалари бирлашмаларининг тарихий тараққиётида катта роль ўйнаган.


 


Демак, маълум бир халқ ва миллатнинг менталитети, яъни дунёқараши, маданияти, психологияси ва маънавияти, шубҳасиз, миллат ва кишилари тилида акс этади. Шундай экан, тил маълум бир миллат маънавиятини акс эттирувчи кўзгудир.


 


Д.Файзуллаева,


ўқитувчи (ЖДПИ),


Мадина Раҳматуллаева,


 талаба (ЖДПИ)


 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.