топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Антибиотикдан кейин организмни тиклаймиз

2016 йил "Соғлом она - соғлом бола йили"
Шифокор тавсиясига кўра, кичкинтой антибиотик препаратлари билан даволанди. Хўш, энди унинг иммун тизимига зиён етадими? Кичкинтой тезроқ оёққа туриши ва қайталамаслиги учун бошқа дориларни харид қилиш керакми? Ота-оналар дилбандига қандай ёрдам беришлари мумкин? Бу ҳақда тиббиёт фанлари доктори, педиатр Инобат Аҳмедова сўзлаб беради.

Вирусми ёки бактерия, аниқлаб олинг!
Келинг, биринчи галда қайси ҳолатларда антибиотиклар таъсир кучига эгаю қачон бутунлай бефойда, ҳатто зарарли эканлигига ойдинлик киритиб олсак. Инсон организмидаги микроблар икки катта гуруҳ: вирус ва бактерияларга бўлинади. Афсуски, бугунги кунда вирусларга қарши дори воситалари ҳали ўйлаб топилмаган. Лекин бактериялар кўпайишининг олдини олувчи ва нобуд қилувчи препаратлар мавжуд. Ва улар антибиотиклар номи билан машҳур. Энди кичкинтой вирус ҳужумига учраганми ёки бактериянингми, шуни аниқлаш лозим. Агар боланинг бурни оқса, тумов, иситма, йўтал безовта қилса, яъни ЎРВИ билан хасталанган бўлса, антибиотиклар ёрдам бера олмайди. Агар бола организмида бактериялар бўлса, шифокор томонидан антибиотик препаратлари тавсия этилади.
Асорати — ич кетиш?!
Кўпгина оналар антибиотикли муолажалардан кейин фарзандининг ичи кетишидан шикоят қилишади. Аслида, ич кетиши антибиотик препаратларга тўғридан-тўғри боғлиқ эмас. Одатда, бир неча кун давомида хасталанган кичкинтой жуда кам таом тановул қилади. У бироз ўзига келгач, кўпчилик оналар қуввати тиклансин деган мақсадда кучли-кучли овқатларни ейишга мажбурлашади. Натижада, ошқозонга оғирлик тушиб, ич кетиши юзага келади. Бу ҳолатда дори эмас, кўпроқ онанинг уқувсизлиги панд беради.
Қайталамаслик учун…
Мана, кичкинтой шифокор тавсиясига кўра, антибиотик дорилар қабул қилди. Касаллик ҳам чекинди! Энди унинг ўрнига бошқа хасталик ўрнашиб олмаслиги учун ота-оналар нималарга эътибор қаратишлари лозим, шу масалага ойдинлик киритсак.
  • Инфекцияларнинг энг асосий тарқатувчилари инсонлар ҳисобланади. Шу сабабли эндигина тикланаётган ёш организм 5-7 кун одамлар жамоасига қўшилиши, боғча, мактаб, театр, циркка бориши мумкин эмас. Акс ҳолда, у қайта касалликка чалиниши эҳтимоли юқори.
  • Биласиз, инфекцияларнинг асосий қисми ошқозонда «кун кечиради». Шунинг учун ҳазми оғир таомларни бериш ҳам тавсия этилмайди. Агар кичкинтойингиз «Егим келмаяпти» деса, буни инжиқлик деб эмас, организмнинг талаби сифатида қабул қилинг ва болани мажбурламанг.
  • Шунингдек, ҳайвон ёғларидан тайёрланган таомларни ҳам маълум муддатга чекланг.
  • Ва албатта, тоза ҳавода сайр қилиш ёддан чиқмасин. Шунда дилбандигнгизнинг саломатлиги тезда тиклана бошлайди.
Кўп қабул қилинса, таъсири камаядими?
Кичкинтой антибиотикларни биринчи марта ичганида, одатда, дори унга яхши таъсир қилади. Билингки, энди болангизнинг организми антибиотикка қарши антиналар ишлаб чиқара бошлайди. Бироқ кейинги сафар унга айнан шу антибиотикни берсангиз, натижа биринчи сафаргидай самарали бўлмаслиги мумкин. Устига-устак, аллергия юзага келиши эҳтимоли ортади. Шунинг учун она жигарбанди аввал қандай номдаги антибиотикларни қабул қилганини аниқ билиши ва бу ҳақда даволовчи шифокорини огоҳлантириши лозим. Ўзбилармонлик билан заруратсиз антибиотикларни қабул қилиш оқибатида вирусларнинг дориларига чидамли турлари пайдо бўлади.
«Аллергияга қарши дори берсамчи?»
Антибиотикли муолажадан сўнг аллергия юзага келмаслиги учун баъзи оналар антигистамин (аллергияга қарши) препаратлар ичиришга одатланишган. Аммо мутахассислар буни тавсия этишмайди. Айниқса, бола дорини биринчи марта қабул қилаётган бўлса. Чунки маълум препарат биринчи марта берилганда аллергия қўзғатиш-қўзғатмаслиги текширилади. Агар препаратдан сўнг икки соат давомида боланинг терисида тошмалар, қизариш, қичишиш пайдо бўлса, антибиотик дарҳол бекор қилинади. Мабодо, болага антибиотиклар билан бирга аллергияга қарши воситалар ҳам ичирсангиз, дорининг аллергияси қўзғатиш-кўзғатмаслигини дарҳол аниқлаш имконияти йўқолади. Натижада, антибиотикни кўп марта қабул қилган болакайда кучлироқ аллергия юзага келади.
Бифидо ва лактобактериялар
Аслида, бу бактериялар ошқозон микрофлорасини яхшилаш учун тавсия этилиши мумкин. Бироқ тўғри парҳез ва болани овқат ейишга мажбурламаслик ошқозон-ичак фаолияти тикланишини жадаллаштиради. Шунинг учун турли бактериал препаратларга ҳожат қолмайди. Аслида, бифидо- ва лактобактериялар организм учун бутунлай безиён ҳисобланса-да, антибиотикли муолажалардан кейинги фойдаси тегиши мумкинлиги ҳали исботланмаган.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.