создание топика, блога, фотосета или ссылки

Жаҳонга машҳур буюк саркарда

"Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур"
Общество
АТТИЛА – ХУННЛАРНИНГ ҚУДРАТЛИ ҲУКМДОРИ

Газетхонлардан, хусусан, ҳарбий хизматчилардан тушган таклифларни инобатга олиб, “Буюк саркардалар” номли янги рукнга асос солдик. Мазкур рукн остида лар ҳақида маълумотлар бериб борамиз. Бунда асосан америкалик собиқ ҳарбий хизматчи Майкл Ли Лэннинг 1996 йилда чоп этилган “Юз буюк саркарда” номли китобидан фойдаланамиз. Дастлаб эътиборингизга хуннларнинг қудратли ҳукмдори, машҳур саркардаси Аттила ҳақида маълумот берилади.

Аттила тахминан 406 – 453 йилларда яшаган. Китобда ёзилишича, хуннлар ҳукмдори Жанубий Европанинг анча қисмини забт этиб, V асрда римликлар учун хавфли душманга айланган.

406 йилда

Саркарданинг болалиги қандай кечган? Аттиланинг ёшлиги, болалиги хусусида кам маълумот сақланган. Тахминан 406 йилда хуннлар қабиласи ҳукмдори хонадонида туғилади. Ҳукмдор вафот этганидан кейин 434 йилда Аттиланинг амакиси Руга (ёки Руаса) укаси Блед билан подшоликни мерос қилиб олади. Яъни тахтга ўтиради. Давлатни ўша замонларда биргаликда бошқариш таомили бўлган. Бир подшоҳ мамлакатнинг фуқарови ҳаётини идора этса, иккинчиси олий бош қўмондон бўлган.

Аттилага узоқ йиллар қўшнилар билан, хусусан, Шарқий Рим империяси билан жанг олиб борган қўшинга саркардалик насиб этади. Амакиси Руга бир неча бор римликларни мағлуб этади. Тинчликни сақлаб туриш учун римликлар унга ҳатто бож ҳам тўлаб туришади.

Аттила эса сулҳ тузишга, музокара олиб боришга унчалик рўйхушлик бермасди. Ҳокимият қўлига ўтгач, укаси билан римликларга, умуман, йўлига тўғаноқ бўлган бошқа давлатларга юришни бошлади.

Хон мақоми

Аттиланинг қўшин тузилиши хуннлар қабиласи қурилишига асосланган. Ҳар бир қабила 50 мингга яқин ҳисобланган ва қўшинга 1 туман, яъни 10 минг одам берган. Қўшин ҳарбий бўлинмалари ўнлик тамойилига асосан қурилган. Масалан, энг кичик ҳарбий бўлинмада 10 та суворий бўлган. Ўнлик бирлашиб, юзлик, юзлик эса мингликни, 10 та минглик бирлашиб, туманни ташкил этган. Туркийлар қўшинида ўнбоши, юзбоши, мингбоши унвонлари ҳам шундан келиб чиққан бўлса, ажабмас. Ўн мингта суворийга қўмондонлик қилган киши хон мақомига эга бўлган. Ундан юқори фақат подшоҳ бўлган.

Қуроллари

Хунн суворийлари камон ва найза билан қуролланган. Хуннларнинг оти пакана, жунлари узун, ёлдор, жуда чидамли бўлган. Кам хасталанган, ҳар қандай ҳароратга мослаша олган. Бу ақлли жонзот суворийнинг буйруғига бўйсуниб, зарур бўлса чўккалаган ва камондан отиш учун қулайлик яратган. Ҳатто, душман яқинида жанг қилинганида отлар уларнинг пиёдаларини туёқлари билан эзган, тишлаган.

Ҳар бир суворий беш фут (1 фут – 30,48 см) узунликдаги найза билан қуролланган. Найза билан 100 метр масофадан душманни ура олган. Шиддатли ҳужум вақтида Аттила жангчилари найзани ҳатто 200 метргача ҳам улоқтира олишган. Душман устига сел бўлиб ёғилган. Хунн жангчилари яқиндан жанг қилишда эгри қилич ва жанговар болталардан фойдаланган. Айрим суворийларда ҳатто каманд, яъни ҳайвонларни тутишда қўлланиладиган сиртмоқли арқон ҳам бўлган. Каманд душман жангчиларини сафдан чиқаришга ва олға интилиш учун бўшлиқ ҳосил бўлишига хизмат қилган. Шунингдек, хуннларда икки ғилдиракли жанговар арава бўлиб, захира  камончиларни олиб юрган.

Кийимлари

Хуннлар юпқа теридан кийим кийишган ва унга мой суришган. Мой кийимни қайишқоқ ва сув ўтказмайдиган қилган. Бошни қилич ва ёйдан асраш учун пўлат ва теридан дубулға ясашган. Бўйинни эса пўлат ҳалқа ҳимоя қилган. Оёқларига теридан этик кийиб, бу отда юриш учун мўлжалланган. Аслида хуннлар фақат отда уришишга ихтисослашган.

Таъминоти

Аттила ва унинг жангчилари қурол, кийим, от ва унинг абзалларини қимматбаҳо металлар ва тошлар билан безаб юришни хуш кўрган. Аниқроғи, жангчининг лавозимига қараб безатилган. Фақат бундай безаклар эркин ҳаракатланишга, жанг қилишга ҳалақит бермаслиги лозим бўлган. Хуннлар учун мобиллик, яъни тезкорлик энг муҳим хусусият саналган. Негаки улар кутилмаганда ҳужум қилишни хушлашган. Бир жойдан иккинчи жойга кўчар экан, Аттила жангчилари ўзлари билан сув, овқат, ўқ-ёй ва бошқа зарур нарсаларни отларга юклаб олиб юришган. Бугунги тил билан айтганда, бу қўшин таъминоти ҳисобланади. Қизиғи, қўшин таъминоти учун алоҳида карвон керак бўлмаган. Хунн керакли нарсани ўзи билан олиб юрган.

Қўшин мобиллиги

Ҳар бир катта юриш учун 100 мингдан зиёд жангчи керак бўлган. Бу эҳтиёжни хунн қабилалари қондира олмаган. Шунда Аттила бошқача тактика қўллаган. Яъни жангчиларни кам йўқотиш тактикаси. Қўшинининг мобиллиги ва кутилмаганда зарба бериш қудратига ишонган Аттила камдан-кам ҳолатларда душман билан тўғридан-тўғри тўқнашган. Ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, душман қўшинига пусиб яқинлашилган. Камондан душманга отишга етарли масофага яқинлашгунча, паналаб келишган. Жангчиларининг биринчи қатори баландликдан душманга камондан отганда, улар ўз навбатида қалқонларини кўтариб, муҳофазага ўтган. Шунда навбатдаги қатор душман жангчиларининг муҳофаза қилинмаган қисмига камондан отган. Ёвни пароканда қилиб, жангчиларини қириб, шундан сўнг узил-кесил йўқ қилиш учун ташланишган.

10 йил ичида

Аттила тахтга ўтиргач, хуннлар 10 йил ичида ҳозирги Венгрия, Греция, Испания ва Италиянинг бир қисмини забт этишади.

10 йил давомида ҳужум тактикасини қўллаган ҳолда Шарқий Рим империясига қарши муваффақиятли жанг олиб борган. Аниқроғи, 445 йил Бледанинг ўлимигача. Шундан сўнг хуннлар тўппа-тўғри Римга қараб юриш қилишди. Ҳозирги Франциянинг Труа шаҳригача бўлган ҳудудни забт этдилар. Фақат 451 йилга келиб Аттила ва унинг жангчиларини римликлар ва вестготлар бирлашган армияси тўхтата олди.

Бу жанг тарихда энг қонли муҳорабалардан бири сифатида муҳрланиб қолди. Тезкор ва кутилмаган ҳужум тактикасидан Аттила юзма-юз улкан муҳорабага ўтди. Айрим маълумотларга кўра, жангда 200 мингдан зиёд одам ҳалок бўлди. Хуннлар чекиниши керак эди. Бироқ ҳукмдор ва саркарда Аттила уларни олға бошлаб бораверди. Бир оз дам олишгач, қўшинини гуруҳларга ажратиб, Италияга бостириб киришди.  Милан ва Падуйдан ўтиб, Рим томонга юриш қилишди.

453 йилда яна Италияга қўшин тортишга ҳаракат қилади. Бироқ бурнидан тўхтовсиз қон кетиши оқибатида 47 ёшида вафот этади. Аттила ўғиллари армияси қудратини сақлаб қолишга интилади. Бироқ уддалай олишмайди.

И. ҚУРБОНОВ тайёрлади.

0 комментариев

Только зарегистрированные и авторизованные пользователи могут оставлять комментарии.