topik, blog, fotoset yoki yo`naltirgich yaratish

Юлий Цезарь

"Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур"
Jamiyat


Буюк саркарда ва давлат арбоби Юлий Цезарнинг қўлга киритган ютуқ ва ғалабалари беш аср мобайнида Рим империяси хавфсизлигини таъминлади ва Рим қонунлари, урф-одатлари ва лотин тилини бутун Европа бўйлаб тарқатиш ва оммалаштириш имконини берди. Цезарнинг муваффақиятлари тарихда шунчалик катта аҳамиятга эга бўлдики, унинг номи кейинги асрлар мобайнида Рим императорларининг, шунингдек кўплаб бошқа монархларнинг фахрий унвонига айланди (немисча «кайзер» ва русча  «царь» сўзлари айнан Цезарь номидан келиб чиққан).

Қирқ ёшдан бошланган

Юлий Цезарь таваллуд топган кун – милоддан олдинги 100 йилнинг 12 июли – баъзи тарихчилар томонидан ҳозиргача турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келмоқда. Ёшлик вақтларида у ҳали ўзининг лашкарбошилик қобилиятларини намоён этмаган эди. Бу даврни Цезарь асосан сиёсий фаолиятга бағишлайди. У зодагонлар оиласида туғилганлик мақомидан, шунингдек шахсий қобилиятларидан кенг фойдаланди ва аста-секин ўша даврларда Римда мавжуд бўлган амалдорлик пиллапоялари бўйлаб кўтарилиб борди.

Вақти келиб, қирқ ёшдан ошган Цезарь консул этиб сайланади, яъни Римдаги олий лавозимга эга бўлган шахслардан бирига айланади. Рим республикаси инқироз сари юз тутаётганини тушунган Юлий аста-секин мамлакатда сенат ҳукмронлигини чеклаб боради. Милоддан олдинги 59 йилда Цезарь Помпей ва Красс билан биргаликда Биринчи триумвиратни, яъни уч сиёсий арбоб иттифоқини ташкил этади. Рим республикасини бошқариш ишларидаги таъсир доираси ушбу учлик аъзолари ўртасида ўзаро бўлиб олинади.

Ўзаро келишувга кўра, Цезарнинг таъсир доирасига Галлия (Шимолий Италия ва бугунги Франция жанубидаги ерлар), шунингдек Иллирия (собиқ Югославия ва бугунги Албания ҳудуди) тушади. У янги ваколатлар билан биргаликда тўртта Рим легионига (деярли йигирма минг нафар жангчига) эга бўлади ва бу кучдан янги ерларни забт этиш  ҳамда Рим чегаралари яқинида «буфер зоналарини» ташкил қилиш учун фойдаланади.

Унинг тактикаси оддий эди

Юлий Цезарь ҳаётининг кейинги етти йилини Галлиянинг қолган қисми (бугунги Шимолий Франция, Бельгия, Германия, Голландия ва Швейцариянинг бир қисми)ни ўзига бўйсундиришга бағишлайди. Ҳамма ёқда душман ўз аскарлари сони бўйича Рим қўшинларидан анча устунликка эга бўлади, аммо Цезарь душманни қисмларга бўлган ҳолда яксон қилиш мумкинлигини, кельт қабилалари (галлар) унга қарши бирлаша олмаслигини яхши билар ва бундан самарали фойдаланар эди. Унинг тактикаси оддий бўлиб, қандайдир янгиликларга эга эмасди. Цезарь янги ғояларни илгари сурмас, шунчаки легионерларнинг жанговар санъати ҳамда командирларнинг шахсий қобилиятларига таянар эди.

Учинчи шахс номидан ёзилган «Галль уруши тўғрисидаги хотиралар»да у ўз қўмондонлиги ҳақида шундай ҳикоя қилади: «Аҳвол жуда оғир, мадад кучлари йўқ эди. Шунда Цезарь орқа қатордаги жангчилардан бирининг қалқонини тортиб олади ва мардлик билан олға ташланади. У центурионларни номма-ном чақиради ва бошқа жангчиларни баланд овоз билан руҳлантирган тарзда, уларни занжир ҳосил қилган ҳолда (бундай ҳолатда улар қиличлардан фойдаланишлари осонлашади) олға боришга ундайди. Унинг бундай жасурлиги жангчилар руҳини мустаҳкамлайди ва уларда ғалабага ишонч уйғотади. Атрофдаги мавжуд хавф-хатарларга қарамай, ҳар бир жангчи қўмондони  олдида ўзини яхши томондан кўрсатишга ҳаракат қилади».

Саккиз юз кема

Сўнгра Цезарь Рейн дарёси ортидаги ҳудудларга ҳамлалар уюштирган ва германларнинг бой берилган ерларни қайтариб олишга уринишларини бартараф этган ҳолда, маҳаллий қабилаларга қарши жанговар ҳаракатлар олиб боради. Милоддан олдинги 56 йилда Цезарь саккиз юзта кемадан иборат бўлган улкан флот билан Ла-Манш орқали ўтиб, Британияга бостириб киради. Бундай қудратли куч Ла-Маншда Иккинчи жаҳон урушига қадар бошқа тўпланмаган. Цезарь Англиянинг Рим томонидан босиб олинишига асос солади ва бу ҳолат кейинги асрда барҳам топади.

Хавотир

Цезарнинг улкан ютуқлари унинг Римдаги обрўси ва машҳурлигини янада оширади, сенаторлар ва бошқа амалдорлар эса унинг якка ҳокимликка интилиши мумкинлигидан хавотирга туша бошлайдилар. Милоддан олдинги 49 йилда сенат Цезарга Римга қайтишни буюради. Цезарь эса бунинг ўрнига Рубикондан ўтади ва душманларига қарши фуқаролик урушини бошлайди. Ўзининг ҳар томонлама яхши тайёргарликка ва улкан тажрибага эга бўлган армияси билан у Италияни атиги икки ой ичида душманлардан тозалайди ва Помпейни қувиб чиқаради. Цезарь Помпей қўшинларининг Испанияда ҳам таъқиб этилишини уюштиради ва ўз душманларини Илерде яқинидаги жангда тор-мор этади, бироқ Помпей қолган-қутган қўшинлари билан яна Грецияга қочишга муваффақ бўлади.

Машҳур иборанинг пайдо бўлиши

Юлий Цезарь душман ортидан Грецияга ўтади ва 48 йилда Фарсал яқинида ҳал қилувчи жанг бўлиб ўтади. Душман кучлари Цезарь қўшинларидан икки баробар ортиқ эди. Бироқ у аввал душман отлиқлари ҳужумини бартараф этади, кейин эса ўз қўшинларини қарши ҳужумга бошлайди. Жангда олти минг нафарга яқин душман жангчиси йўқ қилинади, Цезарь аскарларидан эса бир минг икки юз киши ҳалок бўлади. Помпей армияси яксон қилинади, аммо унинг ўзи қўшин қолдиқлари билан бирга Мисрга қочади ва тез орада у ерда қотил қўлида қурбон бўлади. Шунга қарамай, Цезарь Помпей қўшинлари қолдиқларини йўқ қилиш мақсадида Мисрга йўл олади. Мисрда Цезарнинг малика Клеопатра билан ишқий муносабатлари бошланади. Унинг таъсири остида милоддан олдинги 47 йилда Цезарь атиги беш кун ичида маликанинг душмани, Понтий подшоси Фарнакни мағлубиятга учратади. Цезарь бу ғалаба ҳақида Римга дабдаба билан: «Келдим, кўрдим, ғалаба қозондим», деб хабар беради.

Қўрқоқ ва ҳасадгуйларнинг қурбони

Цезарь Шимолий Африка ва Испанияда душман қолдиқларини яксон қилган ҳолда, милоддан олдинги 45 йилда ўз жанговар операцияларини муваффақиятли якунлайди. Ватанига қайтганидан сўнг римликлар уни яқин ўн йиллик учун консул ва умрбод диктатор деб эълон қиладилар. Цезарь Рим ҳуқуқини янада мустаҳкамлаш ва маҳаллий ўз-ўзини бошқарув тизимини унификациялашни кўзда тутувчи улкан ислоҳотлар дастурини амалга оширишни бошлайди. У, шунингдек, ўз легионерларига мукофот тариқасида ерлар инъом қилади, Рим иттифоқчиларига эса мамлакат фуқаролигини тақдим этади.

Римга қайтганидан сўнг бир йил ҳам ўтмасдан, ўз ислоҳотларини якунига етказишга улгурмаган 55 ёшли Цезарь унинг ҳукмронлигидан қўрқувчи ҳамда халқ орасидаги обрўсига ҳасад қилувчи душманлари томонидан ўлдирилади. Қотилларга Цезарь фуқаролик урушидан сўнг илтифот кўрсатиб, ҳокимият бошқарувида қолишига рухсат берган собиқ тарафдорлари Кассий ҳамда Брут бошчилик қилади.

Гарчи Юлий Цезарь милоддан олдинги 44 йилнинг март ойида ўлдирилган бўлса-да, буюк саркарданинг улкан ютуқлари натижасида асос солинган қудратли Рим империяси яна беш юз йил давомида мавжуд бўлди. Римнинг Цезарь бошлаб берган тарих ва маданиятга таъсири эса ҳозирги кунларгача давом этмоқда. У ўз даврининг буюк намояндаси ҳисобланади. Юлий Цезарнинг улкан ғалабалари ўша даврнинг энг буюк империясини юзага келтиради. У ўз ворисларига асрлар давомида ушбу империянинг қудрати асосини ташкил этиб келган ўз даврининг кучли ва енгилмас армиясини қолдиради.

П. САЙДИВАЛИЕВ тайёрлади.

0 izoh

Ro'yhatdan o'tganlar va tasdiqlanganlargina izoh qoldirishlari mumkin.