topik, blog, fotoset yoki yo`naltirgich yaratish

Улуғ аждодлармероси

"Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур"
Jamiyat

УЛУҒ АЖДОДЛАРНИНГ ОЛАМШУМУЛ МЕРОСИ ИЗИДАН

(Президент қароридан руҳланиб)

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорини ўқиб, бутун дунё бўйлаб сочилиб ётган бебаҳо маданий меросимиз ва уларни излаб сафарга чиқишни орзу қилганим эсимга тушиб кетди. Фақат “эсимга тушди”гина эмас, боболаримиз мероси изидан дунё бўйлаб сафарга чиқиш ниятим янада қатъийлашди.

Президент қарори билан танишар эканман, буюк Соҳибқироннинг табаррук буюмлари ва маданий мероси, оламшумул алломаларимизнинг ноёб китоблари кўз олдимда нурланиб, жилваланиб тургандек бўлди. Дунё бўйлаб уларни дараклаш, ўрганиш ва имкон қадар она юртга, авлодларга қайтариш – чин ватанпарварлик, шарафли вазифа эканлигини чуқур ҳис этдим.

Темурийлар тарихи давлат музейининг бурчагида, ойна остида бир сурат бор. Унинг тагида қисқагина изоҳ ёзилган: “Амир Темурнинг қиличи”.

Бу сурат, тўғрироғи – фотосурат оддийгина ишланган, бироз хира ва ҳатто тўлиқ эмас: унда дамашқий қиличнинг сопи ва бир қаричча қисми акс этган, холос. Дафъатан шундай бир фикр уйғонади: бу қилич, фототасвирга олинганига қараганда демак, ҳозир ҳам бор экан-да!

Соҳибқирон бобомизнинг қиличи ҳозир қаерда?

Улуғ аждодимиз илкида ўйнаган бу табаррук қиличнинг тақдири жуда таассуфли. Бу қилич, улуғ бобокалон учун бошқа жаҳонгирлардан фарқли ўлароқ, фақат уруш қуроли бўлмаган! Таъбир жоиз бўлса, уни юртга омонлик ва тинчлик гарови, адолат шамшири дейиш мумкин.

Лондондаги машҳур Британия музейида “Амударё хазинаси” номли кўргазма бор. Уни кўриш учун бутун дунёдан келувчи сайёҳлар оқими узилмас, шу боисдан бу кўргазмани пул чоп этувчи дастгоҳга қиёслашар экан (“Амударё хазинаси”дан бирорта намуна кўрмоқчи бўлсангиз, 100 сўмлик қийматдаги миллий валютамизга қараш кифоя, унда ўша хазинадаги олтин билагузук тасвири туширилган).

Тарихан турли сабабларга кўра дунё бўйлаб сочилиб кетган, энг нуфузли музейлар хазинасини безаб турган маданий бойликларимизнинг сон-саноғи йўқ. Ана шундай ноёб тарихий-маданий ашёлар нафақат халқимиз маданиятининг нодир дурдоналари, балки жаҳон миқёсидаги йирик коллекциялар ҳисобланади. Ушбу маданий мерос ёдгорликларини аниқлаш ва тадқиқ этиш, имкон қадар мамлакатимизга олиб келиш юзасидан кейинги йилларда муайян ишлар қилинди. Аммо бу ишлар бамисоли денгиздан бир томчи эканлиги аён бўляпти. Масалан, 2000 йиллар бошида Вазирлар Маҳкамасининг “Буюк аждодларимизнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида дафн этилган жойларини аниқлаш ва ободонлаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори чиққан эди. Аммо ўтган давр ичида бу йўналишда олиб борилган ишлар ҳақида деярли ҳеч қандай маълумот эълон қилинмади.

Бир-икки нафар таниқли фуқаросини зўр бериб дунёга кўз-кўз қилаётган, ҳатто бирорта машҳур шахс етишиб чиқмаган давлатлар ва миллатлар ер юзида жуда кўп. Яратганнинг беҳад марҳаматини қарангки, бу борада бизда айнан тескари манзара намоён. Айтишларича, биргина Самарқанддан етишиб чиққан алломаларнинг рўйхати 50 та китобга сиғмаган экан. Бу алломаларнинг илмий мероси сақланганми, ҳозир қаерда? Уларнинг муайян қисми бугун дунёнинг турли бурчакларида сақланаётгани аниқ. Бу бойликлар қийматини олтину жавоҳирлар билан ҳам баҳолаш жуда мушкул. Нобель мукофотига сазовор бўлган Кьюрилардан бири шундай деган экан: “Кордовада минглаб қўлёзмалар аёвсиз ёндирилди. Шулардан тўрттаси тасодифан бизгача етиб келган экан. Биз уларни тадқиқ қилиб ўрганганимизда, топган кашфиётларимиз уч бора Нобель мукофотини олишни таъминлади”.

Бу китоблар орасида Хоразмий, Фарғоний, Насафий боболаримиз ёки Беруний ва Ибн Сино ҳазратларининг китоблари йўқмикан? Балки улар ўз тадқиқотчилари ва янги Нобель мукофоти номзодларини кутиб ётгандир? Энг замонавий ахборот технологиялари фани – кибернетиканинг пойдевори Муҳаммад Хоразмий бобонинг “Ал-жабр...” асари эканлигини бугун бутун дунё тан олади-ку!

Маълумки, Кордова (Қуртоба) 711 йилда араблар томонидан фатҳ этилган ва 755–1031 йилларда халифаликнинг пойтахти ҳисобланган. Шу йилларда бутун дунёдан, жумладан, Мовароуннаҳрдан йиғиб келтирилган қўлёзма асарлар бу ердаги илмий марказларда ўрганилган, лотин ва бошқа тилларга таржима қилинган. Бу саъй-ҳаракатлар туфайли  Оврўпода алоҳида фанлар – астрономия, география, физика, медицина ривожланган, дастлабки университетлар очилган.

Шундай мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда, бундан ўн беш йиллар муқаддам “Соҳибқирон ва жаҳон” деб номланган илмий-ижодий сафар режасини тузган эдим. Очиғини айтганда, бундай сафарлар тажрибаси ҳали йўқ бизда. Ахир, тирикчиликнинг авжи “жанг” палласи(30 ёш – айни шундай ёш-да!)да дабдурустдан, якка ўзинг, боз устига “велосипедда дунё бўйлаб илмий-ижодий сафарга чиқаман”, деб турсанг, буни ким қандай тушунади?

Балки шунинг учундир, ўтган давр ичида сафарни амалга ошириш мақсадидаги бир неча уриниш­ларим натижасиз тугади. Йўқ, жудаям натижасиз эмас – шу йўлдаги саъй-ҳаракатларимни қоғозга туширгандим, 2008 йилда “Сафар олдидан сафар” номли китобим чоп этилди. Ҳали сафарга чиқмай туриб, унинг “таассуротлари” ҳақида китоб пайдо бўлса-ю, агар дунё бўйлаб айланиб чиқилса қанча китоб ёзилар экан! Мана энди, муҳтарам Президентимиз қароридан руҳланиб, режаларимни баён этмоқдаман:

Сафар йўналиши ҳазрат Соҳибқирон салтанати таркибига кирган ва унинг сиёсати етган барча мамлакатлар бўйлаб ўтади.

Сафардан улуғ мақсадлар кўзланади – аждодлар мероси изидан дунё кезиш ҳақиқий темурий авлодларга хос шарафли вазифадир. Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг бой тарихини ўрганиш учун ҳар қанча сафар қилса, бу йўлда керак бўлса, қаҳрамонликлар кўрсатса арзийди. “Бизнинг тарихимизда Амир Темурдай улуғ сиймо бор экан, унинг қолдирган мероси, панду­ўгитлари бугунги ҳаётимизга ҳамоҳанг экан, олдимизда турган муаммоларни ечишда бизга қўл келаётган экан, бизнинг бу меросни ўрганмасдан, таърифламасдан, тарғибот қилмасдан ҳаққимиз йўқ”.

Маълумки, ҳазрат Соҳибқироннинг довруғи бутун дунёга ёйилган. Ҳатто океан ортида – АҚШдаги машҳур Метрополь музейида бобомизнинг хос ашёлари сақланмоқда.

Алқисса, бутун Евро-Осиё қитъаларини кезиб чиқиш учун фақатгина истак ва шижоат камлик қилади. Юқорида айтганимиздек, сафарда кутилмаган мушкулотлар бўлиши мумкин ва уларга қарши тайёр туриш лозим. Шунга яраша тайёргарлик кўриш ва “сафар жабдуғи”ни пухта ҳозирлаш даркор. Эзгу ният йўлида ўрни келганда таваккал ҳам қилиш керак.

Президент қарорида масаланинг шу каби ташкилий жиҳатлари ҳам кенг қамраб олинган: “Марказнинг хорижий давлатларга хизмат сафарига борадиган мутахассислари ва бошқа ташкилотлардан жалб қилинадиган экспертлар Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги элчихоналари вакиллари томонидан кутиб олиниши, кузатиб қўйилиши, визалар расмийлаштирилишида ва таржимонларни бириктиришда ҳамда Марказнинг хорижий мамлакатлардаги тегишли ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатсин”, дея  белгиланиши – айни муддао.

Сафардан асосий мақсад – Соҳибқирон ва унинг даврига, умуман, юртимиз тарихига оид ҳар қандай маълумотларни тўплашдан иборат. Шунингдек:

– турли давлатларнинг музейларида ва шахсий коллекционерлар қўлида сақланаётган, Соҳибқирон ва унинг даври, умуман Ўзбекистон тарихига оид осори-атиқаларни бориб кўриш, уларнинг имкон қадар тўлиқ рўйхатини тузиш, фото суратларини олиш ва ёзма тавсифлаб бериш;

– борилажак давлатларда Амир Темур ва темурийлар томонидан барпо этилган меъморий обидаларни зиёрат қилиш, уларнинг тарихига оид маълумотлар тўплаш;

– ўша жойларда сокин топган улуғ валийлар, мутафаккирлар, буюк зотларнинг нурли қабрларини зиёрат қилиш;

– хорижлик тарихчи ва ёзувчиларнинг юртимиз тарихи ва Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги асарларини тўплаш;

– сафар давомида ўтилган давлатлардаги одамлар ва одатлар ҳақида, қисқача тарихи ва бугунги куни, табиати ва бошқа диққатга сазовор жойлар ҳақида ҳикоя қилиш;

– ўша мамлакатларда яшовчи ватандошларимиздан Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги маълумотлар, ҳикоя ва ривоятларни ёзиб олиш кўзда тутилади.

Сафар йўналиши қуйидаги манзиллар бўйлаб ўтади:

Ўзбекистондан “Ғишткўприк” божхона пости орқали чиққач, Қозоғистон бўйлаб энг аввало Ўтрор томон йўл олинади. (Соҳибқирон бобомиз энг сўнгги, Хитой сафари чоғида вафот этган манзил). Сўнгра Туркистонга бориб, Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси зиёрат қилинади. Ундан сўнг Қизил Ўрдага ўтилади. Тарихдан маълумки, Қизил Ўрда – Қўқон хонлигининг савдо-сотиқ ва ҳарбий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга шимолий қалъаси ҳисобланиб, аввалги номи “Оқмачит” бўлган. Оқмачит тўғрисида чор Россиясининг генерал-адьютанти А.Перовский шундай ёзган: “Бу қалъа Қўқон хонлигида Сирдарёнинг қуйи оқимидаги энг муҳим қальаларидан ҳисобланиб, бир неча ҳужумларни мардонавор қайтарган ва енгилмаслиги билан шуҳрат қозонгандир”.

Алмати, Остона ва бошқа шаҳарларда Амир Темур ҳақида ривоятлар, янги маълумотлар йиғилиши мумкин. Олий ўқув юртларида учрашувлар ўтказилади. Шундан сўнг сафар Соҳибқироннинг 1391 йилда Тўхтамишга қарши юришга чиққан йўли бўйлаб давом этади. Бу йўлдан ўтган Соҳибқирон, Улуғтоғ этагида ҳарбий кўрик ўтказиб, катта тошга сафар ҳақида битик ёзиб қолдиришни буюрган. Бу тош ҳозир Эрмитажда сақланади. Соҳибқирон бобомизнинг музаффар лашкари Қундузча деган манзилда Тўхтамишхон қўшинини пароканда қилиб, ғалаба қозонади. Ушбу юриш натижасида салтанатнинг шимолий сарҳадлари хавфсизлиги таъминланган. Амир Темурнинг Тўхтамиш устидан ғалабаси фақат Ўрта Осиё ва  Шарқий  Оврўпо эмас, балки Россия тарихида ҳам беқиёс улкан аҳамият касб этган. Қундузча – Россиянинг ҳозирги Самара шаҳри билан Чистополь ўртасида жойлашган.

Сафар Россия Федерацияси бўйлаб, Волгабўйидан Татаристонгача (тарихий Олтин Ўрда ҳудудларида) давом эттирилади. Уфа яқинидаги Акзират деган манзилда Соҳибқирон амирларидан бир нечасининг мақбаралари сақланиб қолган. Уларни зиёрат қилиш ва ўрганиш керак. Москва остонасидаги Елец шаҳри бориб кўрилади. Баъзи тарихий манбаларда Cоҳибқирон бобомиз ўзининг музаффар қўшини билан Елец деган манзилгача борганлиги айтилади. Москва музейларида юртимиз тарихи билан боғлиқ экспонатларни кўриш, уларнинг тарихини имкон қадар ўрганиш сафар дастуридан ўрин олган. Масалан, “Оружейная палата”да Хива хонининг ноёб тахти ва тарихимизга оид бошқа жуда кўп буюмлар сақланади. Имкони бўлса, албатта бориб кўриш керак. Москвадаги Алишер Навоий ҳайкалини зиёрат қилинади.

Санкт-Петербургдаги Эрмитажга ташриф буюрилади. Эрмитажда юртимиз тарихига оид тарихий бойликларнинг санаб саноғига етиш мушкул. Масалан, Амир Темур  мақбарасининг фил суяги билан қадама нақшланган улкан, нодир эшиклари, мақбаранинг нақшинкор ойнаси, мақбара пештоқидаги нафис ёзувли лавҳа (унда “Жаҳонгир Амир Темур  Кўрагонийнинг қабри, Худо уни раҳматли қилсин ва абадий жаннатда бўлсин”,  деган ёзувлар бор).

Шундан сўнг сафар йўналиши Болтиқбўйи давлатлари бўйлаб (жумладан, Рига шаҳридаги Мирзо Улуғбек ҳайкали ҳам зиёрат қилинади) ўтиб, Оврўпога йўл олинади…

Германиядаги машҳур Дрезден суратлар галереясида Шарқ миниатюралари, юртимиз тарихи ва Соҳибқиронга оид суратлар кўрилади. Ғарбнинг машҳур мусаввири Рембрант Соҳибқирон суратини ишлаган. Ҳозир шу сурат қайси музейда сақланаяпти? Шуни аниқлаш, бориб кўриш, имкони бўлса нусха олиш керак.

Маълумки, устурлоб ва глобус Мирзо Улуғбек расадхонасидаги осмон жисмларини ўрганишда асосий астрономик асбоблардан саналган. Бугунги кунда Даниядаги Дэвид фонди коллекцияларида ҳижрий 830 (1425-1427) йилда Жаъфар ибн Умар ал-Устурлобий Улуғбек расадхонаси учун ясатган, баландлиги ҳалқаси билан 33,5 сантиметр бўлган устурлоб сақланмоқда. Устурлоб мис ва кумушдан ишланган, айланаси бўйлаб турли даража ва дақиқаларга бўлинган.

Оврўпода Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг мухлислари ҳозир ҳам кўплаб топилади. Ана шундайлардан бири – голландиялик бир тадбиркор ҳақида эшитганим бор эди. У ўзининг дўконини “Амир Темур” деб номлаб, бобомиз даврига мос жиҳозлар ва осори­атиқалар билан безаган. Албатта, бундай инсонлар ва уларнинг ишлари билан танишув сафарнинг асосий мақсадларидан биридир.

Францияда, Париждаги “Темурийлар жамияти” ва “Темурийлар” журнали фаолияти билан танишиш, ўзаро маълумотлар алмашиш жуда муҳим.

Экспедиция режасига кўра, Буюк Британияга борилади. Мирзо Улуғбекка тегишли, кумуш билан зийнатланган глобус ҳозир Британия музейи экспозициясида турибди. Шу музейда сақланаётган қора-яшил нефритдан ясалган пиёлалар ҳам Мирзо Улуғбек бисотига оид. Буюк аждодимизнинг исм-шарифи ўйиб ёзилган нефрит идишини айнан шу музейда томоша қилиш мумкин.

Агар имкон топилса, Лондондаги Букингем саройининг “Ҳиндистон” номли хонасида сақланаётган “Чироғи олам” ёқути ва “Кўҳи нур” олмосларини кўриш керак. “Чироғи олам”ни Ғарбда “Амир Темур” олмоси деб ҳам аташади. Бобомизнинг бу жавоҳиротлари ўтган асрларда кўплаб тарихий шахслар қўлига ўтиб, ғаройиб саргузаштларни “бошдан кечирган”. Ҳозирда Буюк Британия қироличасининг тожини безаб турибди. “Кўҳи нур”нинг қиймати ҳозирги АҚШ пулида қанчадир миллиард доллар эмиш. Аслида унинг қиймати йўқ, бебаҳо…

Испанияда бориб кўриладиган жойлар айниқса кўп. Кастилия ва Леон қироли Ҳенрих III де Трастамарнинг элчиси (камергери) Руи Гонсалис де Клавихо 1403-1406 йилларда Самарқандда бўлиб, ҳазрат Соҳибқирон билан бир неча марта учрашган. Клавихога сафарда илоҳиёт илмининг номзоди (магистри) Алфонсо Поэс де Санта Мария ва қиролнинг махсус соқчиси Гомес де Салазар  ҳамроҳлик қилишган. Хенрих III вафотидан сўнг Клавихо она шаҳри Мадридда истиқомат қилади ва 1412 йили ўша ерда вафот этади. У Мадридда, авлиё Франциско черковидаги ота-боболарининг хилхонасига дафн этилган.  Клавихо қабри зиёрат қилинади.

Шунингдек, Португалия пойтахти Лиссабон шаҳридаги марказий музейда ҳам Мирзо Улуғбекка тегишли осори атиқаларни учратиш мумкин. Хусусан, музейда иккита нефрит кўза намойиш этилмоқда. Иккаласига ҳам улуғ олимнинг номи ўйиб ёзилган.

Испания, умуман Пиреней ярим ороли бир неча аср мусулмонлар ҳукмронлиги остида бўлган. Юқорида айтилганидек, айнан ўша вақтларда бутун мусулмон дунёсида тўпланган бебаҳо илмий асарлар Қурдоба (Кордова) амирлиги орқали бутун Оврўпога тарқалган. Бунинг натижасида Оврўпода илм-фаннинг беқиёс тараққиёти бошланган.

Мисрда, Қоҳира университетида темуршунос олим Насрулло Мубошир Тарозий билан учрашиш, Қоҳира (қадимги Футсот) шаҳридаги қабристонда Аҳмад Фарғоний қабрини зиёрат қилиш, Нил дарёсида Аҳмад Фарғоний яратган “Ниломер” сув ўлчаш асбобини кўриш керак.

Саудия Арабистонидаги муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларига албатта бориш керак. Соҳибқирон бобомиз Каъбатуллоҳга махсус кисва (Каъбапўш) тиктириб жўнатганлар. Азалдан ҳар йили кисва билан таъминлаш  Миср султонларининг вазифаси бўлган. Аммо Соҳибқирон жўнатган кисва Миср кис­васининг устидан кийдирилган экан. Шу тариқа Миср ҳам Соҳибқирон амри-фармонидаги ўлка, яъни вассал эканлиги ифодаланган...

Маккаи мукаррамадаги “Жаннат-ул-маъло” қабристонида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўғли, шоир Комрон Мирзо дафн этилган. Унинг қабри Пайғамбаримиз (САВ)нинг аҳли аёли Хадича она қабрининг қуйи томонида эканлиги аниқланган. Ушбу муқаддас жойларни зиёрат қилинса, ниҳоятда улуғ иш бўлар эди! 

Туркияда Амир Темур ва Елдирим Боязид лашкарлари ўртасида Анқара шаҳри ёнида бўлган жанг майдонининг бугунги ҳолати кўздан кечирилади. Бу улкан муҳораба ўша даврда бутун Оврўпо тақдирини ҳал қилган.

Истанбулдаги меъморий мўъжиза саналган Аё София масжидига, «Тўпқопи» саройи (қалъаси)га борилади. Бу саройда бизнинг тарихимизга оид кўпгина буюмлар сақланади. Мирзо Улуғбекка тегишли, жуда юксак дид билан ясалган қутича ҳам шулар жумласидандир.

Эрон бўйлаб қилинган сафар энг сермаҳсул ва қизиқарли бўлиши кутилади. Маълумотларга кўра, Соҳибқирон қиличи ҳозирда Теҳрондаги музейда сақланмоқда. (Эрон элчихонаси Тошкентдаги темурийлар тарихи давлат музейига бу қиличнинг фотосуратини тақдим этган.)

Ҳамадонда Абу Али Ибн Сино мақбара музейи, Машҳадда Шоҳруҳ Мирзо қурдирган жомеъ масжид-мадрасаси тавоф қилинади. Машҳадда, Имом Ризо мажмуасидаги “Қуръон музейи”да Заҳириддин  Муҳаммад Бобур ўзи яратган “Хатти Бобурий”да ёзган мўьжаз Қуръон сақланади. Эроннинг машҳур алломалари Ҳофиз Шерозий ва Саъдий Шерозий яшаб ижод қилган Шероз шаҳрида буюк ватандошимиз, машҳур шоир Ҳофиз Хоразмий абадий сокин топган. Тус шаҳрида Абдулқосим Фирдавсий мақбарасини, Нишопурда Умар Хайём мақбарасини зиёрат қилиш улуғ иш бўлар эди.

Соҳибқирон Амир Темурнинг машҳур Ҳиндистон ғазовоти йўналишини аниқлаш керак. Ҳиндистонда буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди ўтган чўл “Чўли Жалолий” деб номланган экан. Шу жойнинг қаердалигини аниқлаш зарур. (Балки Синд дарёсида Жалолиддин Мангубердининг оти сакраган баланд қирғоқни ҳам кўриш мумкин бўлар…) Айтишларича, Соҳибқирон бобомиз Ҳинд фатҳи чоғида Синд дарёсининг Жалолиддин Мангуберди ўтган ўша қирғоғида тўрт кун тўхтаб, худойи маросимларини ўтказган экан (Хотира ва қадрлаш қадрияти бизга улуғ боболардан мерос).

Афғонистонда Соҳибқирон ва темурийлар даврига оид меъморий ёдгорликларни кўриш, Ғазна шаҳридаги қабристонда Абу Райҳон Берунийнинг қабрини зиёрат қилиш керак. Шунингдек, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Мавлоно Лутфий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғларимизнинг қабрлари ҳам ҳозирги Афғонистон ҳудудида жойлашган. Ҳиротдаги машҳур Ихтиёриддин қалъасини кўриш керак. Бу қалъа жанговар аждодларимиз иштирокидаги кўплаб тарихий воқеаларга гувоҳ бўлган.

Мозори Шариф шаҳрига етиб келгач, азалий орзуим – Оқсарой “излари”ни қидиришга умид қиламан. Айрим маълумотларга кўра, Мозори Шарифлик бир фуқарода Шаҳрисабздаги Оқсаройнинг тарҳи (чизмаси) сақланади. У терига чизилган, каттагина китоб шаклида тахланар экан. Ўша чизмани дараклаш, агар омад кулиб боқса, ҳеч бўлмаганда ундан нусха кўчириб келтирилса, жуда улуғ иш бўлар эди.

Агар илмий-ижодий сафар режаси иқтисодий бақувват ҳомийларни қизиқтирса ва енгил автомашина ажратилса, тадбирга янада ўзгача мазмун бахш этиш мумкин бўлар эди. Масалан, ўзимизнинг “Nexia”, “Damas” ёки “Cobalt” каби машиналарда йўлга чиқилса:

1. Ўзбекистонимизнинг қудрати ва имкониятларини, ўзбек автомобилини хорижда ўзига хос тарзда намойиш қилиш имкони пайдо бўлади. (Mинглaб чақирим масофадан келаётган машина, ҳомийлар учун яхши реклама бўлиши шубҳасиз. Машинада катта қилиб “O‘ZBEKISTON” ёзуви ва байроғи, ҳомийларнинг номлари, сафар харитаси акс эттирилади).

2. Вазият тақозосига кўра, кўп ҳолларда ётоқжой-бошпана муаммоси ҳал этилади.

3. Озиқ-овқат масаласи ҳам анча енгиллашади (зарур миқдорда захира олиб юриш мумкин).

4. Вазият тақозосига кўра, қўлга киритилиши мумкин бўлган осори-атиқалар, китоблар ва бошқа буюмларни олиб юриш мумкин.

5. Етиб борилган мамлакатларда илм ва матбуот вакиллари билан учрашувлар уюштирилганда, даврага миллий кийимларда (Соҳибқирон авлодларига хос тарзда!) чиқилса, янада ўзгача иш бўлар эди. Велосипед учун ортиқча бўлган  бу юкларни фақат машинада олиб юриш мумкин.

Асосийси – хорижий мамлакатлар бўйлаб юртимиз байроғи остида, унинг шаънини муносиб сақлаган ҳолда, тарихимиз ва аждодларимиз меросига бўлган эътибор-муносабатимиз намойиш этилади.

Президентимизнинг юқоридаги қароридан руҳланиб, хориждаги маданий бойликларимизни тадқиқ этиш борасидаги орзу-ниятларимни баён этишга жазм этдим. Негаки, эндиликда бундай эзгу мақсадни ҳар томонлама қўллаб-қувватловчи, уни амалга ошириш учун йўл-йўриқ ва зарур ёрдам кўрсатувчи Марказ ташкил этилади! Асосий мақсад – сафарга велосипед ёки автомашинада чиқиш эмас. Хориждаги маданий бойликларимиз, аждодлар меросини тадқиқ этишда давлатимиз томонидан кенг қамровли ишларнинг йўлга қўйилишидир.

Нукус шаҳридаги машҳур санъат музейи “Саҳродаги Лувр” деб ном олгани ва унга бутун дунёдан сайёҳлар оқимининг муттасил ортиб бораётгани – албатта, қувонарли ҳол. Агар дунёга дурдек сочилган маданий бойликларимизни баҳоли қудрат жамласак, ҳеч бўлмаганда уларнинг нусхаларини келтирсак, ундан-да улканроқ хазина пайдо бўлади. Пойтахтимиз ёки кўҳна Самарқандда бу тенгсиз бойликка мос кошона барпо этиб, уни “Мовароуннаҳр хазинаси” дея номласак, дунё олимлари ва сайёҳлар учун ҳақиқий зиёратгоҳга айланиши шак-шубҳасиз.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

0 izoh

Ro'yhatdan o'tganlar va tasdiqlanganlargina izoh qoldirishlari mumkin.