топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

"Тамерлан" эмас, Соҳибқирон Амир Темур!

"Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур"
Жамият
«ТАМЕРЛАН» ЭМАС, СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУР!

Пойтахтимизнинг файзли кўчаларидан бирида шинам ошхона очилди. Янги масканга хўрандаларни кўпроқ жалб этиш мақсадида, йўл четида реклама пайдо бўлди: каттакон баннерда тандир кабоб ва гўштли таомларнинг иштаҳани қитиқловчи суратлари, тепасида эса ўқловдек ҳарфларда «Шаҳри Киш таомлари» деган ёзув.

Ошхона ва ундаги таомлар-ку, ҳақиқатан ҳам зўр. Лекин Шаҳрисабзнинг тарихий номи хато ёзилган-да. Бу реклама анчадан бери турибди. Ўтган-қайтганда кўзинг тушса, кўнгилни хира қилади. Шуни наҳотки ҳеч ким илғамаган бўлса? Ошхона мутасаддиларига буни қандай қилиб айтса бўлади? Улар «бизнесни синдириб қўядиган», фойда-ю даромаддан бошқасини ўйламайдиган чаққон йигитларку-я, лекин кўчадан келган оддий бир одамнинг гапини қандай қабул қилади? «Ака, енг-ичинг, бошқаси билан ишингиз бўлмасин», дейиши ҳеч гап эмас.

Ўзимча «эзгулик йўлида ҳийла» қилмоқчи бўлдим. Жиддий қиёфада кириб бордим-да, «ҳокимият вакили» сифатида ошхона хўжайинини сўрадим.

– Анави ёзувни алмаштирсанглар, ҳоким бир-икки ўтганларида кўриб, «Нега хато ёзув ҳалиям турибди? СЭС билан солиқчилар бориб текширсин, ишларида ҳам хатолари кўпга ўхшайди, буларнинг» – деяптилар, дедим.

– Қандай хато экан? – деди хўжайин ҳайрон бўлиб.

– «Киш» деб товуқни ҳайдаш учун айтилади. Ҳеч бўлмаса, «Шаҳри Кеш» деб ёздириб қўйинг, – дедим. – Буни кўриб, одамлар кулиб кетишяпти...

Хўжайин бир оз иккилангандек бўлди. Ҳоким шундай «майда-чуйда» нарсаларга ҳам эътибор бераркан-да. Ҳайтовур, йўл четидаги «киш»ни дарров олдириб қўйди...

Албатта, бундай «арзимаган» хатолар атайлаб қилинмайди. Лекин бу нарса бир пайтлар «Илму адаб қуббаси» деб таърифланган Шаҳрисабзга обрў келтирмайди-да!

Биз олижаноб ва андишали халқмиз. Бировга айбини кўрсатиб, танбеҳ беришни унчалик хушламаймиз. Кўриб кўрмаганга, билиб билмаганга оламиз, ўзимизни. Оқибатда, бугун чаласаводлик салкам одатий ҳолга айланиб қоляпти...

Баъзан Соҳибқирон ҳақидаги нохолис, ҳатто ҳақоратомуз гапларга ҳам эътибор бермай, «ўтказиб» юборамиз. «Менга нима? Шу арзимаган гап учун бировлар кўзига ёмон кўринишим керакми? Оч қорним – тинч қулоғим...» қабилидаги мулоҳазаларни қаттиқ тутганмиз.

2000 йилларнинг ўрталарида, Самарқандда чиқадиган бир газетада Амир Темур ҳақида бир мақола чоп этилган эди. У шўро давридаги қайсидир матндан кўчириб олинган шекилли – «Темурнинг босқинчилик феодал юришлари», «шафқатсиз қириб ташлади», «талади, ёндирди...» деган иборалар кўп ва хўп ишлатилган. Юртимизда улуғ бобокалоннинг 660 йиллик тўйи кенг миқёсда ўтказилган, муҳтарам Юртбошимизнинг машҳур маърузалари бутун дунёда улкан акс-садо бергандан ўн йил ўтгач, бу номақбул мақоланинг чоп этилишини қандай баҳолаш керак? Дунё аҳли Соҳибқиронни буюк халоскор ва бунёдкор, улуғ давлат арбоби сифатида таниб, ўрганаётган бугунги кунда, собиқ шўро тузумининг юқоридаги туҳматларини такрорлашдан қандай мақсад кўзланган? Яна, Соҳибқироннинг ўз юртида, пойтахтида-я? Мақола муаллифи эса… ўша пайтда Амир Темур фондининг Самарқанд вилояти бўлими раҳбари эди!

Бу мақола Соҳибқирон фидойилари, умуман, зиёлиларни қаттиқ ранжитди. Раддия билдириш, муаллифни жиддий жазолаш ҳақида фикрлар айтилди.

Лекин ҳарқалай, биз мулоҳазакор, кечиримли ва бағрикенг халқмиз. «Юқори»дан, «майда гапларни ковламанглар», дегандек кўрсатма бўлдими, хуллас тарихчи олимлар ва зиёлилар ўртасидаги эътирозлар ошкор қилинмади, ҳеч нарса бўлмагандек яна жим-житлик давом этди...

Интернетда, бир электрон кутубхона бисотидаги маълумотларда «Тамерлан» деган сарлавҳага кўзим тушди. Айрим ҳамюртларимиз, миллати фақат ўрис бўлгани учунгина улуғ зот номини ҳақоратомуз ёзиши тўғрими?! Бунга бефарқ қараб туриш мумкинми? Кутубхона электрон манзилини топиб, шундай хат ёздим:

Ҳурматли Самиев Абдусаттор Абдусаматович!

Интернетда сиз раҳбарлик қилаётган Тошкент Саноат ва сервис касб-ҳунар коллежига қарашли «Информационно-ресурсный центр»да илм-маърифат тарқатиш борасида муайян ишлар қилинаётганини кўриб, мамнун бўлдик.

Унинг раҳбари русийзабон бўлса керак, (Татьяна Сергеевна Алимходжаева) «Информационно-ресурсный центр»да маълумотларнинг аксарияти русча экан – бу ҳам зарур. Лекин миллатимизнинг буюк вакили – Амир Темур ҳазратларининг муборак исм-шарифларини очиқ-ойдин «Тамерлан» деб ҳақоратомуз ёзиб қўйишганига асло муроса қилиб бўлмайди. Биз, муҳтарам Юртбошимиз раҳнамоликларида фарзандларимизни улуғ боболаримизга муносиб, миллий ғоя руҳида тарбиялаётган айни даврда, сизлар Интернет орқали «Тамерлан» дея ёзсангиз, тўғри бўлармикан? («Календарь знаменательных дат 2014»)

Илм-маърифат тарқатиш ишини олижаноб мақсадларга мувофиқ тарзда ташкил этасиз ва юқоридаги қўпол хатони бартараф қиласиз, деган умиддамиз.

Самимият ила,

Бахтиёр Ҳайдаров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул ходими. 2016 й. 13 май.

Кўп ўтмай, электрон почтамга жавоб хати келди (ўзгартиришсиз, айнан келтираман):

Ҳурматли Бахтиёр Ҳайдаров!

Сиз, мен раҳбарлик қилаётган Тошкент Саноат ва сервис касб-ҳунар коллежи Ахборот-ресурс марказининг Web-сайти: www.infocenter.uz билан фойдаланганингиздан жуда мамнун бўлдим. Агар эътибор берган бўлсангиз, бизнинг сайтимиздаги материаллар 3 та тилда ёритилади, яъни: ўзбек (кирилл ва лотин графикасида), рус ва немис тиллардадир.

2012 йилдан буён, сайтимизда «Муҳим саналар тақвими» («Календарь знаменательных дат») рукни остида фаолият олиб борилмоқда. Ушбу тақвимда, биз ҳар ойда бўлиб ўтадиган буюк инсонларларнинг юбилейлари, муҳим саналарга оид ресурсларни рефератив шаклда яратамиз.

2014 йилда биз томондан тайёрланган «Муҳим саналар тақвими»да сиз: «Миллатимизнинг буюк вакили – Амир Темур ҳазратларининг муборак исм-шарифларини очиқ-ойдин «Тамерлан» деб ҳақоратомуз ёзиб қўйишганига асло муроса қилиб бўлмайди. Биз, муҳтарам Юртбошимиз раҳнамоликларида фарзандларимизни улуғ боболаримизга муносиб, миллий ғоя руҳида тарбиялаётган айни даврда, сизлар Интернет орқали «Тамерлан» дея ёзсангиз, тўғри бўлармикан? («Календарь знаменательных дат 2014») деб ёзибсиз. Биз сизнинг эътирозингизни эътиборга олиб, сайтимиздаги хатоларни бартараф қилдик. Аммо, биз сайтимиз учун материалларни асосан Ziyonet.uz  сайтидан олишимизни маълум қилишни лозим топдим. Амир Темур ҳақидаги материал билан:  old.ziyonet.uz/ru/people/amir-temur ссылка орқали танишиб чиқишингизни ҳам маслаҳат берардим. У ерда ҳам Амир Темурни «Тамерлан» деб аташган.

Келгусида сиз сайтимиздан фойдаланишни давом эттирсангиз ва ўз фикрларингизни билдирсангиз, мен жуда ҳам мамнун бўлар эдим.

Ҳурмат билан,

Алимходжаева Татьяна Сергеевна, Тошкент Саноат ва сервис касб-ҳунар коллежи Ахборот-ресурс маркази раҳбари.

Очиғи, бу жавобдан хурсанд бўлдим. Шунисига ҳам раҳмат. Хатда кўрсатилган манзилга кирдим, у жойда ҳам «Тамерлан» деган сарлавҳали матн турибди. Ҳатто «феодал», «захватнические походи»… каби иборалардан шўро даврининг ғаразли руҳи сезилиб турибди. Демак, ҳали қилинадиган ишларимиз кўп. Биринчи Президентимиз ёзганларидек, «Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак».

Юқоридаги «жанг»ларимни асло қандайдир «қаҳрамонлик» дея келтирмадим. Шунчаки, баҳоли қудрат, айрим ҳамюртларимизнинг ножўя тасаввурларини тўғрилашга уриндим.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.