топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Навоийнинг буюк мероси

"Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур"
Жамият

НАВОИЙ 4 МИНГУ 585 ТА АСАР ЯРАТГАН!

Алишер Навоийдан буюк мерос боқий қолди. Айрим мутахассислар унинг асарлари сонини 30 та деб кўрсатишади1. Бу – мантиққа зид ҳисоб-китоб.

Филология фанлари доктори, профессор Баҳром Бафоев шоир асарларида ишлатилган сўзларни ўрганиб: “… Эски ўзбек тилида ижод қилинган 24 асарида жами 26035 та сўз қўлланган”, – деган хулосага келган. Ҳолбуки, олим ўрганган, лекин бу ерда “асар” деб ҳисоблаганларнинг айримлари тўплам ва улар амалда бир неча асарни ўз ичига қамраб олган.

Агар гап шоирнинг бир муқовада жамланган китоблари ҳақида бораётган бўлса, эҳтимол, 30 тача бўлар. Чунки шоирнинг 9 (мухлислари 1466 йили тузган, илмда “Илк девон” номини олган девон, 1471 йили Шерозда тузилган, илмда “Оққуюнли мухлислар девони”2, ўзи тузган “Бадоеъ ул-бидоя” ва “Наводир ун-ниҳоя” девонлари, “Хазойин ул-маоний”га кирган “Ғаройиб ус-сиғар”, “Наводир уш-шабоб”, “Бадоеъ ул-васат”, “Фавойид ул-кибар” девонлари ва форс-тожик тилидаги “Девони Фоний”) девони, таржима йўли билан яратилган 2 шеърий тўплами (“Арбаъин”, “Назм ул-жавоҳир”), жами 6 (“Хамса”га кирган “Ҳайрат ул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъайи сайёр”, “Садди Искандарий” ҳамда “Лисон ут-тайр”) достони, 2 (шоирлар ҳақидаги “Мажолис ун-нафоис” ва шайхлар ҳақидаги “Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват”) тазкираси, 3 (“Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”) маноқиби, тил ва адабиёт назарияси билан боғлиқ 3 (“Муфрадот”, “Мезон ул-авзон”, “Муҳокамат ул-луғатайн”) рисоласи, яна 3 (“Маҳбуб ул-қулуб”, “Вақфия”, “Муншаот”) насрий-бадиий ва илмий-тарихий асари мавжуд. Шуларни номма-ном санасак, ҳақиқатан ҳам, 30 га яқинлашади, аниқроғи, 29 та бўлади.

Лекин, ахир, бор-йўғи икки сатрдангина иборат фард ҳам – бир яхлит асар-ку. “Хазойин ул-маоний”даги мавжуд тўрт девоннинг ҳар бирида ғазалнинг ўзидан нақд 650 тадан, жами 2 минг 600 та бор-ку. “Девони Фоний”да жами 556 ғазал мавжуд. “Хазойин ул-маоний”га кирмай қолган ғазалларини ҳисобга олмаганда ҳам, ўзи девонларига киритган ғазалларининг умумий сони 3 минг 156 тани ташкил этяпти-ку.

Шоирнинг ўзи “Лисон ут-тайр”да мероси 100 минг байт атрофида бўлишини айтиб ўтган:

Назму насрим котиби тахминшунос

Ёзса, юз минг байт этар эрди қиёс.

Шоир мероси ҳақида гап кетар экан, энг муҳим икки жиҳатни алоҳида қайд этиб ўтиш лозим.

Биринчидан, бошқа шоир ва ёзувчиларимизга қараганда, Навоийнинг ўзи меросини пухта-пишиқ ҳолда тартибга солиб, китобат қилдириб, келажак авлодларга қолдириб кетган. Чунки умрининг охирларида ёзилган “Муҳокамат ул-луғатайн”да ўзи санаган асарларидан бизгача етиб келмагани йўқ.

Иккинчидан, буюк мутафаккирнинг бутун мероси 1987 – 2003 йиллар мобайнида “Фан” нашриётида 20 жилд сифатида тўлиқ чоп этилди.

Модомики, бугун қўлимизда улуғ шоир ва мутафаккир асарларининг мукаммал нашри мавжуд экан, нега унинг асарлари сонини аниқ қилиб кўрсатиш мумкин эмас?!

Жуда мумкин-да. Келинг, бу ишни орқага ташламайлик-да, ҳозирнинг ўзида масалани ҳал қилиб қўя қолайлик.

20 жилднинг биринчи ва иккинчи жилдларидаги лирик асарларнинг ҳаммаси 3 – 6-жилдларни ташкил этган “Хазойин ул-маоний”га кирган тўрт девонда бор. Шунинг учун саноқни 3-жилддан бошлаймиз:

3-жилд: “Ғаройиб ус-сиғар” – 650 ғазал, 1 мустазод, 3 мухаммас, 1 таржиъбанд, 1 маснавий, 50 қитъа, 133 рубоий, яъни жами – 839 асар.

4-жилд: “Наводир уш-шабоб” – 650 ғазал, 1 мустазод, 3 мухаммас, 1 таржиъбанд, 1 таркиббанд, 50 қитъа, 52 муаммо, яъни жами –758 асар.

5-жилд: “Бадоеъ ул-васат” – 650 ғазал, 1 мустазод, 2 мухаммас, 2 мусаддас, 1 таржиъбанд, 1 қасида, 60 қитъа, 10 чистон (луғз), 13 туюқ, яъни жами –740 асар.

6-жилд: “Фавойид ул-кибар” – 650 ғазал, 1 мустазод, 2 мухаммас, 1 мусаддас, 1 мусамман, 1 таржиъбанд, 1 соқийнома, 50 қитъа, 86 фард, яъни жами –793 асар.

7-жилд: “Хамса”даги “Ҳайрат ул-аброр” достони, яъни 1 асар.

8-жилд: “Хамса”даги “Фарҳод ва Ширин” достони, яъни 1 асар.

9-жилд: “Хамса”даги “Лайли ва Мажнун” достони, яъни 1 асар.

10-жилд: “Хамса”даги “Сабаъйи сайёр” достони, яъни 1 асар.

11-жилд: “Хамса”даги “Садди Искандарий” достони, яъни 1 асар.

12-жилд: “Лисон ут-тайр” достони, яъни 1 асар.

13-жилд: “Мажолис ун-нафоис” тазкираси, яъни 1 асар.

14-жилд: “Маҳбуб ул-қулуб”, “Муншаот” тўплами (ҳар бири алоҳида-алоҳида битилган 103 мактуб), “Вақфия” асарлари, яъни жами – 105 асар.

15-жилд: “Хамсат ул-мутаҳаййирин” маноқиби, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” ҳолотлари, “Назм ул-жавоҳир” тўплами (255 рубоий), яъни жами – 258 асар.

16-жилд: “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Мезон ул-авзон”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Тарихи мулуки Ажам”, “Арбаъин” (40 қитъа), “Сирож ул-муслимин”, “Муножот”, “Рисолаи тийр андохтан”3 асарлари, яъни жами – 47 асар.

17-жилд: “Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват” тазкираси, яъни 1 асар.

18-жилд: “Девони Фоний” (бошланиш қисми) – 270 ғазал.

19-жилд: “Девони Фоний” (давоми) – 286 ғазал.

20-жилд: “Девони Фоний” (давоми) – 1 мусаддас, 1 марсия, 64 қитъа, 72 рубоий, 16 таърих, 266 муаммо, 9 луғз (чистон)4; “Ситтаи зарурия” тўп­лами (6 қасида – “Руҳ ул-қудс”, “Айн ул-ҳаёт”, “Туҳфат ул-афкор”, “Қут ул-қулуб”, “Минҳож ул-нажот”, “Насим ул-хулд”), “Фусули арбаа” тўплами (4 қасида – “Саратон”, “Хазон”, “Баҳор”, “Дай”), “Муфрадот” асари, яъни жами – 440 асар.

Шундай қилиб, Алишер Навоийнинг ўзи китобларига киритган асарлари умумий сони 4 минг 544 (1 асарни у ёзгани баҳсли экани ҳисобга олинса, 4 минг 543) тани ташкил этади.

“Мукамаал асарлар тўплами”нинг 20-жилдига “Расмий девонларга кирмаган шеърлар” ҳам берилган. Уларнинг сони қуйидагича: 35 ғазал, 4 қитъа, 1 марсия, 1 тахмис, булардан ташқари, турли манбаларда Алишер Навоийга нисбат берилган 14 байт илова қилинган. Агар бу иловалардаги фақат битган 41 асарнигина қўшганда ҳам, умумий рақам 4 минг 585 тани ташкил этади.

Демак, ишонч билан айта оламизки, Алишер Навоий 60 йилга яқин умри мобайнида 4 мингу 585 та асар яратган!

Хўш, бу асарлар таълим тизимида қандай ўрганиляпти?

Филология фанлари доктори, профессор Дилором Салоҳий таълим тизимида, жумладан, Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганишга қай даражада ўрин берилганини аниқлаб, матбуотда эълон қилди.

Умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларида Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганишга 10 соат, юқори синфларда эса 33 соат ажратилган.

Академик лицейларда, йўналишига қараб, Навоийга 11 – 17 соат мўлжалланган.

Касб-ҳунар коллежларида Навоий учун 19 соат вақт берилган.

Олий таълим муассасаларида, йўналишига қараб, Навоий ҳаёти ва ижоди турлича ўрганилади. Масалан, Самарқанд давлат университети филология факультетида Навоийга 50 соат белгиланган5.

 

1Қаранг: “Ўттизга яқин (?) назмий ва насрий асарларида йигирма олти мингдан ортиқ сўз қўллаган улуғ шоир адабий ўзбек тилининг грамматик қурилиши хусусида ҳам эътиборга лойиқ фикрларни ўртага ташлаган” (Д а д а б о е в Ҳ. Буюк тилшунос – “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 2016 йил, 5 февраль.

2Қаранг: “Оққуюнли мухлислар девони”нинг Токио нашри (Адабиётшунос Афтондил Эркинов билан журналист Маҳмуд Саъдий суҳбати) – “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 2016 йил, 5 февраль.

3“Рисолаи тийр андохтан” асари табиатан Алишер Навоий ёзган асарга мутлақо ўхшамайди. Шунинг учун бу асарнинг шоир асарлари сирасига киритилгани – баҳсли.

4Бу ҳисоб-китоблар “Девони Фоний”да жами 985 асар борлигини кўрсатяпти.

5С а л о ҳ и й Д. Мутафаккирдан 10 туҳфа – “Зарафшон”, 2016 йил, 9 февраль.
 

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.