топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Наполеон Бонапартнинг ҳаёти

"Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур"
Жамият
Майкл Ли Лэннинг «Юз буюк саркарда» китоби асосида тайёрланган навбатдаги мақоламизда сиз ўз даврининг таниқли давлат арбоби ва саркардаси сифатида инсоният тарихи саҳифаларидан муқим ўрин эгаллаган Франция императори (1804 – 1815) Наполеон Бонапартнинг ҳаёти, сиёсий ва ҳарбий фаолияти тўғрисидаги қизиқарли маълумотлар билан танишишингиз мумкин.

Императорлик лавозимини қўлга киритган Наполеон йигирма йилдан ортиқ давр мобайнида Европанинг сиёсий ва ҳарбий ҳаётида ҳукмронлик қилган.

БОЛАЛИК ВА ЎСМИРЛИК ДАВРИ

Наполеон 1769 йилнинг 15 августида Корсика оролидаги Аяччо шаҳрида, майда дворянлар оиласида дунёга келган. 10 ёшида Отен коллежига ўқишга кирган, сўнгра айнан шу йили таълимни давом эттириш учун Бриенн ҳарбий ўқув юртига кўчиб ўтган. Бу даврда иқтидорли ёш талаба махсус, умумий илмий, фалсафий, сиёсий, ҳарбий ва бадиий адабиётларни ўқиб ўрганади. 16 ёшида Париж ҳарбий академиясини тугатган Наполеон артиллерия кичик лейтенанти унвонига эга бўлади. 1785 йилда эса подпоручик унвонида армия хизматини бошлаган.

СИЁСИЙ ВА ҲАРБИЙ ФАОЛИЯТИ

1789 йилда Буюк француз инқилоби содир бўлганида, хизмат пиллапоялари бўйлаб муваффақиятли кўтарилиб бораётган ёш йигит сиёсатга кириб келади ва фаол якобинчига айланади. 1793 йилда Корсика ўз мустақиллигини эълон қилганидан сўнг, Наполеон қадрдон ороли билан алоқасини узади ва Францияга содиқлигини маълум қилади. У инглизлар томонидан босиб олинган Тулонни озод қилишда иштирок этади. Жанглардан бирида командир оғир яраланганидан сўнг, Наполеон француз артиллерияси қўмондонлигини ўз қўлига олади ҳамда уни моҳирона бошқариб, қўшинларга ғалаба, ўзига эса шон-шараф ва бригада генерали унвонини келтиради. Бу вақтда у атиги 26 ёшда эди.

1796 йилда Италияда ҳаракат қилаётган француз армиясининг бош қўмондони этиб тайинланган Бонапарт жангларда шахсий мардлик намуналарини намоён этиб, аскарлар орасида катта ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлади. Катта офицерларнинг бундай хатти-ҳаракатларига ўрганмаган аскарлар бўйи беш футу икки дюймдан (деярли 1,70 см) ошмайдиган довюрак командирларига «кичик капрал» деб ном берадилар.

ҒОЛИБОНА ЮРИШЛАР ВА...

Наполеоннинг зафарли армияси жануб томон юришларини давом эттиради ва ниҳоят, 1797 йилда Италия ва Австрия устидан тўлиқ назорат ўрнатади. Ла-Манш орқали ўтиб, Англияга ҳужум қилиш учун армиясининг кучи етмаслигини тушунган қўмондон қирқ мингли қўшини билан Мисрга йўл олади ва бу ерда Британиянинг Ҳиндистон ва Шарқ мамлакатлари билан савдо алоқаларини бузишга ҳаракат қилади ҳамда турклар устидан бир нечта ғалабага эришади. Аммо адмирал Нельсон бошчилигидаги Англия флоти Александрия яқинида француз флотини тор-мор қилади. Умидсиз курашни давом эттиришни истамаган Наполеон Францияга қайтади ва Директория ҳукуматига қарши исён кўтаради. 1799 йилнинг 9 ноябрида давлат тўнтаришини муваффақиятли якунлаганидан сўнг, у биринчи консулга – амалда Франция ҳукмдорига айланади.

ҚАҚШАТҚИЧ МАҒЛУБИЯТЛАР

Наполеон бошчилигидаги Франциянинг босқинчилик сиёсати тез орада Европадаги қисқа муддатли ярашувга якун ясайди. 1803 йилда Англия Наполеонга қарши уруш бошлайди, икки йилдан сўнг эса Россия ва Австрия Британиянинг иттифоқчиларига айланади. Французлар айниқса денгиздаги жангларда катта талафотларга учрайди ва адмирал Нельсон Трафальгар жангида яна уларни мағлубиятга учратади. Бироқ, уруш натижаси қуруқликда ҳал бўлишини яхши тушунган Бонапарт кейинги бир неча йил мобайнида аввал Австрияни, сўнгра бирлашган Австрия – Россия қўшинларини енгади, Пруссияни босиб олади, Фридланд остонасида рус қўшинларини тор-мор этади. 1807 йилда Португалияни забт этган Наполеон кейинчалик Испанияни босиб олишга уриниб кўради. Аммо Англия армияси томонидан қўллаб-қувватланган испанлар қаттиқ қаршилик кўрсатади ва бу 1813 йилгача давом этган испан урушига айланиб кетади. Наполеон бу урушда 300 мингга яқин қўшиндан жудо бўлади, аммо ғалабага эриша олмайди.

1812 йилнинг 24 июнида Россияга қарши бошланган уруш олти юз минг кишидан иборат бўлган Наполеон армияси учун аянчли якунланади. У рус армиясини енгиши ҳам мумкин эди, аммо рус қиши ҳамда душманнинг ўзидан кейин ҳеч нарса қолдирмайдиган «куйдирилган ер сиёсати»га қаршилик қила олмайди. Наполеон Москвага кириб келганида ёндирилган ва аҳоли тарк этган бўм-бўш шаҳарга дуч келади, кейин эса қаҳратон қиш бошланиб, француз армиясига катта зарар етказади. Оч-наҳор ва совуқдан азобланган «Буюк армия» қолдиқлари ортга – Францияга йўл олганида унинг сафида бор-йўғи 10 мингга яқин аскар қолган эди...

ҲАЁТИНИНГ СЎНГГИ ЙИЛЛАРИ

Сўнгги урушларда Наполеоннинг кетма-кет мағлубиятга учраши, иттифоқчи қўшинларнинг Парижга кириб келиши (1814 йил) уни тахтдан воз кечишга мажбур этади. Ғолиб иттифоқчилар Бонапартнинг император унвонини сақлаб қолиб, Эльба оролини унинг ихтиёрига берадилар. Аммо, кейинчалик яна ҳокимият тепасига келишга уриниб кўрган Наполеон Британиянинг жанубий Атлантикадаги Муқаддас Елена оролига сургун қилинади ва 1821 йилнинг 5 майида 51 ёшли саркарда айнан шу ерда, баъзи маълумотларга кўра ошқозон саратонидан, бошқаларига қараганда эса – аста-секин маргимушдан заҳарланиш оқибатида вафот этади.

Хулоса қилиб айтганда, катта иқтидор соҳиби бўлган Наполеон қўшинларни профессионал армияга айлантирди. Европада энг илғор ҳисобланган француз армиясини ташкил этиш, қўшинларни ҳарбий санъатга ўргатиш, стратегия ва тактикани такомиллаштиришга замин яратди. Унинг саркардалик маҳорати жаҳон ҳарбий санъатига чуқур таъсир кўрсатди.

П. САЙДИВАЛИЕВ тайёрлади.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.