топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Кир-қадимги Эрон шоҳи

"Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур"
Жамият
КИР – ҚАДИМГИ ЭРОН ШОҲИ

Империя асосчиси

Майкл Ли Лэннинг “Юз буюк саркарда” китобида 10-рақамда бир тарихий шахс ҳақида маълумот берилади. Бу Буюк Кир дея ном олган қадимги Эрон шоҳи.

Китобда келтирилишича, тахминан милоддан аввалги 590-529 йилларда яшаган Кир Эрон империяси асосчиларидан, таниқли саркардалардан бири сифатида  эътироф этилади.
Кир милоддан аввалги VI юз йилликда Мидия, Лидия ва Вавилонни бирлаштирган, Ҳиндистондан то Ўрта Ер денгизигача чўзилиб кетган қудратли империяга асос солган.

Коҳинлар башорати

Кирнинг отаси Камбиз I Аҳомонийлар сулоласидан бўлган. Кир ҳақида турли афсона ва ривоятлар бор. Афсонага айланган бир воқеани сизга илинайлик. Геродотнинг айтишича, Кир Мидия шоҳи Астиагнинг қизи Манданадан туғилади. Коҳинлар туғилажак ўғил дунёга ҳукмрон бўлишини айтишади. Бундан ҳайиққан Астиаг қизини форсга турмушга беради. Барибир невараси подшоҳ бўлишидан қўрқиб, ҳомиладор қизини Эрондан чақиради ҳамда туғилган чақалоқни амалдорларидан бири Гарпагга ўлдиришни буюради. Гарпаг эса Астиагнинг қулларидан бирига чақалоқни ёввойи ҳайвонлар гавжум бўлган тоққа ташлаб келишни буюради. Чўпон уйига келганида хотини ўлик фарзанд туққан бўлади. Подшоҳ неварасини улар ўзларига ўғил қилиб олишади. Чўпон Гарпагга амрини бажарганини айтади ва ўзининг ўлик туғилган фарзандини кўрсатади. Шу тариқа Кир болалиги қуллар оиласида кечади.

10 ёшга тўлганида болалар билан ўйнаётганда Кир шоҳ этиб сайланади. Мидиялик олимнинг ўғли амрини бажаришдан бош тортгани учун Кир уни жазолайди. Боланинг отаси Астиагга қул амалдорнинг фарзандини урганидан шикоят қилади. Кирни жазоламоқчи бўлган Астиаг неварасини таниб қолади. Коҳинлар эса башорат кучини йўқотганини шоҳга айтишади. Шунда Астиаг неварасини тирик қолдириб, Эронга йўллайди.

Мидия сулоласига қарши

Кир милоддан аввалги 558 йилда Эроннинг Аншан вилоятига ҳоким этиб тайинланади. Орадан бир неча йил ўтиб, тахминан 553 йилда у ҳукмрон Мидия сулоласига қарши қўзғолон кўтаради. Уч йил давомида олиб борилган қақшатқич урушда Кир ғолиб бўлади. Саркарда уларни ўзига тобе қилиб олади. Муҳими, мидияликларнинг айрим қонун, тартиб ва маъмурий чораларини ўзгартирмайди. Башорат тўғри чиқади.

Ҳарбий тактика

Милоддан аввалги 546 йил. Лидия подшоси Крез Эронга бостириб киради. Кир босқинчиларни нафақат юртидан қувиб чиқаради, балки Лидияга ҳам дахл қилади. Тимбра деб номланган тепаликда ҳал қилувчи жанг кечади. Кир қўшини сони бўйича душманидан кам бўлган. Шунда каре (пиёда аскарларнинг ҳамма томондан қилинган душман ҳужумини қайтариш учун тўртбурчак шаклида тузилган сафи) бунёд этиб, камончиларини жойлаштиради. Камончилар лидияликларга мудофаани ёриб ўтишга ҳалал беришади. Лидияликлар карени ўраб олишга ҳаракат қилишганда, Кир унга жавобан кавалериясини ишга солади. Мана шундай ҳарбий тактика қўллаб душманини яксон қилади. Эрон шоҳи Крезга шафқат қилади. Бу эса лидияликлар билан душманликка нуқта қўяди.

Тўмариснинг жасорати

Милоддан аввалги 539 йилда Вавилонга юриш қилиб, уни осонликча ўзига бўйсундиради. Эрон империяси ўша даврдаги дунё цивилизациясининг сиёсий ва маданий марказларини қамраб олади. Кир ўзини Вавилон, Шумер, Аккада ва мамлакатлар шоҳи деб атайди. Буюк Кир деб номланиши ҳам шундан келиб чиққан. Бироқ Кир бу билан чекланиб қолишни истамайди.

530 йилда Каспий денгизидан шарқда яшайдиган массагетларни ўзига бўйсундириш учун юриш бош­лайди. Геродотнинг ёзишича, Кир Аракс дарёсидан кечиб ўтиб, жанг қилади. Массагетлар маликаси Тўмарис ўзини Буюк Кир деб номлаган подшоҳни, саркардани енгади. Ўғлининг ўлими учун ўч олиб, Кирнинг узилган бошини қон тўла мешга ботиради.

Шоҳ амри билан

Қадимги Эронда ҳарбий хизмат аслзодалар учун ҳам деҳқонлар учун ҳам мажбурий бўлган. Фақатгина шахсан шоҳ амри билан ҳарбий хизматдан озод қилиш мумкин ҳисобланган.

Қўшиннинг ўзаги минг кишидан иборат полкдан ташкил топган. Полк қўмондони хазорапатиш деб номланган. 10 та полк байварабам дейилган. Унинг қўмондони эса байварапатиш деб аталган.

Сатрапиялар жангчиси

Буюк Кир сатрапиялар (вилоят) га асос солган. Уларнинг бошқарувчиси – сатраплар вилоят мудофааси учун ҳам жавоб беришган. Зарурат туғилганда сатрапиялардаги кўчманчи жангчилардан ёлланма аскарлар полки шакллантирилган. Бу эса мамлакат қўшинида янги тактик усуллар, қуроллар пайдо бўлишига ҳам хизмат қилган.

«Киропедия»

Кир образи қадимги шарқ ва антик адабиётда чуқур из қолдирган. Масалан, Ксенофонтнинг “Киропедия” асари унга бағишланган.

Асарда ёзилишича, Кир эронликларга, хусусан қўмондонларига мидияликларнинг устки кийим ёқасига тикиладиган қайтарма қалпоғини (капюшон) кийишни жорий этган. Ранглари тўқ қизил, жигарранг бўлган. Ҳар бир қўмондон бир қанча капюшон олган ва сафдошларига тарқатган. Ҳарбий кийим билан қўмондонлар ва нуфузли қисм аскарлари таъминланган.

Шахсий гвардия

Найзабардорлар полки Эрон шоҳининг шахсий гвардияси ҳисобланиб, ҳукмдор хавфсизлигига жавоб берган. Найзабардорлар қовурғасимон бош кийимида юрган.

Д. РЎЗИЕВА тайёрлади.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.