создание топика, блога, фотосета или ссылки

Херонея жанги

"Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур"
Общество

АЛЕКСАНДР МАКЕДОНСКИЙ

Александр Македонский милоддан аввалги 356 – 323 йилларда яшаган. Майкл Ли Лэннинг “Юз буюк саркарда” китобида ёзилишича, Македонский биронта жангда мағлуб бўлмаган.

Александр Македония подшоси Филипп II ва малика Олимпиаданинг ўғли. Болалигида устози машҳур файласуф Аристотелдан сабоқ олади. Отаси ҳарбий санъат сирларини унга болалигидан ўргатади. Шу боис 16 ёшидаёқ жангчиларга қўмондон бўлади. 18 ёшида отаси қўшинининг муайян қисмига қўмондонлик қилади ва Херонея жангида ғалаба қозонади. Мазкур ғалаба Македониянинг Греция устидан ҳукмронлигини таъминлайди.

Эронга юриш

Филипп II фитначилар томонидан ўлдирилгач, Македония тахтига Александр ўтиради. 334 йилда у Эронга юриш бошлайди. Бу уруш отаси Филипп II давридаёқ бошланган бўлиб, унинг ўлими туфайли тўхтаб қолганди.

Александр Македонский қўшинида саркардалардан Антипатр, Парменион, Птолемей Лаг ва бошқалар, шунингдек, 30 мингга яқин пиёда жангчи, 5 минг отлиқ, енгил қуролланган ёрдамчи отрядлар ва 160 кема бўлган.

Доро III

Александр Македонский Граника (334 й.), Исса (333 й.) ва Гавгамела (331 й.) жангларида Доро III қўшинларини енгган. Эроннинг марказий шаҳарлари – Бобил, Суза, Персеполь, Экбатана ҳамда Мисрни эгаллаган.

Найзабардорлар бўлинмаси

Тахт билан бирга машҳур саркардага яхши тайёргарликка эга қўшин мерос қолган. Қўшин негизини найзабардорлар бўлинмаси ташкил этган. Уларнинг найзалари сарисса деб номланган. Оддий найзадан икки баробар узун бўлган. Шунингдек, Александр Македонскийда енгил пиёдалар ва отлиқлардан иборат мобиль қўшин бўлган. Ёрдамчи қўшин деб ҳам ном олган. Мазкур қўшин душманга қанотдан зарба берган. Шунингдек, найзабардорлар душман мудофаасини ёриб ўтгач, ҳужумга кирган.

Янгича тактика

Александр Македонскийгача ҳарбий стратегия фан сифатида мавжуд бўлмаган. Жанглар қақшатқич тус олган. Ҳаммасини жанг пайтидаги тактика ҳал этган. Ғалаба эса одатда кўп сонли ва яхши қуролланган қўшинга насиб этган. Александр эса янгича тактика ишлаб чиқади. Душманни айланиб ўтиш, ўраб олиш манёврлари ҳамда пиёдалар ва отлиқлар ўзаро ҳаракати бўйича тактика жангда қўл келади.

Саркарда сифатида яна бир ютуғи яхши ташкиллаштирилган, улкан ҳарбий кемаларга эга жанговар флотни тузган. Бу бир неча юз йиллар ҳарбий флот учун асос бўлб хизмат қилган. “Юз буюк саркарда” китобида ёзилишича, Александргача жанглар кўпроқ кўчадаги муштлашувни эслатган. Саркарда эса бугунги тил билан айтганда, ҳарбий режиссурани яратган.

Совут, найза, дубулға

Пиёда қўшинида гоплит қалқони, ирғитиладиган найза бўлган. Бир қатор пиёдалар совут кийган. Совут теридан тикилган. Диадор асарида бу ҳақда ёзилган. Дубулғанинг айримлари бронзадан ясалган. Аксарияти пиёда қўшинни ажратиб туриш учун кўк рангга бўялган. Офицерлар дубулғасида тилларанг чизиғи бўлган. Пиёдалар узунлиги 5,55 метр келадиган сарисса (найза) билан қуролланган. Жангчиларининг бари қизил енгсиз узун кийим (туника) кийган.

Муҳим ғалаба

Кичик Осиёга бостириб киргач, Граника дарёсигача ҳеч қандай қаршиликка учрамайди. Яъни асосий рақиби форслар билан 334 йилда илк бор жангга киргунича. Душманида қўшин сони кўп бўлса-да, Александр сездирмасдан жангчилари билан дарёни кечиб ўтиб, қўққисдан ҳужум қилади. Кам сонли аскарини йўқотиб, муҳим ғалабага эришади.

Отлиқлар ҳужуми

Сўнгра жануб томон ҳаракатланиб, Исса шаҳрига (ҳозирги Суриянинг шимоли) етиб боргач, шоҳ Доро III нинг шахсан ўзи қўмондонлик қилаётган форс қўшини билан тўқнашади. Доро қўшини 3 баробар кўп эди. Ҳатто айрим манбаларда 10 баробар, деб ёзилади. Александр Македонскийнинг ҳужуми муваффақиятсиз бўлади. Мудофаани ёриб ўтишолмайди. Шунда саркарданинг ўзи қўшинни Доро турган жойга тўппа-тўғри бошлаб боради. Отлиқлар ҳужумига форслар дош беролмайди. Оқибатида Доро қўшини чекинади. 331 йилда Тигр ва Евфрат дарёсини кечиб ўтиб, форслар қўшинини тор-мор этади. Тез орада форслар пойтахти Персеполь шаҳри ҳам забт этилади.

5 йил ичида

330 йил охирида Александр Македонский Кичик Осиё ва Эронни эгаллайди. Салкам 5 йил ичида улкан империяга асос солади. Навбатдаги 3 йилда эса у Афғонистон, Марказий Осиё ва Шимолий Ҳиндистонга юриш қилади.

Уструшана жароҳати

Марказий Осиёда, хусусан Уструшанадаги еттита шаҳар-қалъа унга қаттиқ қаршилик кўрсатган. Буларнинг ичида энг каттаси – Кирополь бўлиб, Кир II уни бошқа шаҳар-қалъаларга нисбатан баланд девор билан ўраттирганди. Унинг ичида маҳаллий аҳолининг кўпчилик қисми, энг жанговар жангчилар тўпланганди. Александр шаҳар атрофига хандақ қазиттирган, манжаниқлар (девортешар машиналар) билан деворнинг бир неча еридан тешик очиб, у ердан шаҳарга бостириб кирмоқчи бўлган. Бу уриниши натижасиз чиққач, у ҳарбий ҳийла ишлатиб, шаҳар ичидан ўтган қуруқ дарё ўзани орқали ўзининг хос жангчилари билан шаҳарга киради.

Кирополь мудофаачилари билан шиддатли жангда Александрнинг боши ва бўйнига тош тегиб, ярадор бўлади. Бир қанча лашкарбошилари (Кратер ва бошқалар) камон ўқидан шикастланган. Македон қўшини катта қийинчилик билан шаҳарни эгаллаган. Шаҳар мудофаачилари (жами 15 минг) дан 8000га яқини ҳалок бўлган, қолгани ички қўрғонга яширинган, сўнг ташналикдан қийналиб таслим бўлган.

Александр Македонский маҳаллий халқнинг жасоратидан шу қадар хавотирга тушганки, Птолемейнинг айтишича, у ўз жангчиларига асир олинган кишиларни бўлиб бериб, то бу мамлакатдан чиқиб кетмагунларича уларни занжирбанд ҳолда сақлашни топширган.

Спитамен қўзғолони

Александр Суғдиёнада Спитамен қўзғолон кўтариб, Марокандани қамал қилгани ва саклар подшосининг укаси Картазис бошчилигидаги катта қўшин унга ёрдамга етиб келгани ҳақида хабардор бўлгач, қўзғолончиларга қарши 2000 кишилик қўшин жўнатиб, ўзи саклар томон қўшин тортган. Мазкур қўшин тор-мор этиилгач, Александр Македонский шахсан ўзи катта куч билан Спитаменни дашт чегарасигача таъқиб қилиб боради.

Ҳиндистонга юриш

Милоддан аввалги 327 йилнинг ёзида Александр Македонский сўғдлик Оропийни Сўғдиёна ҳокими этиб тайинлаб, ўзи Ҳиндистонга юриш қилади-да, Гидасп дарёси соҳилида катта қийинчилик билан подшо Пор қўшини устидан зафар қозонади.

Империя таназзули

Александр Македонский 323 йилда Вавилонда 33 ёшида оламдан ўтади. Ўлимидан 1 йил ўтиб, империяси таназзулга учрайди.

Буюк жангчи ҳақида

Александр Македонскийнинг “буюк” лақаби антик даврда янада мустаҳкамланди. Римлик ёзувчи Курций, Диодор, Плутарх, Тит Ливий уни буюк жангчи сифатида эътироф этган.

Фирдавсий “Шоҳнома” асарида Александр Македонскийни Эрон шоҳлари билан бир қаторга қўяди.

Наполеон Бонапарт унинг нафақат ҳарбий истеъдоди, балки давлат бошқарувидаги қобилияти билан ҳам фахрланиб сўзлайди.

Америкалик ҳарбий тарихчи олим Теодор Додж Александр Македонский ҳарбий санъатига бағишлаб алоҳида асар битган.

Немис олими Г.Штол ўз асарида Александр Македонскийни омадли саркарда ва оқил давлат арбоби дейди.

И.ҚУРБОНОВ тайёрлади.

0 комментариев

Только зарегистрированные и авторизованные пользователи могут оставлять комментарии.