топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Хазрат Хожа Ориф Ревгарий

"Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур"
Жамият
1993 йил Ҳазрат Баҳоуддин юбилейларидан сўнг Покистондан Шайх Зулфиқор Аҳмад

Нақшбандий ҳазратлари Бухорога келиб, Етти пири комиллар қабрларини зиёрат этдилар. Ҳазрат Хожа Ориф ар Ревгарий мақбараларида тиловат этгандан сўнг бир асардан парчани ўқидилар. У киши билан ҳамроҳ бўлган бухоролик олимлар: «Бу кимнинг асари, қандай гўзал асар?» деб ҳайратланиб савол берди. Ҳазрат Зулфиқор Аҳмад ҳам ҳайратланиб: «Ахир мен боболарингиз Хожа Орифнинг «Орифнома» асарларидан бир парчани ўқиб бердим-ку, наҳотки сизлар уни эшнтмаган бўлсангиз?» дедилар.
ҲАЗРАТ ХОЖА ОРИФ РЕВГАРИЙ

Ҳазрат Хожа Муҳаммад Ориф Хожа Орифи Моҳитобон номи билан машҳурдир. Бу зоти шариф Бухоро вилояти Шофиркон тумани Ревгар қишлоғида тутилганлар. Шу боис Ғарбу Шарқда ар-Ревгарий номи билан ҳам танилганлар. Маълумки, «Силсилаи шариф»даги ўнинчи ҳалқанинг пири муршиди Ҳазрат Хожаи Жаҳон Абдулхолиқ Ғиждувоний бўладилар, ўн биринчи ҳалқанинг пири муршиди Ҳазрат Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарийдурлар. Бу зоти шариф шариату тариқат илмини Хожаи Жаҳондан ўрганганлар.

Нақл этилишича, Хожа Ориф ўрта бўйли, ой юзли, катта кўзли, қошлари камон, бутун вужудларидан мушку анбар ҳиди анқиб турадиган зот бўлган эканлар.

Хожа Ориф Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг тўртинчи халифалари ҳисобланадилар.

Ҳазрати Махдуми Аъзам Даҳбедийнинг «Мақомати Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» асарларида нақл қилинишича, Ҳазрат Хизр а.с. Ҳазрат Абдулхолиқ ҳузурларига келардилар. Шу пайт Ҳазратнинг ҳамма шогирдларини уйқу босарди. Суҳбат тугаб, Хизр а.с. кетганларидан сўнг шогирдлари беихтиёр уйқудан уйғонарди. Шогирдлар орасида энг ёши ҳисобланган Хожа Муҳаммад ар-Ревгарий Хизр а.с. суҳбатларидан баҳраманд бўлай деб, кўзларига туз сепадилар ва оғриқнинг қаттиқлигидан у кишига уйқу ғалаба қилолмайди. Натижада улуғларнинг суҳбатидан баҳраманд бўладилар. Бу ҳолни кўриб Хизр а.с. Хожа Орифга дейдилар: «Сиз Ориф бўлгайсиз, иншаоллоҳ!»Хожа Хизр а.с. нафасларинингбарокатидан бутун дунёга Хожа Ориф номи билан машҳур бўлдилар.

Қуйидаги нақл ҳам мазкур «Мақомот»да бор: Ҳазрат Абдулхолиқ хизматларида Хожа Аҳмад Сиддиқ, Хожа Авлиёи Кабир (Калон), Хожа Сулаймон камарбаста бўлиб турганларида, ногоҳ уларнинг ҳар учовлари кўнглида: « Ажабо, бизнинг ёшимиз ҳам, даражамиз ҳам, этаётган хизматимиз ҳам Хожа Ориф ар-Ревгарийдан улуғ, лекин нега Ҳазрати пирнинг иноят назарлари Хожа Орифга баланддур?» деган фикр келади.

Ҳазрат Абдулхолиқ каромат нури ила уларнинг бу фикрини билдилар ва дедилар: «Эй фарзандларим! Хожа Орифни қидириб топинглар!» Улар излаб авлиёлар сарвари, атқиё қофиясолори Хожа Орифни топдилар. Ул зоти шариф ярим вайрона бир масжид ичида дуру гавҳар каби товланиб, зикр қилиб турардилар. Ул кишининг бошлари устида Каъба соя қилиб турарди. Бу ҳолни кўриб улар Ҳазрат Хожа Орифнинг оёқлари остига ўзларини отиб, узр сўрадилар ва Хожа Ориф даражалари баланд эканлигига иймон келтирдилар.

«Рисолаи Сиғноқий» асарида баён этилишича, кунлардан бир кун Хожа Аҳмад Яссавий таом пишираётиб, муриди Хожа Дўғийни Ғиждувонга бориб, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийдан қаттиқ олиб келишни буюради, Хожа Дўғий Ғиждувонга етиб бормасданоқ Ғиждувонийнинг халифаси Хожа Ориф Ревгарий Ахмад Яссавий хузурига қаттиқ олиб келади. Бундан хабар топган Хожа Дўғий: «Орифнинг ҳоли мендан устун келди», дея Хожа Орифнинг камолотини эътироф этади.

Хожа Ориф ар-Ревгарий «Орифнома» номли асарнинг муаллифи ҳисобланадилар. Бу китоб Нур қасабасида 622 ҳижрий йилда (мелодий 1225) ёзилган экан.

Лекин биз то 1993 йилгача Хожа Орифнинг «Орифнома» асарларини ҳатто номини билмасдик. Чунки қатағон замонасида кўплаб нодир асарлар қатори бу ҳам йўқотилган эди. 1993 йил Ҳазрат Баҳоуддин юбилейларидан сўнг Покистондан Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратлари Бухорога келиб, Етти пири комиллар қабрларини зиёрат этдилар. Ҳазрат Хожа Ориф ар Ревгарий мақбараларида тиловат этгандан сўнг бир асардан парчани ўқидилар. У киши билан ҳамроҳ бўлган бухоролик олимлар: «Бу кимнинг асари, қандай гўзал асар?» деб ҳайратланиб савол берди. Ҳазрат Зулфиқор Аҳмад ҳам ҳайратланиб: «Ахир мен боболарингиз Хожа Орифнинг «Орифнома» асарларидан бир парчани ўқиб бердим-ку, наҳотки сизлар уни эшнтмаган бўлсангиз?» дедилар. Олимлар ҳақиқий ҳолдан Шайхни воқиф этганларидан сўнг, Ҳазрат
Зулфиқор Аҳмад зудлик билан Покистонга бориб, «Орифнома» асари ксериокопиясини Ҳожи
Жонмуҳаммад Гуловга жўнатдилар.

Асар форс-тожик тилида ёзилган экан. Уни ўзбек тилига таржима қилдик. Етмиш беш минг нусхада Тошкентдаги «Наврўз» нашриётда чоп этилиб, халқимиз мулкига айланди.
МАНБА

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.