топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

“Халқаро саратонга чалинган болалар куни” кенг нишонланди

"Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур"
Жамият
7 расм
image
 
Ўзбек халқи азалдан йиқилганни суяб, ёрдамга муҳтожларга қўл беришга ўрганган.15 февраль – “Халқаро саратонга чалинган болалар куни”ни кенг нишонлаш мақсадида Республика онкология илмий текшириш марказида ҳаёт синовларига, унинг аччиқ зарбаларига дош бераётган болаларни хурсанд қилиш мақсадида бир гуруҳ ёшлар, эстрада юлдузлари, кино ва театр актёрлари ҳамда машҳур футболчилар жам бўлди. 
 
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда “Мўжизалар даври” кўнгилли ёшлар жамоаси томонидан ўтказилган тадбирда болажонлар юлдузли меҳмонлар, рақслар шоуси, қизиқарли ўйинлар, цирк томошаларидан баҳраманд бўлишди. 
 
– Ҳаётнинг ширинлиги, умрнинг мазмундорлиги, албатта, болалар билан. Бугунги томошаларни кўриб, уларнинг кўзлари кулди, атрофида гирдикапалак бўлиб юрган масхарабоз қиёфасидаги опалари, акалари билан ўйинлар ўйнашди. Қуралайкўзларнинг бир кунини бўлса-да, қувончга тўлдирганлар орасида мен ҳам борлигимдан хурсандман, – дейди таниқли актёр Жавоҳир Зокиров. 
 
Шу куни болаларга турли ташкилотлар томонидан совғалар топширилди. 
Айниқса, “Мўжизалар даври” кўнгилли ёшлар жамоаси аъзоларининг ҳайвонлар, гуллар, мултфилм қаҳрамонлари сурати акс эттирилган ранг-баранг расмларга эзгу тилаклар, энг яхши ниятлар ёзиб улашгани болаларнинг рангин дунёсини бойитишга хизмат қилди. 
 
– Менинг исмим Билолбек. Ёшим тўққизда. Болалар билан ўйнамаганимга анча бўлганди. Бугун биз масхарабозлар билан мазза қилиб ўйнадик. Рақсларга тушдик. Мен катта бўлсам, ички ишлар ходими бўламан. Ватанимга хизмат қиламан. Онам фахрланадиган йигит бўламан, – дейди Билолбек. 
 
Эстрадамизнинг ёрқин юлдузи Шахзода ҳам болалар қувончига шерик бўлиб, дастхати туширилган ва тилаклари битилган совғаларини улащди.

7 расм

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.