топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ҳарбий стратегик қобилият

"Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур"
Жамият

ГАННИБАЛ

Майкл Ли Лэннинг “Юз буюк саркарда” китобида ёзилишича, Карфаген саркардаси Ганнибал тахминан милоддан аввалги 247-183 йилларда яшаган. Карфаген ҳозирги Туниснинг шимоли-шарқи ҳисобланган. Отаси Гамилькар Барка аслзодалардан бўлиб, унинг устози саналади. Қадимги ҳарбий тарихда Ганнибални “ҳарбий стратегиянинг отаси” ҳам дейишган. Бунга ундаги ҳарбий стратегик қобилият сабаб бўлган. Римликларга қарши олиб борилган 15 йиллик урушда у илк бор отлиқларни қўллаб, янги тактикани ишга солган. Афсуски, Карфаген ёзишмаларида Ганнибал ҳақида маълумотлар сақланиб қолмаган. Римликлар ёзиб қолдирган манбалар асосида у ҳақда жаҳон аҳли билади. Римликлар ҳурмат қилган, қўрқишган ва нафратланишган. Улар учун мана шундай: ҳурмат ва нафратга сазовор душман бўлган, Ганнибал.<br / >
Римга нафрат

Биринчи Пуни уруши даврида (241йил) отаси уни ўзи билан Испанияга олиб кетади. Карфагенликлар ўшанда римликлар билан жанг қилиб, мағлубиятга учрайди. Бу муваффақиятсизлик ёш Ганнибалга қаттиқ таъсир қилади. Отасига бир умр Римга нафрат билан қараши ва ҳаётини римликларга қарши курашга бағишлашини айтиб, қасамёд қилади.
Пуни уруши

Милоддан аввалги 221 йил. Ганнибал 25 ёшга тўлган пайт. Қасамёдини бажаришига фурсат туғилади. Поччасининг ўлими сабабли у Карфаген кучларига қўмондонликни қабул қилади. 2 йилдан сўнг Рим – Карфаген битимини бузиб, Испанияни қўлга олади. Римликлар бунинг учун Ганнибални талаб қилишади. Рад жавоби Карфагенга қарши уруш очилишига сабаб бўлади. Милоддан аввалги 218 йилда бу воқеа содир бўлади. Тарихга иккинчи Пуни уруши сифатида кирган.

Альп тоғидан ошиб

Ганнибал римликлар тактикасини ўзгартиришга мажбур этади. У Рим Республикаси ҳудудига ўзи бостириб боришни маъқул топади. 218 йилда 50 минг қўшини ва 40 та жанговар фили билан Альп тоғидан ошиб ўтади. Кўплаб йўқотишларга, тоғлик қабилаларнинг қаршилигига қарамай, унинг интизомли қўшини урушга тайёр бўлмаган римликларни Тицин, Треббия дарёлари (218), Тразимен кўли (217), Канн (216) яқинида мағлуб этади.

Мобиль кавалерия

Римликлар душмани галлар билан иттифоқ тузиб, жанубга томон илгарилайди.

Канн учун бўлган жангда римликларнинг асосий кучини қамал қилади ва қириб ташлайди. Бунда унинг юксак мобиль кавалерияси муҳим ўрин тутади. Жангда римликлардан 50 мингга яқини ҳалок бўлади. Ганнибал 7 минг аскарини йўқотади.

Гасдрубалга пистирма

Ганнибал энди Неаполь ҳамда Римни кўзлаётганди. Бироқ Карфаген сиёсий рақобат туфайли уни қўллаб-қувватламади. Керакли миқдорда замбараклари ва жангчилари бўлганида у мақсадига етарди. Шунда укаси, Испанияда қўшинга қўмондонлик қилаётган Гасдрубалдан ёрдам сўрайди. Аммо буни римликлар сезиб қолади ҳамда Гасдрубал йўлига пистирма қўйишади. Укасининг бошини узиб, Ганнибалга йўллашади.

Сурия подшосининг маслаҳатчиси

Милоддан аввалги 201 йилда Карфаген ва Рим тинчлик битимини имзолаган. Бироқ Римга нафрати улкан Ганнибал мамлакати подшоҳини бу битимни бузишга ва ҳарбий курашни бошлашга уринади. Бироқ у қўллаб-қувватланмади. Қайтанга римликлар ва ватандошларида ишончсизлик уйғотди. Римликлар қатъий талаб қилгани учун Ганнибал 196 йилда Сурия подшоси Антиох III ҳузурига қочиб бориб, унинг ҳарбий маслаҳатчисига айланади.

Сўнгги сўзи

Антиох III Римга қарши уруш (милоддан аввалги 192-188 йиллар)да енгилгач, римликлар Ганнибални беришни талаб қилганлар. Саркарда Арманистон, сўнгра Вифиния (Кичик Осиё)га яширинган. Вифиния подшоси Прусий тазйиқ остида уни римликлар қўлига топширмоқчи бўлганидан хабар топган Ганнибал заҳар ичиб ўлади. Рим тарихчиларининг гувоҳлик беришича, унинг сўнгги сўзи тахминан шундай бўлган: “Римликларни доимий хавотирдан халос қилиш керак. Ахир улар бир чолнинг ўлимини узоқ кутишди”.

И. ҚУРБОНОВ тайёрлади.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.