топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Амир Темур ва Наполеон

"Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур"
Жамият

АМИР ТЕМУР ВА НАПОЛЕОН

Юртимизда туғилган ҳар бир эр йигитнинг кўксида улуғ бобокалонимиз Амир Темурнинг шижоат маёғи ёлқинланиб туради. Юрагида ўти бор ўғлонларни буюк мақсадларга ундайверади. Улар Соҳибқирондан қанчалар маънавий улгу олсалар шу қадар жўшқинланадилар. Шу маънода ҳам тарих фанлари доктори, профессор Раҳмон Фармонов ва Музаямхон Фармонованинг “Амир Темур Кўрагон ва Император Наполеон” монографиясининг бугунги авлод баркамол вояга етишида аҳамияти катта.
“Китоб олами” маънавий-маърифий савдо мажмуасида ўтказилган ушбу асарнинг тақдимот маросимида бу ҳақда мутахассислар батафсил тўхталдилар. Асарда нафақат Шарқ ва Ғарб, балки бутун инсоният тарихидаги буюк сиймолар – Соҳибқирон Амир Темур ва Фотиҳ Наполеон Бонапарт шахси қиёсланади. Уларнинг тарихий хизматлари, истеъдоди ва саркардалик маҳоратлари, ҳаёт тарзлари, шахсияти, феноменлари, ўхшаш жиҳатлари таҳлил қилинади. Қуйида ушбу асардан олинган бир парча билан танишасиз.

Таҳририят

Амир Темур ва Наполеоннинг

тарихий қарашлари

Амир Темур ҳам, Наполеон ҳам болаликларидан тарихга ўта қизиққанлар. Қадимги дунё тарихидан то ўз замоналарининг тарихигача бўлган воқеа-ҳодисаларни ипидан-игнасигача ўрганишни, тарихдан бутун ҳаётлари давомида сабоқ чиқаришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар. Иккаласи ҳам илм аҳлини ниҳоятда қадрлаганлар, ўзлари ҳам илм-фан ютуқларидан хабардор бўла туриб, ундан баҳраманд бўлганлар. Амир Темур мусулмон Шарқида туғилиб ўсганлиги туфайли Шарқ тарихининг зукко билимдони бўлган. Наполеон Бонапарт бўлса, қадимги Миср, қадимги Юнон, қадимги Рим, Ғарб халқлари тарихини мукаммал ўрганган. Европанинг ўрта асрлар даври, янги тарихи, мутафаккирлари, маданияти, санъати, адабиёти, халқларнинг урф-одатлари, турмуш тарзи, менталитети Наполеоннинг диққатидан четда қолмаган. Амир Темур ва Наполеон Бонапартнинг кўз ўнгидан юзлаб тарихий шахслар ўзларининг ҳайратланарли фаолиятлари билан жонланиб турганлар. Ҳар икки буюк даҳонинг қувваи ҳофизалари, хотиралари ниҳоятда кучли бўлган. Ҳаётлари давомида уларнинг хотиралари деярли алдамаган. Бизнинг назаримизда, уларнинг бой тасаввурларида, тафаккур осмонларида элатлар, халқлар, миллатларнинг бетакрор тарихлари бутун бўй-басти билан жонли шаклда гавдаланган. Амир Темур ва Наполеон Бонапарт тарихни шунчалик билиш учун эмас, балки ундан сабоқ олиш, бунёдкорлик ишларида улардан фойдаланишни дастуруламал деб билганлар. Айниқса, давлатчилик тарихи ҳар икки буюк давлат арбоблари диққатларини ўзига тортган.

Амир Темур ўзининг саккизинчи тузугида бу ҳақда шундай деб ёзади: “Одам Атодан бошлаб то Ҳотамгача ва ундан то ҳозирги дамгача ўтган султонларнинг қонунларини ва туруш-турмушларини донолардан сўраб-суриштирдим”. Маълумки, бу гапни Амир Темур ўз замонида, яъни XV аср бошларида таъкидлаган, у замонларда давлатчилик тарихига оид битиклар оз бўлса керак, шу сабабли Соҳибқирон кўпроқ оғзаки тарихга эътибор қаратган. «Мен, – деб таъкидлайди Амир Темур, – тарихда ўтган подшоларнинг йўл-йўриқлари, туруш-турмушлари, қилиш-қилмишларини, айтган гапларини хотирамда сақладим ва яхши ахлоқлари, маъқул сифатларидан ўрнак олиб, уларга амал қилдим».

Демак, қадимги Греция ва Римда подшоҳлик қилган жаҳонгирлар Александр Македонский, Юлий Цезарь ва Шарқда ҳукмронлик қилган тўртинчи халифа Али ибн Абу Толиб, Исмоил Сомоний, Маҳмуд Ғазнавий каби подшоҳлар, уларнинг доно вазирларидан Амир Темур жуда кўп сабоқ олганлигини қайта-қайта таъкидлайди. Шу билан бирга, Амир Темур кўп давлатларнинг таназзулга учраш сабабларини ўрганган. Давлат ва салтанатнинг заволига сабаб бўлувчи ишлардан ўзимни сақладим, дейди Соҳибқирон. Амир Темурнинг ўша биз юқорида тилга олган саккизинчи тузуги бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган: “Давлатларнинг таназзулга учраши сабабларини суруштирдим ва давлату салтанат заволига сабаб бўлувчи ишлардан сақландим. Наслни бузувчи, очарчилик, вабо касали келтирувчи зулму бузғунчиликдан сақланишни ўзимга лозим билдим”.

Амир Темур бирон-бир ишни амалга оширар экан, уни иложи борича қон тўкмасдан бажариш йўлларини излаган. Соҳибқирон хатога йўл қўймаслик учун ҳар бир ишни кўп ўйлаб, сергаклик ва эҳтиёткорлик билан иш тутган. Қўлламоқчи бўлган тадбирини амалга оширишдан олдин ҳар бир халқнинг тарихи, табиати, дини, урф­одатларини синчиклаб ўрганган. Кейинчалик бу ҳолатни Наполеон шахсида ҳам яққол кузатамиз. Амир Темур бу ҳақда: «Ҳар ер-улусининг табиати ва халқининг мижозларини хотиримга келтириб, уларнинг табиатига йўл тутиб, шунга қараб уларга ҳоким тайинладим».

Амир Темур ўзининг тарихий тажрибасига таяниб, шундай башорат қилади, тўғрироғи, хулоса чиқаради: «Қайси мамлакатда диндан қайтишлик, худосизлик кучайса ва у диёрнинг аҳолиси, сипоҳу раият турли маслакка кириб иттифоқлари бузилса, у мамлакатнинг ҳалокати яқиндур». Соҳибқирон ўз фикрларига далиллар келтиради: «Қайси бир вилоят халқининг эътиқоди ҳазрати Саййид ал-Мурсалин (Муҳаммад пайғамбарнинг фахрли номларидан – Р.Ф.М.Ф.) хонадони ақидаларидан фарқланиб ўзгарган бўлса, подшоҳлар ўша вилоятни тасарруфларига олишлари ва у ер аҳолисини бузуқ эътиқодларидан қайтаришлари лозим. Бунга мисол, мен Шом (Сурия – Р.Ф.М.Ф.) вилоятига кириб, бузуқ эътиқодли кишиларни жазоладим».

Амир Темурнинг тарихий қарашлари, тарихни нақадар теран англаши унинг замондоши, асли келиб чиқиши Тунисдан бўлган буюк муаррих ва файласуф ибн Халдун билан узоқ муддатли суҳбати давомида ёрқин намоён бўлди. Дарҳақиқат, олимлар, шу жумладан, тарихчилар билан мажлис қуриб суҳбатлашиш, уларнинг баҳсу мунозараларида фаол қатнашиш Амир Темур учун доимий ва севимли машғулотларидан эди.

Юқорида айтганимиздек, Валиуддин Абу Зайд Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Халдун (1332 – 1406) ёшлигидан Қуръони Карим, тафсир, ҳадис, фиқх, мантиқ, риторика, араб адабиёти, шеърият каби илмларни пухта ўрганди. Бир неча йил давомида Мағрибнинг Фас шаҳридаги маринийлар саройида юқори лавозимларда хизмат қилди. 1382 йил ҳаж қилиш мақсадида Мисрнинг Искандария шаҳрига келади ва бу ерда бир ойча истиқомат қилиб, сўнгра Қоҳирага кўчади. Бу пайтда у катта олим сифатида танилган эди. Шунинг учун мамлуклар султони Барқуқ (1382 – 1399) унга ер ажратиб, ўз ҳимоясига олади. Ибн Халдун ал-Асхар, ал-Зохирийя, Қамҳийя мадрасаларида мударрислик қилади. 1384 – 1385 йилларда Қоҳирада моликия мазҳаби қозиси вазифасини бажаради. Султон Барқуқ вафотидан кейин унинг ўғли Фараж тахтга ўтирди. Ўша йилларда шом мамлукларга қарашли эди. 1400 йил Амир Темур Сурия томон юриш қилиб, Халаб шаҳрини эгаллайди. Султон Фараж Сурияни ҳимоя қилиш учун ўз лашкарлари билан Дамашққа келади. Лашкар таркибида ибн Халдун ҳам бор эди. Дамашқ шаҳрининг Амир Темур қўшинлари томонидан қамал қилиниши давомида Соҳибқирон ибн Халдун билан бирга бўлган уламолар билан учрашади. Султон Фараж Сурияда кўп турмасдан Мисрга қайтиб кетади. Ибн Халдун эса у ерда қолиб, Амир Темур билан учрашади ва унинг мажлисларига қатнашади. Соҳибқироннинг ҳурматига сазовор бўлган ибн Халдун 35 кун давомида у билан бирга бўлади. Айнан ана шу учрашувлар пайтида Амир Темур ва ибн Халдун ўртасида турли мавзуларда, шу жумладан, тарих соҳасида қизиқарли савол-жавоблар бўлди. Учрашув тафсилотлари тўғрисида ибн Халдун ўзининг «Муқаддима» асарида батафсил маълумотларни ёзиб қолдирган. Амир Темур ибн Халдундан: «Туғилган еринг қаер?» – деб сўрайди.

– Жаввоний Мағриб, – деб жавоб беради ибн Халдун.

– Мағрибга қўшиб айтилган «Жаввоний» сўзининг маъноси нима?

– У ердагиларнинг тилида «ичкари», «узоқ» деган маънони англатади. Чунки Мағриб ҳаммаси Шом денгизининг (Шом денгизи деб Ўрта ер денгизи назарда тутилмоқда – Р.Ф.М.Ф.) жанубий соҳилида жойлашган. Унга яқини Барқа ва Ифриқиййя (Тунис)дир. Ўрта Мағриб эса Тилмисон ва Заннота (Жазоир) ўлкасидир. Узоқ Мағриб бу Фас ва Марокаш, яъни Жаввоний Мағриб.

– Танжа (шаҳри) Мағрибнинг қайсинисида?

– Океан (Атлантика океани назарда тутилмоқда – Р.Ф.М.Ф) билан Шом денгизининг Зуқоқ (Гибралтар – Р.Ф.М.Ф) деб номланувчи бўғози ўртасидаги бурчакда.

– Сабата-чи?

– У Зуқоқ соҳилида жойлашган. Танжадан бир кунлик масофада. Ўртадаги масофа яқин, тахминан 20 мил бўлганлиги учун у ерда Андалусияга (Испания – Р.Ф.М.Ф.) ўтадиган паром бор.

– Фас-чи?

– У тепаликнинг ўртасида, денгиз бўйида эмас. У Мағрибдаги маринийлар (Марокашда 1195 – 1468 йиллари ҳукмронлик қилган сулола) подшоҳларининг пойтахти.

– Силжимос-чи?

– У жануб томонда, қирғоқ билан қумликлар ўртасидаги чегарада.

– Бу мени қаноатлантирмаяпти, – деди Темур. – Менга мағриб ўлкасининг ҳаммасини, узоғиниям, яқининиям, тоғларию дарёлари, қишлоғу шаҳарларини ёзма тавсифлаб беришингни истайман. Шундай бўлсинки, худди мен уни кўраётгандай бўлай.

– Сиз, жаноби олийлари учун уни ҳам ҳозирлайман, – дедим мен.

Учрашувдан чиққандай кейин у талаб қилган ўша нарсани ёзганман. Қисқа ва лўнда шаклда, тахминан 12 курроса (бир курроса одатда ўртадан букланган 5 варақ, яъни 10 варақ ёки 20 бет бўлади. Демак, 12 куроса 120 варақ ёки 240 бетдан иборат бўлади)дан иборат бу тавсиф унда катта қизиқиш уйғотган эди. Суҳбатдан кўриниб турибдики, Амир Темур биргина тарих билимдони бўлибгина қолмай, география, фалсафа, мантиқ, астрономия ва бошқа фанлардан ҳам етарли маълумотларга эга бўлган.

А. ЎКТАМҚУЛОВ тайёрлади.

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.