топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

ДОМЛА

Блог им. devdasdesign

   А.Мирзаҳмедов- НамМТИ доценти


 


Билиб қўйингки, ўқитувчи ва  мураббийларнинг меҳнатини қадрлаш,


 муносиб тақдирлаш бизнинг биринчи галдаги вазифамиз.


И.А.Каримов


 


Дунёда касб, ҳунарлар кўпу, лекин уларнинг орасида ўқитувчилик ўта тансиқ. Чунки, дунёдаги энг оғир ишлардан бири бировга бир илм-ҳунар ила маьрифатли қилиш экан. Шу боис инсониятга яхшилик ва эзгуликни ўргатиш, тўғриси, ўқитиш ЎЗИнинг номидан бошланган. Оллоҳ ўз бандаларига тўғри йўлни кўрсатиш, ҳалол-пок яшашга чақирмоқлик, ўзига ҳалол ризқ-насиба топиб яшашни ўқитмоқликка пайғамбарларни маьнавий устоз қилганлиги ҳақида муқаддас китобларда сўз боради. Одам Ато, Момо Ҳаводан бошлаб инсонни солиҳлик йўлидаги маьнавий комиллик тарбияси муқаддас вазифа ҳисобланган. Ҳадису-хикматларда Оллоҳ сахийларни биринчи навбатда жаннатийликка хукм этганда улар шогирдига бир ҳарф бўлсада ўргатолган муаллимларга биринчи навбат бўлсин дея изн сўраган эканлар.


Устози аввал номи билан улуғланган Аристотель одам туғилганидан токи вафотигача устознинг измида бўлади, оламни билиб боради деб ўйлаган ва “Ўзлигингни англа!”-дея васият қолдирган. Насроний муқаддас китоблари таҳлили 24 000, исломнинг муқаддас китоби Қурьонда эса 18 000 пайғамбарлар ҳақида хабарларда уларни одамзотга таьлим берувчи устоз ёки муаллим эканлиги хусусида фазилатлар битилган. 


Ўзбекда устоз, ўзбекда домла ҳамиша улуғ киши ҳисобланган. Бағрикенг халқимиз домлага хамиша уйи, қалбининг тўридан жой бериб хурмат кўрсатган. Илм ахли, фозил уламолар давлатнинг паноҳи бўлган. Жамиятда эса улар одоб-хикмат мезони, ахлоқий қадриятлар энциклопедияси сифатида одамларни яхшилик ва эзгуликка етаклаган. Тўғриси муаллим давлат ва жамият ҳаётидаги ижтимоий ахлоқий идеал сифатида қабул қилинган. Қолаверса, ота  ўз фарзандига илм, касб-ҳунар бериши, устоз кўлида тарбият қилдириши илоҳий фарзлардан ҳисобланган. Устозлик ҳуқуқи шу кадар  юксак бўлганки,  ота “фақат боланинг суягига даьво” қилишини айтиб шогирдликка топширолса қувонган. Устоз шогирдини баьзи ҳолларда умр бўйи ўз хизматида олиб юрган. Устознинг касбини эгаллаши учун у устознинг барча юмушларини ҳам бажариши, унинг дуосини олиш билангина мустақил фаолият юритган. Барча замонларда эьтироф этиш лозимки, болаларни ўқитиш ёки касбларга ўргатиш қатьий тартиб,  ҳунар низом- қоидалари доирасида амалга оширилган. Одатга кўра, шогирд тўла устоз қарамоғида бўлиб, белгиланган босқич  талабларидан ўтиши, бажаролмаган такдирда эса тан жазоси олиши табиий педагогика  ҳисобланган. Устознинг уриши “ун оши”, сўккани эса “сўк оши”- деб  истеьмол қилинган. “Домла ўғлимни урибди”- деган фикр мусулмоннинг кўнглида бўлмас, билакс, яхши тарбия топаётганлигидан бир нишона сифатида  қабул қилинарди.


Домлалик шу қадар  мураккаб ҳунарки,  шогирдингга ўз болангдек мехр-оқибатли бўлишинг, бир кўлинг билан шаполоқ тортсанг, иккинчиси билан бошини силашинг керак. У ўз касбининг энг нозик жиҳатларини сабр-қаноат, чидам билан ўргатиши, керак булган пайтда такрор-такрор тушунтириши, турли йуллар билан моҳир актёрлик килиши даркор. Бола тарбияси шунчалик нозикки, у домланинг саньат асари, чунки  унга нафақат тана, балки  жон  куч-ғайратини бирдек сарфлайди. Ўқитувчи ишлов бериши лозим бўлган маҳсулот бир колипда эмас, у ўнта бўлса ўн хил, юзта бўлса юз характерга эгадир. Устоз ўзи яратаётган саньат асари билан бевосита мулоқотга киришади, уни ишонтиради. Ўқитувчининг энг зўр  ютуғи шуки, ўқувчи учун устози отадек азиз инсон ҳисобланишидадир. Унинг гапини ўқувчи бажариши қатьий қонунга айланади. Кўп ҳолларда ўқувчи ўз устозига тақлид ҳам қилади. Унинг одат-аньаналари, хатто феьл-атвори, кийинишига қараб ўзига андоза олади. Кўп ҳолларда ота-онасидан ҳам бола устозини юқори қўйиб, уни ҳамма нарсани билгучи дея ортидан эргашади. Зеро бола қизиққан кўп нарсаларга ота-она жавоб тополмаса ўқитувчидан жавоб олиши болага ижобий таьсир этади. Аниқроғи ота-онада устоздаги педагогика (етаклаш саньати) етишмаслиги ҳам унинг ижтимоий рейтингини оширади. Қолаверса ўқитувчининг иш вақтини белгилаш имкони ҳам йўқ. Ўқувчи унинг эшигини ҳохлаган пайтда тақиллатиб ечилмаган масала, топилмаган топишмоққача муаммосини ҳал этишга келаверади. Ўқувчи учун устознинг дам олиш кунлари бўлмайди. Яна ярим тунгача иккита кўз ойнакни устма-уст тақиб дафтар текширишига не дейсиз…  


Устозликнинг ўзга касблардан фарқи ўқитувчининг юриш туриши, ҳатто кийиниш қиёфаси билан ҳам масьулиятни давомийлигидадир. Пахтакор, ғаллакор, темирчи ўз маҳсулотини яратишида булар аҳамиятсиз ва улар фақат тана кучини сарфлайди холос. Қолаверса, улар жонсиз маҳсулотлар билан ишлаши, нуқсонли маҳсулот чикариши мумкин. Деҳқон «табиат инжиқликлари»  билан вазиятни изоҳлаши мумкин. Домлада нуқсонли маҳсулот чиқариши жамият учун жиддий хавф-хатардир. Қолаверса тарбияда бошқалар айбини ҳам уларга юклаш осон.


Деҳқон, чорвадор, ҳунарманднинг иши кунлик иш вақти билан белгилаб қўйилган бўлса, домланинг иш вақтини соатлар билан ўлчаб бўлмайди. Қари  муаллим устма-уст тақилган икки кўзойнакда ярим тунгача  дафтар текширади, ётишдан олдин  иситмалаб уйига қайтган  ўз ўқувчисини ўйлаб уйқуси қочади. Шундан сўнг, не ажабки, домла пойтахтда ўқиётган талаба ўғлига пул юбориш, кампир айтган яна бир дунё кам-кўстларни унутганча уйқуга кетади.


Домла меҳнатининг натижалари бир соат ёки бир кунда кўринмайди. Унинг иши жамиятни барқарор келажагини узоқ муддатлардан сўнг таьмин этиб, кечпишар сархил меваларга ўхшайди. Шогирдлар бахт-иқболи  домланинг энг зўр мукофоти ва унвонларидир. Шу маьнода икки-уч болани тарбия килиб, касб-хунарли килган устозлар жаннати бўлганлари рост бўлсин, ҳаёт бўлганларини эса Оллох  умрларига барака берсин. Муқаддас китобларда шогирдлар устозларини йўқлашларини энг чиройли одат деб эслатилади. Домланинг мўьтабарлиги шундаки, ота-она ўз фарзандига беролмаган нарсани бировнинг боласига беминнат беради. У ўзи хато ишларни қилсада, шогирдига тўғри йўл, тажрибани кўрсатади. Шунинг учун «Устоз отангдан улуғ»-деган ҳикмат ҳак гап.  Фикримизни устозлар устози Навоий бобомизнинг бир харф ўргатган устознинг хизматини юз хазина билан ҳам тўлаб бўлмаслиги ҳақидаги васиятини ёдингизга солиш билан мустаҳкамламоқчимиз. 


Шўролар тузуми даврида домла  деганда  диний илмли киши тушунилиб, ижтимоий-маьнавий ҳаётдан суриб чиқаришга уринилди. Домла, дарҳақиқат, дунёвий ва диний илмларни  чуқур биладиган, муқаддас китобларни қиёмига етказиб қироатини келтириш қобилиятига эга, жамият ижтимоий-маьнавий хаётидаги бўлаётган воқеа ва ҳодисаларни атрофлича тахлил қилиш тафаккурига эга бўлган зукко кишини тасаввур қилинган. У инсоннинг барча саволларига жавоб топиши, хатто касал бўлса тиббий хизмат ҳам кўрсатиши лозим эди. У юртнинг зиё-маьрифати бўлган. Чунки, у жамиятда бўлаётган воқеа ва ҳодисаларни бошқалардан кўра тезрок илғаш, янгиликларни одамларга етказиш функциясини  бажарган. У  бюрократликдан  жуда узокдаги инсонки, кун ёки туннинг қайси вактида эшигини тақиллатиб борсангиз елкасига отасидан қолган чопонини ташлаб қаршилайди. У сизнинг хизматингизга оромини бузиб бўлсада «юрт маьмурчилиги»- дея беминнат савобли иш сифатида бажаради. Мозийда домланинг бошқа касб-кори, юмуши бўлмаган. Шу боис домла жамият томонидан қабул қилинган ижтимоий-ахлоқий, маьнавий комил инсон эди. Юртимизда буюк салтанат соҳиблари ҳам ўз устозларидан юқорига чиқиб кетмаганлар, васиятларида ҳам алоҳида тузук килиб қолдирганлар 


        Жамият ҳаётида домланинг ижтимоий-маьнавий мақомини ҳаддан ташкари пасайиши ижтимоий-сиёсий, кўпрок иқтисодий омилларга бориб тақалади. Шу ўринда ўтмишни қоралаш ниятидан узоқмиз-у, тўғриси, жамиятнинг муайян миллий кадриятларига путур етса унда яшаётган зиёлилларнинг айбидир. Одатда жамоа ёки маҳаллани тарихан домла бошқарган. У маҳалладаги барча тадбир ва юмушларига бош бўлган. У бошлаган ишга ҳамма бош қўшган. У урушганларни яраштириб, оилаларни бирлаштиришнинг ижтимоий етакчиси бўлган. Шу боис “Биз фалончи домланинг маҳалласидан”-дея ўзини танитган. Домланинг моддий ахволи кўп жиҳатдан унинг етакчилигини белгилаб берган. Мактаб ёки олийгохдаги ўқитувчи мураббийнинг бугунги моддий таьминоти жамият тараққиётини белгиловчи омил эканлиги оддий ҳақиқатдир. Маьнавият тарғиботчиси Б. Исоқовнинг фақат бир нарса аниқ, яьни  “...ҳақиқатни қидирган зиёлисини кундалик қорин тўйдириш ташвишларига банд қилиб қўйган ҳар қандай жамият аста-секин заифлашиб, парокандаликка юз тутади”- деган фикрини қўллаб қувватлаймиз.1


 Тарихдан маьлумки, энг яхши дастур ва конунлар жамият томонидан қабул қилинсагина у яшайди ва тараққиётга фойда  беради. Афтидан бизда энг эзгу дастур, қонун ва қоидалар бору, лекин  уни амалга оширишдаги энг муҳим бўғин етук тарбиячининг ўзи йўк. Ҳақиқий тарбияни эса қорни тўқ домла бериши мумкин. Моддий қашшоқлик муаллимни эркин фикр ёки ғоядан тияди. Домла жамиятнинг маьнавий юкини тортадиган енгилмас куч тимсолидир. Аравани тортадиган от озикли бўлса хоримаслиги тайин. Шу ўринда раҳматли Чингиз оғам қозоқнинг улкан шоири Мухтор Шохонов билан суҳбатида  мактабда эркак ўқитувчиларнинг тарбиядаги беқиёс ўрни билан бирга ўқитувчининг ижтимоий мақомини моддий-маьнавий қўллаб-қувватлаш зарурияти ҳақидаги фикрлари масаланинг минтақавий муаммо эканлигини тасдиқлайди.2


Домлага таьриф беришда яна бир жиҳатни айтиб ўтиш жоизки, ўтмишда  домла мақомидаги касбдош- ўқитувчи  тоифаси шаклланди. У дарс берувчи, фан буйича маьлумот берувчи киши бўлиб колди. Бизнинг тасаввуримизда домла тарихан диний-дунёвий илмларни эгаллаган, халкни маьрифатга чорловчи, халк ва жамиятнинг эзгу тилакларни амалга ошириш хакида  қайғурувчи куюнчак одамдир. У домлаликни узоқ вақт илмий изланиш ва ўқиш жараёнида ўзида қарор топтиради. Биз ҳатто домлалик ҳам бошка касблар каби меросий ўзига хос касб-кордир дейишга мойилмиз. Юқоридагиларнинг тахлили эса ўқитувчилик касб бўлса, домлалик бир баҳя юқори  касбий унвондир. Катта энамиз Зарифа Саидносирова Ойбек хақидаги  хотираларида домлаликнинг ажойиб таьрифини бериб, кўп савоб ишни адо этганлар.  Наздимизда, Ойбек  домла  барчамизга  ибрат булиши табиийдир.


Кейинги йилларда халк таьлими тизимида, айникса ўрта мактабларда домлаларнинг камайиб бориши, мактабнинг аксари жамоасини аёллар ташкил этиши барчамизга аён. Бу ҳол мактаб ва ундаги маьнавий-тарбиявий муҳитга ўзининг салбий таьсирини ўтказмоқда. Ўқувчиларнинг илмий савияси, дунёкараши, ахлокий холати, қўйингчи, умумий тарбиявий сифат кўрсаткичлари йилдан йилга пасайишига таьсир этади. Ўқувчи ўз ўқитувчисидан намуна олади, унинг назоратида қатьий инсоний фазилатлари шакллантиради. Ўқувчи учун устози буюк бир шахс хисобланган, ҳатто ўқувчилар ўз устозларининг тўй-хашамларда иштироки, айникса овқатланишини кўришга қизиққан, уларнинг пиёларида чой ичишган. Чунки улар боланинг онгида илоҳий нафссиз деб тасаввур қилинган. Аёл кишини муаллималигини инкор этмаган ҳолда ўғил болаларнинг тарбиясида домлаларнинг алмаштириб бўлмайдиган ўрни борлигига ҳеч ким эьтироз билдиролмайди. Мактабда ўқитувчи билан ўқувчининг орасидаги  «дистанция» бузилиши кузатилмокда. Одамлар орасида домланинг азалий обрў-эьтибори тушиб, ўқитувчи касби ҳақоратомуз хусусиятли бўлиб колди. Биз яна сизга  «Чангак» видеофильмидаги домланинг образи орқали вазиятни далиллашга уринамиз. Бугун бозорда бирор нарсанинг нархини икки бора сўрасангиз касбингизни эслатиши мумкин.


Ҳозирги пайтда мактаб тизимини жиддий ислоҳида асосий урғу муаллим, ўқитувчининг ижтимоий-иқтисодий, маданий мавқеини яна қайта тикланмаса,  демократик ўзгаришларимизнинг самарадорлиги пасайиб кетади. Мактаб таьлимини  қадрсизланиши таьлимнинг келгуси тизимига салбий таьсир этади. Кейинги йилларда жойларда бу касб моҳият жиҳатидан ўқитувчилик бўлмай, балки эллик фоизга ҳўжалик ходимига айлантирилди. Фикримизча, устозлик саньат бўлиб у аньнавий авлоддан авлодга ўтиб келган бўлса, ўша узлуксизликда узилиш юз берди. Бу ҳол таьлим тизимида ёшларнинг маьнавиятига жиддий таьсир этмоқдаки, йилдан-йилга таьлим сифати ва ёшларнинг илм-фанга муносабати қадрсизланмокда. Олий таьлим тизимида дарс бериш талабаларнинг мактабда олган ўқувчилик маданиятининг етишмаслиги туфайли тарбияга салбий таьсир этмоқда.


 Ўқитувчининг иш ҳақидаги турли ҳил жамоатчилик коммунал тўлов ва йиғинларидан мактабдан ташқарида ўзга касб ва ҳунарлар билан шағулланишга мажбурлиги роса ўйлаб кўриладиган муаммо деб ўйлаймиз. Ўқитувчилар оиласини боқиш учун ўзга юртларга сафарлар қилиши жамиятдаги ижтимоий ҳаётга яхшилик келтирмайди. Чунки, яхши пул топган одам фидойилик- домлаликка иккинчи бора қадам босмайди.


        Ижтимоий ҳаётда ёшларнинг касбий мўлжаллари ўқитувчи, врач, қурувчи касбларига пасайиб, суд-ҳуқуқ тизимига қизиқиш аньанавий юқори  рейтингни сақлаб қолмоқда. Ёшлар домланинг олаётган иш ҳақи суд-ҳуқуқ тизими ходиминикидан юқори бўлсада лекин велосипед ҳам ололмаслиги, турмушидаги муаммолар кўплигини яхши билади. Шу боис, ёшлар бозор шароитида тракторчи ёки тадбиркор, суд-ҳуқуқ тизими соҳаларига қизиқиши табиийдир. Бу хол ижтимоий муносабатларда маьнавий согломлаштириш ислоҳотларини янада чуқурлаштириш заруриятини тақозо этади. Бозорда тадбиркор ўқитувчини дарров таниши ғалатидир.


Дарҳақиқат, домлаликнинг ижтимоий мақоми миллатнинг маьнавий мақомини белгилаши, домланинг ҳақ йўлидаги эзгуликни ёшларга ўқитиши ҳаёт ёки момот, саодат ёки фалокат масалалари билан бевосита боғлиқ эканлигини эьтироф этамиз. Шу билан бирга масаланинг ўта мураккаб ижтимоий-сиёсий масала эканлигидан уни яна муҳокама мавзуси бўлиши мумкинлиги ва муқобил фикрларнинг ҳам бўлиши мумкинлигига аввалдан иқрорлигимизни билдирамиз.  


 


/>

1 Исоқов Б. Зиёлилик масьулияти –Т.: Маьнавият, 2008, -Б. 9



2 Чингиз  Айтматов., Мухтор Шохонов Чўққида қолган  овчининг ох-зори  -Т.: Шарқ, 1998,  -Б.385



0 изоҳ

Мақола муаллифи изоҳ қолдиришни маън этган.