топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Янги йил томошалари

Блог им. gulnoraxon

        Болалик… Уни эсламаган, қўмсамаган инсоннинг ўзи бўлмаса керак.


      Бугун эрталабдан ойна олдига келиб, ўзимга оро бердим. Энг чиройли кийимларимни кийиб ясаниб олдим. Болажонларимизнинг таътил кунларини мароқли ўтказишлари учун  янги йил томошалари давом этмоқда. Мен ҳам Навоий шаҳар  Фарход маданият  саройида  бўлиб ўтаётган  байрам  дастурини томоша қилиш учун  кўчага отландим...


     Театрлаштирилган саҳна кўриниши...   Болаларга қўшилиб  айиқ, қуён, Қор маликаси  каби кўплаб  эртак қаҳрамонлари билан  мен ҳам болаликка қайтиб эртаклар оламида сайр қила бошладим.  Болаларнинг гоҳ кўзларидаги ҳайратни, гоҳ юзларидаги  қувончни  кўриб  завқланасан киши.


     Эртак қаҳрамонлари   болажонлар билан танишиб,  уларни янги йил билан табриклаб, турли шеър,қўшиқ ва рақсларни биргаликда ижро этиб бўлишгач, саҳна декорациялари ўзгариб,”Смурфларнинг янги йил саёҳати” деб номланган  янги  йил  эртаги бошланди.       Ота Смурф  ўз болаларига  сахийлик, яхшилик, раҳмдиллик, хурсандчилик, ростгўйлик ва яна олтинчи ҳақиқат борлигини, буни эса болалари топиши кераклигини айтиб уларни  саёҳатга жўнатади.  Ўрмонда  кетаётган смурфлар ёвуз сеҳргар Гаргамел  сабаб оёғини қопқон қисиб қолган  йўлбарсни қутқариб, унга меҳрибонлик кўрсатишади.  Ойнаси синиб қолган  фариштага смурфлардан бири ўз ойнасини бериб, сахийлик  қилади. Смурфларни қўлга тушириш учун ёвуз  Гаргамел томонидан   юборилган  тимсоҳларга  смурфлар  тўғри сўзлаб, уларни бу фикридан қайтаришади. Хуллас,  ота смурф айтган ҳар бир ҳақиқат ўз исботни топади. Саёҳат давомида ана шундай кўплаб  саргузаштларни  бошдан кечиришган  смурфлар олтинчи ҳақиқат бу- дўстлик эканини  англаб етишади.Ўз уйларига эсон-омон қайтган смурфлар  ота Смурф ва дўстлари билан янги йилни шоду хуррамликда кутиб олишади. Эзгулик ёвузлик устидан ғалаба қозонади.


      Эртак  тугагач  бинонинг иккинчи қаватида  дид билан безатилган арча атрофида  янги йил шодиёналари яна давом этди.   Қорбобо ва Қорқиз болажонларга совғалар улашишди, биргаликда рақсга тушишди .


      Театрлаштирилган саҳна кўринишлари, бетакрор саҳна безаклари, эртакдаги воқеалар давомида ўзгариб турган турли саҳна декорацияларини  кўриб, режиссёр ва рассомга, умуман  болаларга мана шундай қизиқарли байрам томошаларини ҳадя этишда ўз ҳиссасини қўшган инсонлар меҳнатига  таҳсинлар айтгим келди.


      


 


 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.