топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Йўл (ҳикоя)

Блог им. dilorommm63

Йўл


 


Қаҳр билан уқубат қилмағил,


токи бир бегуноҳни уқубатга


сазовор қилмағайсан... 


Қобусномадан


 


 


Биринчи йўл


 


Бу гал менга чет элдан ташриф буюрган саййёҳларга йўл бошловчилик қилиш вазифаси юклатилган.


Дастурга кўра делегация аъзолари жойлашган автобус билан икки енгил машинада, масъул вакиллар кузатувида белгиланган фермер хўжалиги ҳудудига етиб келдик. Хўжалик кенг далалар бағрида жойлашган, узоқ яқин қир-адирлар этаги тоғларга  туташиб кетган,  ён-атрофда ям-яшил боғлар, узумзорлар ва ер бағирлаб ястаниб ётган полизлар  кўзга ташланиб турарди.


Меҳмонлар кутиб олингач, хўжалик раҳбари билан кўзда тутилган манзиллар томон пиёда йўлга тушдик. Меҳмонларга фермернинг ҳаяжон ва ғурур билан  сўзлаб бораётганларини дам  инглизча, дам француз тилида таржима қилар эканман, бутун дунёни кезиб, саёҳат қилишни ният қилган  сайёҳлар ортимиздан эргашиб, сўзларимни диққат  билан тинглашлари, гоҳо ҳайрат-у,  қизиқиш билан тикилиб, гоҳо ўз тилларида турли саволлар билан мурожаат қилишлари  ҳар доимгидек менга завқ-у шавқ бағишлар эди.  Баъзан эса, барчанинг диққат марказида эканлигим, атрофдагиларнинг ҳавас билан кузатаётганлигини  сезиб, қалбимни беихтиёр ёқимли, ўз-ўзимдан мамнунлик ҳисси чулғаб оларди. Эгнимдаги замонавий либосим ўзимга ҳам жуда ёқар, текис йиғилган соч турмагимгача ярашиб турганлигини яхши билардим. Аммо, бўйнимдаги нафис, адрас нусхали шарфим ҳар замон гоҳ ҳаракатларим туфайли гоҳ шамол ҳилпиратиб ўйнаганида эса руҳимни алланечук безовталик қамраб олар, нималардир бўйнимдан торқиларди гўё.  Нимадир у – руҳимни беҳаловот этаётган? Дунёларнинг ёзилган, ёзилмаган, тилга олинган, олинмаган ёки қалблардаги уйғоқ турфа саволларимикин? Нима бўлганда ҳам  шарфимнинг камалак рангларида турланаётган бу безовталик бўйнимга ўз юкини осишга ҳаракат қиларди.   



Биз бораётган кенг кўча бўйлаб  қаёққадир шошаётган одамлар, йўл атрофида турли юмушлари билан ғимирлаб юрган аёллар ва  ўсмирлар пинагини ҳам бузмай, худди “яна бир гуруҳ бекорчилар айланиб келишибди-да”, дегандек бепарво қараб қўйишарди.  


Сайёҳлардан олдинда барваста савлатига қарамай, чаққон ҳаракатлар билан одимлаб, бораётган фермер кун анча иссиқ бўлса-да, эгнига  костюм-шим ва ёқасига галстук танғиб олганлигидан пешонасига қалқиб чиққан йирик терларини артар экан, меҳмонларни йўл яқинидаги субтропик ўсимлик ва мевалар учун синов майдончаси бўлган баланд иссиқхона томонга бошлади. 


 


Иккинчи йўл


 


Йўлнинг бу томонида эса узунасига ярим метр чамаси баландликда тумбалар устига ётқизилган бетон ариқдан тўлиб-тошиб тиниқ сув оқарди. Ариқнинг нариги томонида бир неча қатор баланд жийда дарахтлари шохларини кенг ёйганча, ўсиб ётибди. Шу пайт ногоҳ, дарахтларнинг тагида икки аёлнинг зимдан мени кузатиб, турганини сезиб қолдим. Қачондан бери ва нега кузатиб туришибди экан, деб ўйладим-у, ногоҳ уларни танигач, “во ажаб, наҳотки, адашмаяпманми?!” –  дея, ҳайратланиб, қайта разм солдим. Мен адашмаган эдим, уларнинг  бири икки  йил олдин вафот этган бувижоним, иккинчиси эса шахтёрлар шаҳарчасида  қўшни бўлиб яшаган Надя хола эди.


Қадамимни секинлатиб, гуруҳдан орқада қолдим-у, улар томонга юра бошладим. Ҳар иккаласининг ҳам вофот этган пайтидагига қараганда руҳлари тетик ва кўркам эдилар. Гўё атрофдаги барча нарсаларга бепарво, самимий бир табассум-ла менга тикилиб туришарди. Ранги-рўйи, эгни бошига разм солар эканман, шунчалар покиза, озода ва фариштамонанд эдиларки,  ҳатто  уларнинг ортида хиёл тебраниб турган жийда дарахтлари ҳам ҳозиргина тўхтаган ёмғир сувидан сўнг покланиб олгандек топ-тоза, беғубор эди. Назаримда, улар руҳлари тинч эканлигини билдириб, кўнглимни хотиржам қилиш ниятида, эдилар гўё.


Меҳрибон бувижонимнинг бошидаги оппоқ румоли, эгнидаги талабалик йилларимда момоларга удум бўлган осмон рангдаги юмшоқ жемперига разм солганча, уларга яқинлашиб, салом бердим. Бувим ўта осойишта ва бу дийдордан мамнун алпозда бош ирғаганича,  саломимга бесас алик олди. Сўнгра Надя холага юзланарканман, беихтиёр, узоқ жойга  келин бўлиб тушганлигим туфайли турмуш ўртоғимнинг кекса момолари  “мусофир келиним...” дея,  эркалаб чақиришлари, қўшни Надя хола ана ўша “бегона жойларда, мусофир”лик пайтларимда кўнглимни тушунгувчи, фарзандларим гўдаклигидан бошлаб, ўз маслаҳатлари билан ёрдам бериб, қадрдон инсон, дилкаш дўст каби ёнимда бўлганлиги ёдимдан ўтди. Айни чоғда ҳам очиқ чеҳрасида ўша самимий меҳр акс этиб турган Надя хола томонга юрарканман, умрининг охирги йилларида кечирган қийинчиликлари ва фарзандлари доғидан чеккан азиятлари ёдимга тушди.


Уларга яқинлашиб, ариқнинг бериги томонидан туриб саломлашгач, сўрадим:


–  Надя хола, фақат тўғрисини айтинг, ҳаётингиз у томонда яхшими ёки бу ёқдами?


 У шундай  беозор, эҳтиёткорана бир оҳангда:


–  Если честно, мне лучше здесь...”,  – деди. Унинг бу жавобидан ҳам дилим ўртанди, ҳам кўнглим ёришди.


Уларнинг орқасида гўё тўсиқ парда каби бир-бирига туташиб, ўсиб ётган жийда дарахтларига кўзим тушар экан, ҳайратим янада ортди. Шохлари кенг ёйилиб, ястаниб ётган баланд бўйли жийда дарахтларининг ярми ақиқ рангда шода-шода мевага кирган, ярми эса хушбўй таратиб, гуллаб ётарди.


 


Учинчи йўл


 


… Телефон: 


–        Надя холангиз оламдан ўтиб қолди.


–        Нега, қандай қилиб!?


–        Соғлиги яхши эди. Эрталаб хабар олай, деб борувдим, дарвозасини очмади. Ўзим бир амаллабб ичкарига кирсам, эшигининг олдида йиқилиб ётган экан. Куз ҳавоси, анча совуқ тушиб қолган, кечаси ёмғир ёғиб ўтган эди. Ташқарига чиқиб, йиқилган-у, қайтиб ўрнидан туролмай, шу ҳолатда жони узилган экан. Қўшниларни чақириб, “маҳалла”га хабар бердик, “тез ёрдам” келди.


–       … Лёва амаки билан учрашинглар, удумлари бўйича ҳамма керакли нарсаларни тайёрланглар. Биз ҳозироқ йўлга чиқиб, эрталабгача етиб борамиз.


Узоқ йўл.


Машина рулини бошқариб бораётган турмуш ўртоғим:


–        Бир куни Надя хола мени ёнига чақириб, худди васият қилгандай: “баъзан эшитиб қолаяпман, ёлғиз қолиб кетганларни тобутсиз кўмишаётган эмиш. Бир кор-ҳол бўлиб қолса, илтимос, мени тобутсиз кўмишларига йўл қўйманг”, деган эди.


       Шунда мен:


–        Бабуля, аввало кўп яшанг. Аммо хотиржам бўлинг, ҳар қандай шароитда ҳам беш олтита тахта топилар. Мабода, бирор сабабга кўра топилмай қолсам, анави хонангизнинг тўрида савлат тўкиб турган шифонерингиздан тобут ясатаман. Бу шифонерингизни қанчалик яхши кўришингизни биламан. Қаранг, қандай кўркам, ўзиям ялтиллаган  тобут бўлади-да, дея, ҳазиллашганимда, роса кулишгандик. Шундан сўнг у:


–        Раҳмат, мен сизларга ишонаман, деган эди.


Бир қизи икки тоғдек ўғил невараси билан узоқ Россиянинг аллақайси жойларига  кўчиб кетишди. Ҳовлисининг ярмини сотиб, ярмида “касалманд, йўлга чидамайди”, дея Надя холани ёлғиз қолдириб кетишди. Бу шаҳарчада яшовчи тўнғич қизи ҳам ҳар замонда бир келиб, нафақасини сўрар, у-бу жўяли  нарса топиб беролмаса, уни койиб, дилини хуфтон  қилиб кетар эди.


Баъзан Надя хола невараларини соғиниб, уларнинг болаликдаги ширин қилиқлари, энди тилга кириб, айтган илк сўзларини, пилдираб қадам ташлаб, юриб кетганларини, опичлаб юрганларини эслаб, кўзига ёш оларди. Неваралари эса йил бўйи бир марта телефон орқали ҳам ҳолини сўрашмасди.


Қўшнилар унинг оламдан ўтганлиги тўғрисида Россиядаги қизи ва невараларига хабар беришибди. Улар эса, айни пайтда шароит йўқлигини, яқин орада келолмаслигини айтишибди.


Машинада олис йўл юриб, ниҳоят кўчамиз томонга қайрилдик.  Надя холанинг уйи атрофида одамлар кириб, чиқиб туришарди.


 


Тўртинчи йўл


 


… Ёмғирли куз оқшоми. Туни бўйи  тинмай увлаётган кучугидан хабар олай деб ташқарига чиққан Надя хола ногоҳ қоқилиб, йиқилиб тушди. Ҳарчанд ҳаракат қилмасин, ўрнидан туролмади. Ҳовлининг яқинида кенг қулоч ёзиб, ҳар йилгиданда кўп мева солган эски ёнғоқ дарахти-ю, ёмғир остида мевасининг кўплигидан шохлари янада ерга қайрилиб қолган қадрдон нок дарахти ҳам унга ёрдамга келолмади. Чунки дарахтлар илдизи билан ерга маҳкам боғланган эди.  Дарахтлар шу алпозда у билан видолашишди. Кучуги эса дам дарвоза томонга югурар, дам Надя холанинг кўйлагидан тортқилаб, унинг юзлари, қўлларини ялаб,  ёрдам кўрсатолмаганлигидан эзилиб, ғингшиганича қолаверди. Тонг отарга келиб ёмғир тўхтади. Надя хола эса кўзини бошқа очмади.


… Хонанинг ўртасида, гуллар билан безатилган тобут ичида сиймосидан илиқлик таралиб,  уйқусидан уйғонолмаган Надя хола ётибди. Хотиржам юзида совуқ аломатларни топмадим. Суҳбатлари дилкаш, қалбидек тоза, озода ҳаёт кечирган Надя хола сўнгги дамларда ҳам хотиримизга ана шундай ёқимли, тиниқ чеҳраси билан муҳрланиб қолди.


Лёва амаки ва унинг аёли томонидан айтилган расм-русумлар ичида оркестр ҳам бор экан. Сўнгги йўлга кузатиш пайтида янграётган оркестр куйи садолари гўё йиғилганлар қалбининг қайсидир жойида мўъжазгина милтираб турган ҳисларни қайта уйғотиб, дунё сирларини воқиф этишга шайлангандек, бепарво дилларни хушёрликка чорларди.


Мусиқа нолалари остида Надя холани олиб кетишди...


Бир қучоқ ҳовлида унинг ити ёлғизланиб қолди.


 


Чорраҳа


 


Узоқдан ярми ақиқ рангда шода-шода мева туккан, ярми  қийғос гуллаб ётган ажиб жийда дарахти сирли тебраниб турарди...


 


 


Дилором Абдураҳмон

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.