topik, blog, fotoset yoki yo`naltirgich yaratish

Жалолиддин Мангуберди, бадиий асар, машғулот услубияти бўйича айрим мулоҳазалар

14 yanvar — Vatan himoyachilari kuni
Jamiyat

Ўн иккинчи, ўн учинчи асрларда Мовароуннаҳр Хоразмшоҳлар давлати таркибида бўлганлиги, мамлакатни қудратли Хоразмшоҳлар идора этганлиги бизга тарихдан маълум. Шу билан бирга ўн учинчи аср бошларида бу юрт мўғуллар истилосига юз тутганлиги ҳам. Ўшанда Туркистоннинг барча ҳудудларида мўғуллар босқинига кескин қаршилик кўрсатилди. Тарихчи Жувайнийнинг маълумотига кўра, ўтрорликлар шаҳарни олти ой давомида қаттиқ ҳимоя қилишган. Ҳимоячиларнинг қурол-аслаҳалари яроқсиз ҳолга келади, озиқ-овқатлар, ўқ-дорилар тугайди. Шундан кейингина босқинчилар шаҳарни ишғол этишади. Бухоро аркида ҳам ўн икки кун давомида тўрт юз ватанпарвар томонидан кучли қаршилик кўрсатилган. Самарқандда ҳам мўғуллар жиддий қаршиликка учраган. Халқ осонликча таслим бўлган эмас. Туркийларнинг Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик каби қаҳрамонлари етишиб чиқди. Муҳаммад Хоразмшоҳнинг ўғли шаҳзода Жалолиддин ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида мўғулларга қарши шафқатсиз кураш олиб борди. Ўз жасоратлари билан Чингизхонни ҳайратга солди.

Мақсуд Шайхзоданинг «Жалолиддин Мангуберди» драмаси...

Бу асар ўзининг тарихий аҳамияти ва шаҳзода Жалолиддиннинг мисли кўрилмаган жасорати маҳорат ила тасвирланганлиги билан эътиборга лойиқ. У умрининг сўнгги ўн йилида Хоразмшоҳлар давлати ҳукмдори бўлса-да, ҳаётининг асосий қисмини лашкарлари ва салтанати билан жангу жадалларда ўтказди.

«Жалолиддин Мангуберди» драмасида Шайхзода Ватан эрки, мустақиллиги учун фидойиларча кураш олиб борган жасур саркарда қиёфасини бадиий гавдалантирди.

Бадиий асар тили барибир бошқача. Минг марта сўзлаб берганингиз билан ўқувчининг ўзи асарни ўқишига етмайди.

Драма тўлиқ ўқилиб ёки ўқитилиб, мазмуни тушунтириб бўлингач, ўқувчига қуйидаги саволлар билан мурожаат қилиш мумкин:

– «Жалолиддин Мангуберди» драмасидаги қайси қаҳрамонлар тарихий, қайси қаҳрамонлар бадиий тўқима эканини биласизми?

– Жалолиддиннинг қаҳрамонлиги ва ватанпарварлиги қайси фазилатларда кўринади?

– Жалолиддин ва Чингизхон образларини мустақил равишда қиё­сий таҳлил қилинг.

– Драмадан мустақил фикрлаш малакасини мустаҳкамлашда фойдаланинг.

Мен мактабда таҳсил олган вақтларда «Жалолиддин Мангуберди» каби асарлар умуман дастурда йўқ эди. Ҳатто тарих дарсларида ҳам бу буюк шахс ҳақида маълумот олмаган эдик. 10-синфни тамомлаб, 11-синфга кўчган йилим, яъни 1991 йил Мустақиллигимизни қўлга киритдик. Аниқ эсимда: 1 сентябрь – билимлар кунини нишонлаш тадбирида мен ва бир синфдошим бошловчилик қилган эдик. Шунда биз ўзимиз билмаган ҳолда Ўзбекистон мустақил бўлганлигини айтиб, машҳур шоирларимизнинг Ватанни ва миллатни мадҳ этувчи шеърлари билан нутқимизни якунлагандик. Аммо ўшанда айримларнинг юзида заррача ҳайрат тугул қувонч ҳам сезмагандим. Фақат бола-чақасини боқиш илинжидагина ишга келиб-кетувчи, олий маълумотли ўқитувчилар қарсак ҳам чалмасдан бақрайиб қараб туравергани ҳамон кўз ўнгимда.

Дарвоқе, гап Жалолиддин Мангуберди ҳақида кетаётганди, нега бошқа нарсаларга чалғиб кетдим? Болалигим совет даврига тўғри келганлигини, у замонларда бундай асарлар адабиёт китобимизда бўлмаганлигини айтиб қўймоқчи эдим, холос.

Жалолиддин Мангубердининг номини абадийлаштириш, у ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаганларга танитиб-билдириб қўйиш мақсадида 1998 йилда ҳукуматимиз бу жасур ўғлон таваллудининг 800 йиллигини нишонлаш ҳақида махсус қарор қабул қилди. 2000 йилда эса «Жалолиддин Мангуберди» ордени таъсис этилди.

Тақвим-мавзу режамда оралиқ назорат ишига иншо киритганман. «Мақсуд Шайхзоданинг «Жалолиддин Мангуберди» драмасидан олган таассуротларим» мавзусида. Ўқувчиларим асарнинг фожиа билан якунланишига қарамай, воқеаларнинг барчаси бор ҳақиқат эканлигини ҳис қилган ҳолда ўз иншоларида Ватан учун керак бўлса жонини ҳам аямаган шаҳзода Жалолиддин тимсолини ақлу савияларига таяниб ёздилар.

Бир ўқувчим иншонинг хулоса қисмида шундай ёзган эди:

«Мен, бўлажак офицер, ушбу асардан ўзимга тегишли хулоса чиқариб олдим. Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимиздек халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги учун хизмат қилишни ўз йигитлик бурчим деб биламан».

Домламиз Қозоқбой Йўлдошевнинг сўзларини эслайман:

– Шундай қилиб, болалар, фалон ёзувчи фалон асарида мана бундай демоқчи бўлган, деган гапларни йўқотинг. Ёзувчи сизга айтганмиди, шундай демоқчи бўлганман, деб? Ўқувчининг ўзи ўқиб, сўнгги хулосани чиқарсин. Яна бир гап: салбий қаҳрамон, ижобий қаҳрамон деган тушунчани ҳам йўқотинг. Ўқувчининг ҳукмига ҳавола қилинг, қайси қаҳрамонни севиш ёки севмасликни!

Ҳақиқатан ҳам кўплаб адабиётшунослар ёзган семиз-семиз китобларни варақлар экансиз, уларда домламиз танқид қилган нарсаларга ўхшаш қарашларни илғаймиз.

Агар фақат қайсидир адабиётшунос олимнинг маълум бир асар ҳақидаги фикри билангина чекланиб қоладиган бўлсак, нима учун ўқувчидан мустақил иш талаб қиламиз-у нима учун 80 дақиқа жим ўтириб, иншо ёзишга мажбур қиламиз?

Иш фаолиятим давомида шунга аниқ иқрор бўлдимки, домлам мутлақо ҳақ! Бадиий асар тилидан ўқувчининг ўзи баҳраманд бўлиши, асар ҳақида шаффоф тасаввурга эга бўлиши учун шеърми, ҳикоями, романми, хуллас, нима бўлишидан қатъи назар шогирдларимнинг ўзларига мустақил ўқитяпман. Муаммоли вазиятни таҳлил этиш услуби (кейс-технология)да улар мустақил аниқлаб, англамоқдалар. Асар ғоясини, илгари сурилган фикрларни, ижобий ёки салбий қаҳрамонни ажратиб олмоқдалар. Натижалар эса кутганимдан зиёда бўляпти.

От устида қилич ўйнатиб, шер каби душманга ҳамла қилган баҳодир ўғлонлар, буюк саркарда-ю ҳукмдорлар ҳақида ёзар эканмиз, улар ҳақида ёшларга сабоқ берар эканмиз, аввало, бу улуғларимизни ўқувчилар ўз тафаккур ва тасаввур қувватлари билан ҳис қилишини кўзлашимиз, бутун саъй-ҳаракатларимизни шунга қаратишимиз лозим. Шундагина «Темурбеклар мактаби» қалдирғочлари улар каби азму шижоатга, юксак билим ва тажрибага эга бўлиб, жонажон Ватанимизнинг мустаҳкам қалқонига айланадилар.

Гулчеҳра ВАЛИЕВА,

Фарғона «Темурбеклар мактаби» она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси

0 izoh

Ro'yhatdan o'tganlar va tasdiqlanganlargina izoh qoldirishlari mumkin.