топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ўзбекистон ўз армияси учун зарур кадрларнинг барчасини ўзида тайёрлаяпти

14 yanvar — Vatan himoyachilari kuni
Жамият


Миллий армиямизга асос солинганининг илк йилларидаёқ ҳарбий кадрларни тайёрлаш масаласига улкан эътибор қаратиб келинмоқда. Эндиликда Ўзбекистон ўз армияси учун зарур кадрларнинг барчасини ўзида тайёрлаяпти. Олий ҳарбий таълим муассасаларимиз ҳозирда 28 та мутахассислик бўйича офицер кадрлар тайёрлаётганини ғурур билан айтиш мумкин. Қолаверса, ҳарбий кадрларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш борасида ҳам ўзига хос тизимга асос солинди. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизими ислоҳотлар жараёнида илғор тажрибалар асосида шаклланмоқда.
Хўш, профессионал ҳарбий кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш нимага керак? Аввало, хавфсизлик соҳасида хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бораётгани, бунинг учун миллий кадрларни замон билан ҳамнафас тайёрлаш, таълим жараёнига янги усул ва технологияларни татбиқ этишни ҳаётнинг ўзи олдимизга қўймоқда. Қолаверса, мамлакатимизда ҳарбийлик касбига келажагимиз давомчиларида қизиқиш, ҳавас тобора ортиб бораётган бир шароитда энг муносибларини саралаш, юксак ақл-заковат ва етакчилик қобилиятига эга бўлган ёшларни аниқлаш учун уларни олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаб олишда талабни ошириш зарурати юзага келаяпти. Мана шу омиллар биздан такомиллашувни талаб этяпти.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 майда “Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори қабул қилинганини ҳам шу ўринда айтиб ўтишимиз жоиз. Яъни мазкур муҳим ҳужжат асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисида”ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу қарорга мувофиқ, Мудофаа вазирлиги томонидан вазирликнинг олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни танлаш (қўмондонлик тактик мото-ўқчи ва чегара бўлинмалари (чегара гуруҳлари) ва Ҳарбий ҳаво кучлари (авиация турлари)нинг ҳарбий мутахассисликлари бундан мустасно) ягона танлов асосида, кириш тест синовлари натижалари бўйича тўпланган балларга мувофиқ амалга оширилади.

Бу нима дегани? Одатда, олий таълим муассасасининг бирида ўқишга кириш кўрсаткичи юқори, бошқасида бир оз паст бўлади. Бу белгиланган квотадан келиб чиқиб, ҳар бир олий ҳарбий таълим муассасасининг ўзида белгиланарди. Натижада бошқа олий ҳарбий таълим муассасалари абитуриентларига нисбатан тўпланган балл юқори бўлса-да, фуқаро ўқишга қабул қилинмай қоларди. Ягона танлов тизими эса бундай ҳолатларга чек қўяди. Бу ҳар томонлама билимли, ақл-заковатли офицер кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 28 август куни Самарқандда мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ва бу борадаги долзарб вазифалар ижросига бағишланган сайёр видеоселектор йиғилишида айрим олий ҳарбий таълим муассасалари ва сержантлар тайёрлаш мактабларида давлат миқёсида белгилаб берилаётган чора-тадбирлар ўз вақтида ва аниқ бажарилмаётгани ҳам қайд этилди. Бу масала бўйича тузилган комиссия томонидан айрим олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёни ва курсантлар учун зарур замонавий шароитлар яратиш борасида қатор камчиликлар мавжудлиги аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.

Олдимизда масъулиятли вазифалар, замон талабларини ўзида акс эттирувчи чора-тадбирлар талай. Уларнинг ўз вақтида ва сифатли тарзда ҳаётга татбиқ этилишини таъминлаш – асосий вазифамиз.

Полковник Бахтиёр САИДОВ,

Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти бошлиғи вазифасини бажарувчи

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.