топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ватан учун қасамёд

14 yanvar — Vatan himoyachilari kuni
Жамият
#QK26 «…СЎНГГИ НАФАСИМ ҚОЛГУНЧА»

 
«… Она Ватанимнинг садоқатли фарзанди бўлиб қолишга...», «… машаққат ва қийинчиликларини сабот билан енгишга...», «… давлат ва ҳарбий сирларни мустаҳкам сақлашга...», «… аждодларим руҳи олдида қасамёд қиламан». Тошкент вилоятидаги МХХга қарашли ҳарбий қисмлардан бирида баралла айтилаётган бундай жумлаларни эшитган ҳолда юрт манфаатлари ва мустақиллигининг ҳимоячиси бўлишни шарафли вазифа, деб билган ўғлонларга диққат балан разм соламан. Эртамиз эгалари, бошлаган буюк иш ва режаларимиз давомчилари, Ўзбекистоним ёшлари, қарори қатъий, азму шижоатли аскарларига қараб, кўзинг қувнайди.
Ҳарбий қисм қўмондонлиги, Қуролли Кучлар фахрийлари, ота-оналар, кенг жамоатчилик гувоҳлигида, тантанали равишда юрти ва Президентига содиқлик ҳақида онт ичганларни табриклаганлар бугун Ватанимизнинг мустақиллигини, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини ҳимоялаш, аҳолимизнинг тинч ва осуда ҳаётига қарши қаратилган ҳар қандай тажовуз ва ғаразли уринишларнинг олдини олиш ва бартараф қилишдек ўта муҳим ва масъулиятли вазифаларни адо этишда Қуролли Кучларимизнинг ўрни ва аҳамияти, Ватан ҳимоячилари учун яратилаётган шарт-шароитлар хусусида сўз юритдилар.
– Ҳарбий қасамёдга бағишланган тадбирда иштирок этиш таклифини олганимда, озод ва обод Ватаним ҳимоячилари билан учрашиш завқидан руҳим кўтарилади, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Беҳзод Муҳаммадкаримов. – Бугун аскар укаларимиз бу муқаддас замин, шу азиз тупроқ, танти ва меҳнаткаш, бунёдкор халқни асраб-авайлашга аҳд қилишди. Асл эр йигит ҳеч қачон ичган онтидан қайтмаслигини барчамиз яхши биламиз. Қолаверса, фарзандларимиз томирида не-не буюк аждодлар, жаҳонгир саркарда-ю лашкарбошилар, илму маърифатда тенгсиз олиму фузалолар қони оқмоқдаки, аҳдга вафо қилиш, қасамни бузмаслик жон-жонимизга сингиб кетган.
– Ўғлимнинг бахту камолини кўраётганимдан бахтиёрман, – дейди Дилфуза Низомова. – Унинг хурсандчилигини, йигит киши сифатида янада улғайгани ва камол топганини кўриб, ниҳоятда севиняпман. Жудаям ярашиб турган ҳарбий либосида янада салобатли ва кўркам бўлибди. Тўнғичим – ёлғиз ўғлим. Ундан умидим катта. Саф майдони минбаридан аскарларни табрикладим. Ҳарбий кийимли қоракўзларга қараганимда фикрларим тўлиб-тошаётганини ҳис этдим. Саф тортиб турган фарзандларимиз, улар қаторида турган ўғлимдан фахрландим. Тадбир давомида ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишларидан жуда таъсирландим. Миллий армиямизнинг куч-қудратидан янада ғурурланиб кетдим. Ҳарбий қисмга келганлар учун аскарларнинг кўнгилдагидек хизмат қилиши, жисмонан камол топиши ва билимларини ошириши учун яратилган шарт-шароитлар, таъминоти билан танишиш имконияти ҳам яратилди. Тўғриси, биз – ота-оналарнинг фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ.
– Орзуимга эришганимдан хурсандман, – дейди оддий аскар Асқаржон Омонов. – Ҳарбий қасамёд қабул қилдим, Ватан ҳимоячиси бўлдим. Бу воқеа ички дунёимни ўзгартиргандек, елкамга масъулият юклаб, ўзимга ишонч бағишлагандек. Биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек, она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатлигини ҳис этяпман.
Тадбир якунланди. Ҳарбий қисм ҳудудини тарк этаётганларни кузатаман. Улар орасида ёшлар кўплиги ниҳоятда қувонарли. Эҳтимол, акаси ёки яқин қариндошини, деб келган болажонлар Ҳарбий қасамёд нима экани-ю, катталар нега бир-бирини қутлаб, хурсандчилик қилаётганининг сабабини чуқур англаб етмас. Лекин аскар – Ватан ҳимоячиси бўлиш ана шундай ҳурмат-эҳтиромга лойиқ бўлишини тушундилар. Уларнинг қалбларига ватанпарварлик тушунчаларининг уруғлари “экил”ди. Вақти келиб, керакли парваришлар ўз мевасини беришига ишонамиз.
Камолиддин ХУДОЙНАЗАРОВ

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.