топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Тошкент шаҳар ҳокимлигида аскарлар ва ота-оналар иштирокида видеомулоқот ўтказилди

14 yanvar — Vatan himoyachilari kuni
Жамият
Мамлакатимизнинг барча ҳудудида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!” шиори остида турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, суҳбатлар ўтказилмоқда.
 


Фарзанди Фарғона вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган тошкентлик ота-оналар, гўзал водийдан келиб, пойтахтимизда йигитлик бурчини адо этаётган аскарлар ўз яқинлари билан Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган видеомулоқотда дийдорлашди. 

“Менинг ўғлим – Ватан ҳимоячиси” шиори остида ўтказилган тадбирда мамлакатимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш мақсадида миллий армиямизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. 

Ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари аскарлар ва ота-оналарни байрам билан табриклаб, уларга эсдалик совғалари топширди.

Ота-оналар ва фарзандларнинг экран орқали суҳбати ҳаяжонли ва қувончли лаҳзаларга бой бўлди. Мулоқотда аскарлар ҳарбий хизматни кўнгилдагидек ўтаётгани, ҳарбий билим ва кўникмаларни пухта ўзлаштираётгани, жисмоний чиниқиши учун яратилган шароитлар ҳақида фахр билан сўзлади. Ота-оналар ўз жигаргўшасининг ҳарбий ҳаёти, уларга яратиб берилган шароитлардан боши кўкка етди. 

– Ёшлигимдан ҳарбий бўлишни, Ватанимизга хизмат қилишни орзу қилганман, – дейди тошлоқлик оддий аскар Жаҳонгир Одилов. – Шукрки, ниятларим амалга ошди. Ҳарбий хизматга келиб, ҳарбийлар ҳаёти билан яқиндан танишдим, эл-юрт ҳимоясидек улкан масъулият ва юксак шарафни, ифтихорни юракдан ҳис қилиб, мақсадларим янада қатъийлашди. Видеомулоқотда ота-онамга бу ҳақда айтганимда уларнинг кўзларига қувончдан ёш келди. Илоҳим, ниятингга ет, деб дуо қилди. Қадрдонларимнинг ишончи, дуою фотиҳалари эзгу орзуларим томон дадил одимлашда менга ғайрат бағишлайди. 

Видеомулоқотда Фарғонадаги ҳарбий қисмлардан бирида йигитлик бурчини ўтаётган оддий аскар Шаҳзоднинг онаси Малика Абдусаматова бундай деди: 

– Ватан ҳимоячисининг онаси бўлиш нақадар шарафли эканини яна бир бор чуқур ҳис қилдим. Ўғлимни, у билан хизмат қилаётган алпкелбат ўғлонларни кўриб, эртамиз ишончли қўлларда эканидан янада ғурурланиб кетдим. Фарзандим анча улғайибди, гап-сўзларида ўктамлик, нигоҳида қатъият сезилиб турибди. Яратилган шароитлардан кўнглим янада хотиржам бўлди. Тадбир ташкилотчиларига барча оналар номидан миннатдорлик билдираман. 

Ватан, тинчлик, ёшлик ва эзгуликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Дилшод Каримов, УзА

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.