топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Шу юрт учун хизмат қил, ўғлим!

14 yanvar — Vatan himoyachilari kuni
Жамият

«ШУ ЮРТ УЧУН ХИЗМАТ ҚИЛ, ЎҒЛИМ!»

Фарзанд ато қуллиғин чу одат қилгай,

Ул одат ила касби саодат қилгай,

Ҳар кимки атоға кўп риоят қилгай,

Ўғлидан анга бу иш сироят қилгай.

Алишер Навоий

Фарзанд тарбияси ҳамма даврда ҳам муҳимлигича қолган. Айниқса, ўғил бола тарбияси ўзгача эътиборни, қатъиятни, талабчанликни тақозо этган.

Ўғлининг бўйи бўйи билан тенглашган ота-она борки, унинг бирон касб-корни эгаллашини, оқил ва уддабурон бўлишини истайди. Чунончи, унинг энига ҳарбий либос кийиб тенгқурлари сафида қўр тўкиб туришини кўриш бугун ҳар бир ота-онанинг орзусига айланган, десак муболаға эмас.

Тошкент темирйўл муҳандислик институти ва Фарғона политехника институти ҳамкорлигида ташкил қилинган «Менинг ўғлим – Ватан ҳимоячиси!» номли видеомулоқотда шундай ҳолатни кузатдик. Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинларига қарашли ҳарбий қисмларнинг бирига Фарғона вилоятидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган, намунали ҳулқи, жанговар хизматдаги ютуқлари билан сафдошларига намуна бўлаётган аскарларнинг видеомулоқотида Тошкент темирйўл муҳандислик институти ўқитувчилари, масъул офицерлар ҳамда журналистлар иштирок этди.

Тадбир аввалида ота-онаси ва яқинларини экранда кўриб ҳаяжонга тўлиб турган аскарлардан бирини суҳбатга тортдик:

– Ҳозир бироз ҳаяжондаман, – дейди оддий аскар Фаррух Усмонов. – Ота-онам билан дийдорлашиш, улар учун илиқ гап айтиш менга  ҳузурли, албатта. Ҳозир экранда уларни кўриб турибман. Соғинчим аригандек бўлди, очиғи.

Фарзандларининг камолини кўриб турган ота-оналарнинг қувончини таърифлашга сўз ожиз.

– Дунёда дийдордан азиз нарса йўқ, – деди оддий аскар Мирзобобур Темировнинг онаси Манзура опа Мирзабоева. – Бугун ўғлим Мирзобобурни кўриб турганимдан жуда хурсандман. Ўғлим сенга айтар сўзим шуки, юрт учун қанча кучинг, ақлинг бўлса хизмат қил. Юзимизни доим ёруғ қилай десанг, халқнинг олқишини ол, бизнинг розилигимиз шундадир, болам.

– Бундай тадбирлар анъанага айлангани қувонарли ҳол, – дейди подполковник Ботир Давлатов. – Бу мулоқотлар нафақат аскарга, унинг яқинларига, балки ёшларга ҳам ижобий таъсир этяпти. Яъни, уларда ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини шакллантириш, юртни севиш, ардоқлаш каби ҳислатларни қарор топтиришга хизмат қилмоқда. Айни пайтда «Менинг дўстим – Ватан ҳимоячиси!» номли видеомулоқотлар республикамиз бўйлаб кенг кўламда ўтказилмоқда. Бу маҳаллалардаги ўсмирларга армиядаги тенгдошларига нисбатан ҳавасни уйғотиш, армия ҳаёт мактаби эканлигини яқиндан тушунтириш имконини беради.

Наргиза АСАДОВА
   

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.