топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Посбондирмиз сенга она юрт!

14 yanvar — Vatan himoyachilari kuni
Жамият


ПОСБОНДИРМИЗ СЕНГА, ОНА ЮРТ!

Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни арафасида Тошкент ҳарбий округи сержантлар тайёрлаш мактабининг навбатдаги битирувчиларига тантанали равишда сертификат ва кўкрак нишонлари топширилди.

Сержантларда етакчилик ва командирлик қобилиятини ривожлантириш, мутахассислиги бўйича мукаммал билим ва тажрибага эга бўлишида сержантлар тайёрлаш мактабларининг ўрни катта. Тошкент ҳарбий округи сержантлар тайёрлаш мактаби ҳам Қуролли Кучларимиз сафларига юксак малакали кичик командирлар тайёрлаб бераётган нуфузли билим масканларидан ҳисобланади. Мактаб энг замонавий таълим жиҳозлари, жумладан, моделлаштириш ва симуляция воситалари, компьютер техникаси билан таъминланган. Бу эса сабоқ олаётган ҳарбий хизматчиларнинг билим ва тажрибасини оширишга, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Сержантлар давлатимиз мудофаа қобилиятини оширишга ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб, шахсий таркибнинг юксак жанговар тайёргарлигини таъминлаш, ҳарбий қисм ва бўлинмаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни, ҳарбий тартиб-интизомни сақлашнинг муҳим омилига, таъбир жоиз бўлса, армиямизнинг асосий ўзагига айланди. Шундай экан, сержантларни тайёрлаш ва малакасини янада ошириш масаласи муҳим аҳамиятга эга. Бугун сержантлар тайёрлаш мактабларини тамомлаган кўплаб мутахассислар барча қўшин турларида хизмат қилиб, юксак эътирофга ва давлат мукофотларига сазовор бўляптилар. Бу ҳам уларнинг касбига чексиз муҳаббати, Ҳарбий қасамёдига садоқатидан нишона.

– Бугунги кунда ҳарбий хизматчиларга, хусусан, сержантлар корпусига алоҳида эътибор берилиб, катта талаблар қўйилмоқда, – дейди подполковник Илҳом Бегимқулов. – Қувонарлиси, мардлар касбини танлаётганлар ўзларига юклатилган юксак ишонч ва масъулиятни ҳис этган ҳолда касб сир-асрорларини ўзлаштиришга интилмоқда. Бизнинг вазифамиз эса юрт посбонларининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, билими, профессионаллик даражаси ва малакасини янада ошириш, соҳадаги илғор тажрибалардан хабардор қилиш ва уларни қўллаш бўйича кўникмаларини ҳосил қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, кўп йиллик хизмат ва ҳаётий тажрибага, педагогик маҳоратга эга ўқитувчи офицерларни ўқув жараёнига жалб қилишдан иборат. Мактабимиз талаб даражасида ўқув-моддий базага эга бўлиб, машғулотлар тажрибали офицер ва йўриқчилар томонидан олиб борилмоқда. Бу шарт-шароитлар кичик командирларнинг мутахассисликлари бўйича мукаммал билим олишларига пухта замин яратмоқда.

Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги масъул офицерлари, Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар бугун Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, айниқса, армиямиз таянчи ва суянчи ҳисобланган сержантлар таркибига қаратилаётган эътибор хусусида гапириб, битирувчиларга муваффақиятлар тилаб, ишонч билдирдилар.

– Бугун истиқлол туфайли, Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган ислоҳотлар сабаб, сержант кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий талабларга жавоб берадиган самарали тизими яратилди, – дейди Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Лутфулло Бузруков. – Бу офицерлар ва аскарлар таркиби ўртасида нафақат боғловчи бўғин, балки том маънода армиямизнинг таянч устуни, офицерларнинг ишончли ёрдамчилари бўлмиш сержантларимизга ўз профессионал, назарий ва амалий билимларини такомиллаштириш, ҳарбий-жанговар фаолиятнинг тажриба ва малакасини эгаллаш, миллий армиямиз сафларини бугунги кун талабларига жавоб берадиган, пухта тайёргарликка эга, интеллектуал жиҳатдан етук мутахассислар билан тўлдириш учун кенг имкониятлар очиб бермоқда. Маҳоратда, матонатда ҳеч кимдан кам бўлмаган кичик командирлар корпусини шакллантирмоқда. Миллий армиямиз сафларига йўл олаётган навбатдаги битирувчилар ҳам буюк аждодлар анъаналарига содиқ қолиб, бунёдкор халқимиз, озод ва обод Ватанимиз тинчлиги, фаровонлиги йўлида фидойилик билан хизмат қилишларига ишонамиз.

Округ қўшинлари қўмондонининг буйруғига кўра ўқув жараёнларида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ кичик командирлар навбатдаги ҳарбий унвон ва фахрий ёрлиқ билан тақдирландилар.

– Ватан ҳимоячилари куни арафасида ҳаётимда яна бир унутилмас кун муҳрланди, – дейди сержант Азимжон Бобораҳимов. – Ҳарбийликка бўлган қизиқишим ёшлигимда пайдо бўлган. Шу боис биринчилардан бўлиб муддатли ҳарбий хизматни ўташга отланганман. Хизматни намунали ўтаб, командирлар эътиборига тушдим ҳамда уларнинг тавсияси билан шартнома бўйича хизматимни давом эттиришга қарор қилдим. Мана йилдан-йилга маҳоратим ошиб, сержантлар тайёрлаш мактабида таҳсил олиб, профессионаллар сафидан жой эгалладим.

– Мазкур мактабда ўқишим хизмат фаолиятимда улкан бурилиш ясаши шубҳасиз, – дейди кичик сержант Бердиёр Қорабоев. – Чунки бу ерда барча мутахассисликлар бўйича янада пухта билим олдик, тажрибамиз ошди. Албатта, олган сабоқларимизни, эгаллаган билимларимизни Ватанимизни ишончли ҳимоя қилиш ва Қуролли Кучларимиз жанговар қудратини янада юксалтиришга сарфлаймиз.

Аҳрор ОЧИЛОВ

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.