топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Отам ишончини оқлаб...

14 yanvar — Vatan himoyachilari kuni
Жамият
Бугун дунёнинг турли минтақаларида вужудга келаётган мураккаб вазият ҳар биримизни юртимиздаги тинчлик-осойишталикнинг қадрига етишга, уни асраб-авайлаш, ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашга ундамоқда. Зеро, тинчлик туфайли мамлакатимизда барча соҳаларда улкан ютуқларга эришилмоқда, халқимизнинг турмуш фаровонлиги юксалиб бораётир. Буни яхши англаган мард ва жасур ўғлонларимиз мамлакатимиз хавфсизлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашни муқаддас бурч, деб билади.


Армияни том маънода армия қиладиган, ҳар қандай мураккаб вазият ва синовлардан ёруғ юз билан чиқишга асос бўладиган, унинг жанговар қудрати ва ҳарбий маҳоратини юксалтирадиган куч – бу армия сафларида хизмат қилаётган ҳарбийлардир. Бугун миллий армиямиз сафларида ана шундай мард ва жасур, ҳар томонлама чиниққан йигитлар хизмат қилмоқда. Фарғона шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида шартнома асосида ҳарбий хизматни ўтаётган капитан Рустам Отабеков шулардан бири.

У ҳарбийлар сулоласидан. Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида таваллуд топган. Отаси Зиёвуддин ака бутун умрини ҳарбий соҳага бағишлаб, бугунги кунда кексалик гаштини сурмоқда. Рустам ҳам болалигидан отасидек Ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қилиб, барча фанларни пухта ўзлаштирди.

– Отам билан ҳарбийлар ҳаёти ҳақида кўп суҳбатлашардик, – дейди Рустам. – У кишининг сўзларидан Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилишга билимли, юксак салоҳиятли ва ҳар томонлама чиниққан ёшларгина эриша олишини англадим. Қизиқиш, ҳавас, қатъий ишонч ўз устимда мунтазам ишлаш, синов жараёнларига пухта ҳозирлик кўришга ундади. Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига ўқишга кирдим, Ватан ҳимоячилари сафидан жой олдим. 


Капитан Рустам Отабеков хизмат қилаётган ҳарбий қисмда барча шароит яратилган. Шинам ва озода ошхона, алоҳида хоналардан иборат замонавий ётоқхона, кутубхона, спорт зали ва спорт майдончалари ҳарбийлар ихтиёрида. Ўқув-тактик машғулотларни ўтказиш хоналари компьютер ва бошқа кўргазмали қуроллар билан жиҳозланган.

Ҳарбий хизматчиларни маънавий қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, “Энг илғор батальон командири”, “Энг илғор взвод командири”, “Энг илғор гуруҳ командири”, “Энг илғор ошпаз” каби кўрик-танловлар ўтказилиб, ғолиблар рағбатлантирилмоқда. Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан «Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз фахру ғуруримиз!» шиори остида турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар бўлиб ўтмоқда.

Мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса, уларнинг яшаш шароитини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили Рустамнинг оиласига ҳам ҳарбий хизматчилар учун қурилган кўп қаватли уйдан 2 хонали уй берилди. Зиёвуддин ака ва Дилором опа фарзандининг шашти ва ғайратидан мамнун.

Хизмат фаолиятида илғорликка интилаётган Рустам ўқиб-изланиш, ўз вазифасини ғайрат ва шижоат билан бажариш, маҳоратини оширишдан тўхтамайди. Унинг саъй-ҳаракатларида қатъият ва дадиллик устувор. Чунки Қуролли Кучларимиз жанговар шайлиги ва қобилиятини юксалтириш йўлида фидойилик кўрсатаётган ҳарбийларга билдирилаётган юксак ишонч масъулияти навбатдаги зафарлар сари чорлайди. Ватан ҳимоячиси машқ қилишдан, малакасини оширишдан тўхтамайди. Сабр-тоқати, ирода ва матонати, профессионалликка эришишга бўлган кучли хоҳиши боис эзгу мақсадлари йўлидаги қийинчиликлардан чўчимайди. Касбига, бурчига садоқат, қилаётган ишига муҳаббат, халқи, оила аъзоларининг тинч ва осуда, фаровон ҳаёти учун улкан масъулиятнинг яққол намунаси эмасми бу?!

Юртимиз тинч, халқимиз фаровон ҳаёт кечирмоқда. Ана шу осойишта турмуш замирида мард ва жасур ҳарбийларнинг фидокорона хизмати мужассам. Зотан, юртимизни ҳар қандай бало-қазодан ҳимоя қилаётган Рустам сингари минглаб ёшларимиз халқимизнинг фахру ғуруридир. 
М.Сулаймонов, ЎзА

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.