топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ҳарбий ўғилга она мактуби

14 yanvar — Vatan himoyachilari kuni
Жамият

«Мактубларда дил туғёни»
Ҳар бир ота-она фарзандларининг камолини кўришни, ўзи етишолмаган орзулари рўёбига улар эришишини истайди. Ўғил-қизига қалб қўрини, юрак тафтини беради. Жигарбанди юрт ишига елка тутиб, халққа фойдаси тегадиган инсон бўлиб камолга етганида эса қалби ғурурдан, ифтихордан тўлиб-тошиб мана шундай кунларга етказганига шукрона келтиради. Таҳририятимизга республикамизнинг турли вилоятларида истиқомат қилаётган бахтиёр оналардан хат келди. Қувонч ва ҳис-ҳаяжонга йўғрилган бу дил номаларида рўёбга чиққан орзулар сурури бор, қувонч бор, шукроналик бор. Уларни сиз ҳам бир ўқиб кўринг-а. ВАТАНГА ХИЗМАТ – ОЛИЙ САОДАТ Тинчлик – тенгсиз неъмат. Кун сайин гўзаллашиб, янада тараққий этаётган диёримизда тинчлик ва фаровонлик шукуҳи бор. Бугун биз ана шундай тинч ва обод Ватанда умргузаронлик қилаяпмиз. Бу диёрда туғилиб камолга етган фарзандлар Она Ватан ҳимоясини муқаддас бурч деб биладилар. Кенжа ўғлим Аллаёр ҳам болалигидан ҳарбий касбга меҳр қўйди. Унинг келажак орзулари ҳарбий соҳа билан уйғун эди. «Катта бўлсанг ким бўлмоқчисан?» деб савол берганларга «Офицер бўламан!» дерди бошини баланд тутиб. Болаликдаги орзу ўзгарувчан бўлади, дейишади. Йўқ, Аллаёрда ундай бўлмади. Унинг орзуси вояга етган сари қатъий мақсадга айланди. Аввалига Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтади. Муддатли ҳарбий хизматдан қайтиши билан олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш учун астойдил тайёргарлик кўрди. Куну тун китоб варақлаганлари, жисмоний тайёргарликка зўр берганлари ниҳоят ўз мевасини берди. Аллаёр Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртига ўқишга кирди! Бу барчамиз учун қувончли воқеа эди. Ўша кунни кечагидек эслайман. Аллаёр ҳовлига югуриб кириб «Она мени табрикланг, ўқишга кирдим» деганида қувончим дунёларга сиғмаганди. Ҳовлимиз бирпасда тўйхонага айланиб кетганди. Кўрсатганига шукур, дейман. Бугун Аллаёр Чирчиқ олий танк кўмондонлик-муҳандислик билим юрти 1-босқич курсанти. Ўғлимдан умидимиз катта. У албатта, ишончимизни оқлайди. Ўғлим орзу-ниятларига эришиб, халқ хизматида бўлишдан асло толмасин, дейман. Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳарбий хизматчиларни яқинлашиб келаётган Ватан ҳимоячилари куни билан қутлайман. Уларга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик ва машаққатли хизматларида муваффақият ёр бўлишини тилайман. Шонли байрам муборак, азиз ҳарбийлар! Салом билан, Олтингул МАМБЕТНИЯЗОВА, Қорақалпоғистон Республикаси «ҲАСАН ВА ҲУСАН ҲАМ ҲАРБИЙ БЎЛМОҚЧИ» Тўнғич фарзандим Бегзоджон Ҳусанов айни вақтда Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида муддатли ҳарбий хизматни ўтаяпти. Бегзоджондан тез-тез хат олиб турамиз. Бир гал хатга қўшиб ҳарбий либосда тушган суратини ҳам юборибди. Сурат бирпасда қўлма-қўл бўлиб кетди. Кенжа фарзандларим Ҳасан ва Ҳусаннинг хурсандчилигини кўрсангиз эди. Улар акасининг суратига ўзгача ҳавас ва меҳр билан тикилиб: «Онажон, биз ҳам келажакда худди Бегзод акамдек ҳарбий бўламиз. Ватанимизни қўриқлаймиз», деганда кўзларимдан қувонч ёшлари қуйилди. Бу сўзларни эшитиш қанчалар ёқимли. Қаранг, тўнғичим укаларига ибрат бўлаяпти. Бизнинг ишончимизни оқлаяпти. Нафақат укалари, балки қўни-қўшниларнинг болалари, жиянлари ҳам унга ҳавас қилаяпти бугун. Унинг номини айрича меҳр билан тилга олаётган болаларга қараб юрагимни фахр ва ифтихор ҳисси чулғайди. Бегзоджон бир гал хатида муддатли ҳарбий хизматни тамомлаб, олий ҳарбий таълим муассасасига ҳужжат топширишмоқчи эканлигини ёзибди. Бу хабардан бошимиз кўкка етди. Ахир йигит киши учун юрт қўриш, тинчликка камарбаста бўлишдан ортиқ шарафли иш борми?! Ўғлимнинг келажаги ҳарбий хизмат билан уйғунлигидан беҳад шодман. У билан фахрланаман. Илоҳим, орзулари амалга ошсин. Ватанига садоқатли фарзанд бўлсин. Дунёдаги барча оналарга фарзандининг бахти-камолини кўриш насиб қилсин. Мунира ЮЛДАШЕВА, Сирдарё вилояти «МЕН БАХТЛИ ОНАМАН» Мен бахтли онаман. Бу сўзни баралла айтишдан ҳузурланаман. Чунки бугун менинг ҳам ўғлим юртнинг асл фарзандлари қаторида Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўтамоқда. У Ватан ҳимоячиси! Аслида юрт тинчлиги ва осойишталигини қўриқлаш ҳар бир йигит учун муқаддас вазифалардан бири. Мана шу муқаддас вазифани бурч деб билган ўғлон, Ватаннинг асл фарзанди бўлади. Бундай фарзанд ота-онанинг ундан кутаётган орзу-умидларини ҳам рўёбга чиқаради. Ҳа, фарзанд иқболи она қалбини ғурурга тўлдирар экан. Мен фарзандим туфайли «Аскар онаси» деган шарафга эришдим. Бундан кўксим тоғ, ғурурим осмон. Бундай эътироф нақадар ёқимли эканлигини фарзандлари миллий армия сафларида хизмат қилаётган оналар яхши билишади. Оталарини, оналарини ана шундай меҳр-муҳаббатга, эътиборга сазовор қилаётган ҳарбий хизматчилар – баҳодир ўғлонлар соғ-омон бўлсин. Биз оналар дуога қўл очиб, уларга фақат яхшиликлар соғинишдан чарчамаймиз.
Иқбол ИСМОИЛОВА, Хоразм вилояти

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.