топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ҳарбийлар оилаларига янги уйлар

14 yanvar — Vatan himoyachilari kuni
Жамият
Наманган вилоятида жойлашган ҳарбий шаҳарчалардан бирида бунёд этилган кўп қаватли турар-жой хонадонларининг калити Шарқий ҳарбий округ қўшинларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар оилаларига топширилди. 


Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, вилоят ҳокимлиги, шунингдек, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги чора-тадбирларда ҳам ўз ифодасини топаётгани таъкидланди. 

– Бундай юксак эътибор самараси ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлашда истиқболли дастурлар амалга оширилаётганида ҳам яққол намоён бўлаётир, – дейди Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Рустам Халилов. – Ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлашнинг 2007-2015 йилларга мўлжалланган тегишли дастури бўйича ўтган даврда уч мингдан ортиқ хонадонлар қурилиб, кўплаб сержант ва офицерлар уй билан таъминланди, шунингдек, ипотека кредити воситасида намунавий лойиҳалар асосида қишлоқларда қурилаётган уй-жойларга эга бўлди. 

Фойдаланишга топширилган 32 хонадондан иборат тўрт қаватли турар-жой биноси ҳарбий қисм хизматчилари учун барпо этилган учинчи бино бўлиб, уларнинг атрофида яратилган инфратузилма объектлари ўзаро уйғунлашиб, замонавий шаҳарча қиёфасини касб этди. 

Уй фаровон ҳаёт кечириш учун зарур барча шароитлар, инфратузилма тармоқлари билан таъминланган, маиший рўзғор буюмлари билан жиҳозланган. Ҳовлидаги болалар ўйин ва спорт майдончалари ўсиб келаётган ёш авлоднинг соғлом вояга етишига хизмат қилади. 

– Ватанимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини ишончли ҳимоя қилишдек шарафли ва масъулиятли касбни танлаганимдан фахрланаман, – дейди шартнома асосидаги ҳарбий хизматчи, оддий аскар Дилшод Қўчқоров. – Биз, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига яратилаётган бундай шароит ва имкониятлар учун Президентимиздан миннатдормиз. Юрт посбонларига кўрсатилаётган бундай катта эътибор бизни янада сидқидилдан хизмат қилишга ундайди. 

Тадбирда ёш ҳарбий хизматчилар оилаларидан бир гуруҳига вилоят ҳокимлигининг совғалари топширилди. 
А.Сатторов, ЎзА 

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.