топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Абадиятга муҳрланган эҳтиром

Тинчлик энг олий неъмат
Жамият


Инсон қадри улуғланган, хотираси уйғоқ юртда яшаймиз. Бугунимиз кечаги кундан ёруғ, эртамиз янада файзли, баракотли бўлишига ишончимиз комил. Навқирон авлод эъзозда, эътиборда, ёши улуғлар эҳтиромда.
Халқимиз озод, юртимиз обод. Шундай азиз Ватанда яшамоқлик, унинг буюк келажаги йўлида меҳнат қилмоқлик беқиёс бахт.
“Тарихий хотирасиз келажак йўқ!” Президентимизнинг бу сўзлари бугунги ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида яққол намоён бўлмоқда. Зеро, тарихий адолатни тикламай туриб, буюк келажакни қуриб бўлмайди. Яқин ўтмишимизда истиқлолни орзу қилган, юртимизнинг тонглари оппоқ бўлсин, заҳматкаш халқимизнинг косаси оқарсин, деб яшаган, аммо шу эзгу ниятлари учун ноҳақ жабр кўрганлар ёди ҳамиша қалбимизда. Шу маънода, истиқлол йилларида мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида қад ростлаган ҳар бир бино ўзига хос аҳамиятга, юксак мақомга эга. Пойтахтимизда барпо этилган “Шаҳидлар хотираси” хиёбони ана шундай табаррук ва муаззам масканларимиздан биридир.
Мазкур мажмуа очилганига ўн олти йил бўлди. Бу — жуда қисқа фурсат. Бироқ ўтган йиллар давомида ушбу манзилда асрларга татигулик савоб амаллар бажарилди, эзгу ниятлар айтилди, самимиятга тўла изҳорлар билдирилди, билдирилмоқда. Зеро, мазмун-моҳиятига кўра, дунёнинг ҳеч бир мамлакатида шундай зиёратгоҳ учрамайди. Давлатимиз раҳбари уқтирганидек, “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи эл-юрт озодлиги ва эркинлиги йўлида ўз жонини фидо этган сиймолар билан бирга, мустабид тузум даврида қабоҳат туфайли умри хазон бўлган, ноҳақ зулмга учраган оддий инсонлар, қисқача айтганда, қатағон қурбони бўлган барча ватандошларимиз хотирасини ўзида мужассам этади.
2002 йилдан бошлаб Президентимизнинг “Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида”ги Фармонига кўра, халқимиз ҳар йили мустақиллик байрами арафасида эрк учун шаҳид бўлган аждодларимиз хотирасига ўз хурматини изҳор этиб келмоқдалар. Мустабид тузум давридаги оммавий қатағонлар туфайли қурбон бўлган, инсонлик шаъни, қадр-қиммати топталган ватандошларимизнинг ҳурмати ва хотирасини эъзозлаш, ёш авлоднинг она-Ватанга муҳаббат, садоқат туйғуларини кучайтириш борасида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейининг муҳим аҳамиятга эга эканини назарда тутиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2008 йил 5 майдаги қарорига биноан, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи фаолияти янада такомиллаштирилди.
Бу ерда ҳар йили 31 август куни қатағон қурбонлари ёд этилади. Ушбу тадбир ҳақида Президентимиз шундай деган эдилар: “Бу маросимда моҳият-эътибори билан истибдод зулмини ўз бошидан кечирган халқимиз тақдири, унинг тортган азоб-уқубатлари, кулфат ва ситамлари, бегуноҳ одамларнинг мустабид сиёсат тегирмонида, тарих ғилдираги остида ноҳақ эзилиб-янчилиб кетгани ўз ифодасини топиши даркор. Акс ҳолда, қатағон гирдобига тортилган минглаб оддий деҳқонлар, косиб ва ҳунармандлар, боғбон ва ишчилар, ўқитувчию қурувчиларнинг фожиали қисматини ким эслайди, ким уларни ёдга олади?! Қатағон, жабр-зулм ҳақида гап кетганида, оёғида чориқ, эгнида яктак, бошидаги дўпписини қийиқча билан боғлаб, кетмонни елкасига ташлаб олган, умрида меҳнатдан бошқа нарсани билмаган, оддий ва беозор, заҳматкаш ўзбекнинг сиймоси беихтиёр менинг кўз олдимга келади. Биз қатағон қурбонлари ҳақида гапирганда, уларни ёдга олганда, фақат “Шаҳидлар хотираси” мажмуи қад кўтарган Бўзсув соҳилларини эмас, балки Фарғона водийсини, Самарқанд ва Бухорони, Қашқадарё ва Сурхон заминини, Хоразм ва Қорақалпоғистонни, мухтасар қилиб айтганда, бутун Ўзбекистонни аниқ-равшан ўзимизга тасаввур қилишимиз, ҳар бир шаҳар ва қишлоқдан қанчадан-қанча одамлар, аждодларимиз қатағон этилганини унутмаган ҳолда уларни хотирлашимиз даркор”.
Мустабид сиёсат оқибатида уй-жойидан, оиласидан, ота-онасидан, фарзандларидан айрилган, боши кулфатдан чиқмай, ном-нишонсиз кетган қанчадан-қанча қурбонлар хотирасига Истиқлол йилларида Президентимиз ташаббуси билан юксак эҳтиром кўрсатилмоқда. Ушбу мажмуада амалга оширилаётган ишлар, зиёратчиларнинг эзгу тилаклари туфайли ҳамиша ҳам номи тилга олинавермайдиган, бу ёруғ оламдан бир дунё армон билан ўтиб кетган ана шу оддий одамлар хотираси олдидаги қарздорлик узилмоқда, десак, янглишмаймиз.
Яшириб нима қилдик, илгари хорижга бориб келганлар чет элдаги музейлар, хиёбонлар, гўзал фаввораларни кўриб, ҳавас қилганлигини айтишарди. Мустақиллик шарофати билан бизда ҳам улардан-да аъло ва улуғвор кошоналар барпо этилмоқда. Буни нафақат юртдошларимиз, балки чет эллик меҳмонлар ҳам тан олишмоқда. Гап шундаки, “Шаҳидлар хотираси” хиёбони ва унинг қошидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ўзининг мазмун моҳияти билан жаҳондаги манаман деган маънавий масканлардан устун бўлса устунки, асло кам эмас.
Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари асосида барпо этилган “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлиги, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи бугунги кунда ранг-баранг экспозициялари, нодир архив ҳужжатлари, мухтасар айтганда, замонавий, таъсирчан воситалари билан ажралиб туради. Улар билан танишганда, беихтиёр дилимизда бугунги тинч, осуда, фаровон ҳаёт учун шукрона зикри уйғонса, тилимизда юртимизни ёмон кўзлардан асрасин, деган калима айланади.
Хиёбон марказида бунёд этилган музейга баланд нақшинкор эшик орқали кирилади. Музей экспонатлари билан танишар экансиз, тарихий хотира ҳар бир инсон учун нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини яна бир бор ҳис этасиз.
… Одамзод дунёга бир марта келади, бир марта яшайди. Ана шу ғанимат умр мобайнида у эъзозланишга, яхши яшашга, эл-юртга нафи тегиб, умргузаронлик қилишга ҳақли. Истиқлол туфайли ана шундай саодатдан баҳрамандмиз. Шукрки, инсон қадри улуғ, унинг манфаатлари устувор, хотираси сарбаланд, деган эзгу ва буюк тамойил ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Чунончи, Ватан ва халқ бахт-саодати йўлида шаҳид кетган аждодлар хотираси ҳам абадий барҳаётдир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, эл-юртимиз тақдирига дахлдор бўлган тарихий адолатни тиклаш, халқимиз ва миллатимизнинг яқин ўтмишидаги ёпиқ саҳифаларини тўла очиб бериш, шу тарихдан сабоқ чиқариб, бугунги ва келажак ҳаётимизга онгли қарашни шакллантириш, бегуноҳ қурбон бўлган инсонлар хотирасини абадийлаштириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз эди...
Мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 23 йиллиги арафасида ушбу мажмуа зиёратчилар билан янада гавжумлашган. Қайта таъмирлаш ишларидан сўнг ўзига хос жозиба ва салобат касб этган мажмуада бўлиб, айрим юртдошларимизнинг фикрларига қулоқ тутдик:
— Илгари кўнглимиздан кечган фикрларни эркин айтишга ҳадиксирар эдик, — дейди Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Зиёдулла Санаев. — Бир ўйлаб кўрайлик, бундан атиги йигирма беш йил олдин халқпарвар юртдошларимиз, уларнинг хотирасини бу қадар эъзозлаш мумкинлигини, ҳатто, тасаввур ҳам қилолмасдик. Озодлик насими, муҳтарам Президентимизнинг юрт шаън-шавкати учун курашган боболаримизнинг хотирасига юксак эҳтироми туфайли Ватан мустақиллиги йўлида бел боғлаганларнинг умиди сўнмаслиги исботланди.
— Халқимизда “Сийланган жойида азиздир инсон” деган нақл бор, — дейди зиёратчилардан бири Матлуба Солиева. — Бугун юртимизда инсон қадри азиз ва мўътабардир. Бундай ёдгорликлар аждодларимиз руҳини шод этади. Ҳар йили шу ерга зиёратга келаман. Бу табаррук жойларни обод қилганларга минг раҳмат. Музейдаги турли суратлару тарихий ҳужжатлар орқали кўпгина янги маълумотларга эга бўлаяпмиз.
Мақсуд ЖОНИХОНОВ

0 изоҳ

Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.