топик, блог, фотосет ёки йўналтиргич яратиш

Ўзбек дўпписи

Блог им. allauyi
Дўппининг халқимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятини дўппи билан боғлиқ  эртак, афсона, ривоят, нақл, мақол, матал, иборалар мавжудлигидан ҳам билсак бўлади.
Халқимиз орасида энг кўп тарқалган ибораларга мурожаат қилайлик:
·        Бош омон бўлса, дўппи топилади.
·        Дўппининг тагида одам бор.
·        Дўпписи шу ерда, ўзи қаерда бўларди.
·        Дўппини осмонга ирғитади.
·        Дўпписи тор келиб қолди.
·        Дўппини олиб қўйиб ўйлаш керак.
·        Бўйлаб қараса, кишининг дўпписи бошидан тушади.
·        Дўпписи тушиб кетса, пул бериб олдиради.
·        Бирининг дўпписини бошқасига кийдириб юборади.
Қадимда дўппини оёқ остига қўйиш, уни босиш, устидан ҳатлаб ўтиш дўппи эгасига беҳурматлик, беодоблик саналган. Ҳатто, одамлар дўпписини оёқости қилиш, эзғилаш, йиртиб парчалаш билан унинг эгасига зиён заҳмат етказиш мумкин, деб ишонганлар. Дўппи инсоннинг бошини ҳимояловчи, асровчи бош кийими бўлиши билан бирга, унга дўппи кийган инсоннинг куч-қуввати, иродаси, хислатлари ўтади деб ҳам ҳисоблашган. Кўпни кўрган, соғлом, бақувват кексаларнинг тахланган дўпписи билан кинналаб йўйиш, силаш, «эми-деми шу эмиш» дея уриб қўйиш беморга қувват беришига умид қилганлар.
Ҳозирги кунда ҳам янги чақалок дунёга келиши билан оналар, бувилар унга жажжигина дўппи қидира бошлайдилар. Дўппичага укки парларини, кўзмўнчоқларни қадаб, тузатилган бешиги бошидаги дастага қўндириб, кейин кўнгиллари ўрнига тушади.
Чақалоққа айтилган аллаларда ҳам, халқнинг энг оммалашган қўшиқларида ҳам дўппи, албатта, тилга олинади.
Масалан:
Ўсмалар сиқай қошингга, алла,
Дўппилар тикай бошингга, алла.
Аллалар айтиб ухлатай ойимчани, алла,
Бешикка солиб тебратай бегимчани, алла.
— — -
Тоғда кийикнинг боласи, алла,
Боғда узумнинг ғўраси,  алла.
Дўпписида укки пари, алла,
Бу кимнинг невараси, алла?
— — -
Бабалаки бўпписи бор, алла,
Бошчасида дўпписи бор, алла.
Кайвони бувиси бор, алла,
Саркори буваси бор, алла.
— — -
Бозор бороди қизгина,
Дўппиолоди қизгина.
Сочларини майда ўриб,
Дўппикиёди қизгина.
 
Дўппи бозорларининг, дўппидўзлик дўконларининг, маконларининг, дўппи тикувчи, дўппи тайёрловчи чеварларнинг,  оилаларнинг борлиги бу азалий маданий қадриятимизнинг абадиятига ишордир. Дўппидўзлар танловларининг, дўппи кўргазмаларининг ўтказилаётганлиги эса бу санъат даражасига айланган ҳунарнинг келгусидаги ривожидан далолат беради.       

5 изоҳ

avatar
Ҳозирда сифатли тикилган дўппиларни топиш қийин. Дўппилар шундоққина елимли қоғозга ёпиштирилиб қўйилган, қавиқлари кам. Сифатли тикилган дўппини қаердан сотиб олса бўлади? Бозордан-Чорсудан сотиб олган дўппилардан кўнглим тўлмади.
avatar
«Бирон бир ишнинг сифатли бажарилишини хоҳласанг уни ўзинг бажар». Ван Бастен айтганмиди ё Брюс Лими ҳозир аниқ эсимда йўқ :)
avatar
Do'ppining-ku kashtasini tikish oson, bolaligimizda o'tirib olib tikardik, uning qavig'ini keltirish, qolipga solish qiyin masala. Lekin qiyiqcha va dastrumo'lcha tikishdan osoni yo'q. :)
Рўйхатдан ўтганлар ва тасдиқланганларгина изоҳ қолдиришлари мумкин.